Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:15

“13 май Иттифоқи” кураш йўлларини изламоқда


“13 май Иттифоқи” га 2005 йилнинг 13 май куни Андижондаги қонли воқеалардан қочиб¸ хориждан бошпана топган гуруҳ вакиллари асос солди.
“13 май Иттифоқи” га 2005 йилнинг 13 май куни Андижондаги қонли воқеалардан қочиб¸ хориждан бошпана топган гуруҳ вакиллари асос солди.

Хориждаги ўзбек мухолифатчиларининг шундай номланган янги иттифоқи¸ Ўзбекистонда халқ манфаатини ўйлайдиган ҳукуматга эришишни мақсад қилган ўз кураш услубининг яқин орада жамоатчиликка эълон этилишини билдирди.

Ўзбекистон “Эрк” Демократик партияси ҳамда “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти раҳбарлари Швециянинг Ҳеллифорш шаҳрида учрашиб, “13 май Иттифоқи” тузишга келишиб олдилар.

Бир ой аввал бир гуруҳ андижонлик қочқинлар Андижон воқеаларининг тўрт йиллиги муносабати билан Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида йиғилиб, “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилотига асос солишган ва Андижон воқеалари юзасидан адолатни қарор топтиришни ўз асосий мақсадлари этиб танлашган эди.

“Эрк” демократик партиясининг Европа бўйича мувофиқлаштирувчиси Йўлдош Очил бугунга келиб хорижда яна бир мухолифат иттифоқи тузишни тақозо қилган омилларга тўхталади:

Йўлдош Очил: Эзгу ниятлар бирлашаяпти. Зулмга қарши курашиш учун¸ Ўзбекистонда 27 миллион аҳоли бўладиган бўлса¸ уларнинг эртанги куни учун¸ диктатурадан¸ зулмдан қутулиш учун бирлашаяпмиз.

Бирлашиш чекланмаган. Диний жамоаларни¸ қайси жамоалар бўлсин сафимизга чорлаймиз. Йиғилишда Ислом динининг анча илмли вакиллари кузатувчи бўлиб иштирок этди.

Озодлик: Диндорлар деганда Ўзбекистондаги таъқиб ва тазйиқлардан қочиб¸ Ўзбекистондан чиқиб кетган диндорларни назарда тутаяпсизми?

Йўлдош Очил: Ҳа¸ шундай.

Озодлик: Режалар¸ дастурлар¸ лойиҳалар қандай?

Йўлдош Очил: Ҳозир режа ҳақида бир нарса дейишим қийин. Чунки биз ҳали энди бирлашиб¸ биргаликда ишни энди бошладик. Лекин қилаëтган ишларимиз анча кўп.

Озодлик: Бирлашган мухолифат Ўзбекистондаги ижтимоий¸ иқтисодий ва сиëсий ҳаëтни яхшилаш учун қандай қилиб курашмоқчи?

Йўлдош Очил: Курашиш доим бўлиб келган. “Эрк” партиясини ҳукумат шунчалик таъқиб қилди. Лекин шунга қарамасдан “Эрк” партияси ҳали мавжуд. Бу курашда ҳамма иштирок этиши мумкин. Кўнглида бизга хайрихоҳ бўлиб турганларни ҳам биз билан бирга курашаëтганлар деса бўлади.

Озодлик: Мана бир неча йиллардан бери кузатувчилар¸ сиëсатшунослар¸ таҳлилчилар “Ўзбекистон мухлифати бирлаша олмайди. Айниқса “Эрк” ва “Бирлик” ўртасида зиддият бор” деб айтиб келишади. Бу бирлашишга “Бирлик” халқ ҳаракати партиясини ҳам таклиф қилдингизларми? Улар агар рози бўлишса¸ биргаликда ҳаракат қилиш имкониятлари борми?

Йўлдош Очил: Бу йиғилишга биз ҳеч кимни таклиф этганимиз йўқ. Бу йиғилишнинг ташкилотчилари умуман бошқа кишилар бўлди. Бу йиғилишга бизни ҳам таклиф этишди.

Озодлик: Ўзингизнинг фикрингиз қандай?

Йўлдош Очил: Бошқа ташкилотлар ҳам имон-инсофга келса¸ келаверсин.

Озодлик: Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда эркчилар мавжуд. Бирлашган мухолифат тузилганидан кейин уларга нисбатан тазйиқлар кучайишидан хавотирда эмасмисизлар?

- Таъқиблар бўлиб келган ва ҳозирги кунда ҳам бўлаяпти. Бир курашаяпмиз ва курашамиз. Таъқибларнинг бундан баттари бўлмайди. Таъқиблар чўққисига келди¸ дейди Эрк” демократик партиясининг Европа бўйича мувофиқлаштирувчиси Йўлдош Очил.

“Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти бошқаруви раисининг ўринбосари Жаҳонгир Усмонов ўз гуруҳининг “Эрк” партияси билан иттифоққа бирлашишга ундаган жиҳатларга тўхталади.

- 2005 йилдан бери мана анча вақт ўтди. Биз икки йил ичида “Эрк” партияси билан кўп масалаларда узоқ ва давомли музокаралар олиб бордик. Бу масалалардан битта-иккитасини санаб ўтишим мумкин.

Биттаси Ўзбекистонда халқни бошқарадиган ҳақиқатпарвар ҳукумат келишига эришиш ва яна бир Андижон қирғини такрорланишига йўл қўймаслик. Яна келажакда авторитар режимга йўл қўймайдиган ҳаракат услублари ҳақида келишдик.

Келажакда аҳолининг ҳар бир қатламига яхшилик олиб келувчи режалар устида биз “Эрк” партияси билан ҳамфикр бўлдик. Бизнинг бошқа мухолифат вакиллари билан ҳам келажакда бунақа келишувларни олиб бориш ниятимиз бор. Бу бошланиши эди.

Энди ҳозир бунинг дастурини тайëрлаяпмиз. Оммавий ахборот воситалари орқали биз ўз кураш услубимизни эълон қиламиз. Лойиҳалар анча даврдан бери тузиб келинаяпти. Охирлари шу кунлар ичида тайëр бўлади. Кейин биз уни кенг оммага намойиш қиламиз¸ дейди Жаҳонгир Усмонов.
XS
SM
MD
LG