Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:49

Халқаро комиссия Ўш мэри фаолиятига ҳам баҳо берди


Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов.
Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов.

Халқаро комиссияга тегишли экани айтилаётган ҳисоботда Ўш мэри Мелис Мирзақматовнинг июн қирғинидаги роли ҳақида ҳам ёзилган.

2010 йилнинг июнида Қирғизистоннинг жанубида амалга оширилган зўравонликлар сабабларини ўрганиш учун тузилган Мустақил Халқаро тадқиқот комиссиясининг ҳали расман эълон қилинмаган ҳисоботидан баъзи парчларни Қирғизистондаги 24.kg ахборот агентлиги 25 апрел куни эълон қилгани тўғрисида ўз вақтида хабар берган эдик.

Қирғизистон ҳукумати ҳамда баъзи амалдорларининг фожеа кунларидаги фаолиятига Комиссия берган баҳоларнинг агентлик келтирган қисқа мазмунини ҳам эътиборингизга ҳавола қилганмиз.

26 апрел куни Халқаро комиссия ҳисоботидан яна бир неча парча эълон қилинди.

Мелис Мирзақматовни миллатчлик руҳидаги чиқишлари айрим ўшликларга ёқади.
Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақматовнинг июн қирғинидаги роли тўғрисидаги махсус боб ўша парчалардан бирида келтирилган.

Демак, 24. кg агентлигига кўра, Халқаро комиссия ўз ҳисоботида Мирзақматов тўғрисида мана буларни ёзган (русчадан деярли сўзма-сўз таржима):

“2009 йилнинг январидан буён шаҳар мэри бўлиб келаётган Мелис Мирзақматов 2010 йил июн воқелари кунларида ва ундан кейин ҳал қилувчи ролни ўйнади. Мирзақматов воқеалар пайтида ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича қонунда белгиланган хизмат вазифаларидан Фавқулодда ҳолат тўғрисидаги фармонга биноан ва шаҳарда муваққат ҳокимият ўрнатилгани сабабли озод қилинган. Шунга қарамай, ҳал қилувчи пайтда фаол рол ўйнади, жумладан, 10 июндан 11га ўтар кечаси ётоқхоналардан талабалар эвакуациясини ташкил қилди, 11 июн куни эрталаб Муваққат ҳукумат делегацияси ва губернатор ўтказган брифингни бошқарди.

Кўпчилик Мирзақматовнинг таъсири унинг расмий ваколатлари доирасидан ташқарига чиқади, деб ҳисоблайди. 2010 йилнинг августида президентнинг уни ишдан олиш мақсадида қилган ҳаракатларига қарши тура олгани унинг таъсирини кучайтирди.

Мирзақматовнинг миллатчилик чиқишларини Муваққат ҳукумат аъзоси Азимбек Бекназаров ҳам қўллаган.
Унинг миллатлараро муносабатлардаги роли тўғрисида билдирилган фикрлар бир-биридан кескин фарқ қилади. Ўзи ва тарафдорлари уни тинчлик ўрнатувчи, деб ҳисоблайди, танқидчилари эса, уни низо уруғини сочувчи, муаммоларнинг миллатчиликдан келиб чиқувчи ечимини таклиф қилувчи, деб ҳисоблайди.

Мирзақматов Халқаро комиссияга кучайиб бораётган миллатлараро зиддиятлар тўғрисида огоҳлантиргани, бу масалани президент билан ёзишмаларида кўтарганини айтиб берди. Айтишича, у томонларга ўзаро ҳаракатларни фаоллаштиришни таклиф қилган ва 2010 йилнинг май ойида ўзбек ва қирғиз жамоаларини тинчликни сақлашга чақирган. Айтишича, “Олой” меҳмонхонаси районидаги воқеалар бошланиб кетганидан кейинги дастлабки соатларда кўпчилик орасида ҳаммани тинчликка чақирган.

Ўзини сиёсатчи қилиб кўрсатган миллатчилик руҳидаги Мирзақматов оммавий чиқишларида “менинг халқим”га муҳаббати ва унинг фаровонлиги учун курашда ҳамма нарсани қилишга тайёрлиги тўғрисида баёнотлар қилган. Июн воқеаларидан кейинги интервьюсида у “ўзбеклар Қирғиз республикасининг суверенитетига тажовуз қилди ва биз уларга қарши зарба бердик”, деган. Халқаро комиссия билан учрашув чоғида мэр ўзбек жамоатчилиги орасида мавжуд бўлган исломий фундаментализм ҳаракатлантираётган ўзбек сепаратизми хавфи тўғрисида гапирди. Бундай режалар мавжудлигини исботловчи биронта далил кўрсата олмади, лекин бундай таҳдидни реал, деб ҳисоблашини писанда қилди.

Ўш қирғинини ўрганган Халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюнен.
Халқаро комиссиянинг Ўшдаги жиноятчилик, наркотрафик ва коррупция билан боғлиқ муаммолар тўғрисидаги саволига Мирзақматов бундай муаммоларни Ўшдан эмас, Бишкекдан излаш керак, деди. Мернинг июн воқеалари кунлари қишлоқларда яшайдиган қирғизларни мобилизация қилиш ва уларга қурол тарқатишдаги роли тўғрисидаги маълумотлар Халқаро комиссия диққатини ўзига тортди, лекин комиссия ихтиёрида бу гапларни исботловчи далиллар йўқ.

Ҳозирча Халқаро комиссия мэрнинг қирғиз бандитлари ҳаракатларига бевосита қатнашганини таъкидлаш учун етарли далилларга эга эмас, бироқ шу нарса аниқки, унинг миллатчилик руҳидаги чиқишлари миллатлараро тарангликнинг юмшашига хизмат қилмади”,

дейилган Ўш шаҳри мери Мирзақматов тўғрисида Мустақил Халқаро тадқиқот комиссиясининг ҳисоботида.

Эслатиб ўтамиз, Мирзақматов тўғрисида юқорида келтирилган хулоса Халқаро комиссия ҳисоботининг 24.kg агентлиги эълон қилган парчасидан олинди.

Комиссия ўз ҳисоботини ҳали расман эълон қилгани йўқ.

Қирғизистон президенти матбуот котиби Султон Қаназаров комиссия хулосаси расман эълон қилинмаганини айтди.
Таркибига турли мамлакатлардан 7 олим кирган халқаро комиссия июн воқеалари сабабларини ўрганишни октябрда бошлаган ва январ охирида тадқиқот учун зарур материалларни йиғиб бўлгани тўғрисида эълон қилган эди.

ЕХҲТ парламент ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича вакили, финляндиялик дипломат Киммо Килюнен етакчилигидаги комиссия БМТ, ЕИ ва ЕХҲТ билан маслаҳатлашувлар ўтказиш жараёнида тузилган. Лекин тилга олинган уч ташкилотдан биронтаси ҳам мазкур комиссияга ўз мандатини берган эмас.

Комиссия фаолиятини Скандинавия давлатлари, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа айрим давлатлар молиялаштирган.

Мустақил халқаро комиссиянинг Қирғизистон президентига тақдим этилган ҳисоботи мартда эълон қилиниши кутилган эди. Кейинги кунларда, ҳисоботнинг расман эълон қилинмаётгани уни рус тилига таржима қилиш зарурати билан изоҳланаётган эди.

Қирғизистон президенти матбуот котиби Султан Қаназаровнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига 25 апрел куни билдиришича, Комиссия ҳисоботи у билан ҳукумат танишиб чиқиб, ўз жавобини ёзиб бўлганидан кейин эълон қилинади.
XS
SM
MD
LG