Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:42

Бўзчи белбоққа¸ пахтакор пахтага ëлчимас


Пахта етиштириш бўйича дунëда 2-ўринда турадиган Ўзбекистон бозорларини Хитойнинг арзон сунъий матолари тўлдириб турибди.
Пахта етиштириш бўйича дунëда 2-ўринда турадиган Ўзбекистон бозорларини Хитойнинг арзон сунъий матолари тўлдириб турибди.

Авваллари собиқ СССРнинг пахта бўйича хом-ашë базаси бўлиб келган Ўзбекистон бугун хориж ширкатларининг айни базасига айланди. Ўзбекистонда сифатли тўқимачилик саноати яратилишига нисбатан умидлар сўниб бормоқда.

ЎзА ахборот агентлиги хабарига кўра, Сурхондарё вилоятидаги “Сурхонтекс” қўшма корхонаси бу йил 2 миллион 173 минг долларлик пахта хом ашёсини Россия, Италия, Туркия, Молдова ва Украина каби хориж давлатларидаги тўқимачилик комбинатларига экспорт қилади. Бу ҳали битта қўшма корхонанинг маҳсулоти. Бироқ Ўзбекистонда ўнлаб бундай қўшма корхоналар бор.

Ўзбек пахтаси хом ашё сифатида хорижга экспорт қилинаётган бир пайтда, хориждан кириб келаётган пахтали кийим-кечаклар импорти сусайгани йўқ. Ҳаттто ёш боланинг энсасини қотирадиган шундай савол пайдо бўлади: Нега энди шу молларни ўзимизда ишлаб чиқариш мумкин эмас? Бу савол жавобига сал кейинроқ келамиз. Ҳозир эса кийим-кечак савдоси билан шуғулланадиган фарғоналик тадбиркор Аъзамхон ака билан шу мавзуда суҳбатлашамиз:

Аъзамхон ака: Энди чит материалларини ҳозир сотмай қўйганмиз. Асосан уст-бош сотаяпмиз.

Озодлик: Қаернинг уст-бошларини сотаяпсизлар?

Аъзамхон ака: Уст-бошлар ҳозир Тошкентда¸ Наманганда¸ Андижонда ишлаб чиқарилаяпти.

Озодлик: Масалан нималар?

Аъзамхон ака: Костюм-шимга ўхшаган нарсалар.

Озодлик: Бозорнинг¸ айтайлик сизнинг дўконингизнинг сиз сотадиган асосий молларини Ўзбекистон моллари ташкил этадими ëки хориж молларими?

Аъзамхон ака: Гоҳида хорижники кўпроқ бўлиб қолади¸ гоҳида Ўзбекистонники кўпроқ бўлиб қолади. Иккаласидан ҳам бор. Келиб қолади яхши моллар. Кейин ўшанинг айни ўзи чиқиб қолади Хитойники¸ чиқиб қолади Андижонники. Лекин фарқини зўрға ажратиб оламиз.

Озодлик: Сифат даражаси қандай?

Аъзамхон ака: Ўхшайдию¸ узоққа чидамайди улар. Тикилиши¸ ҳамма ëғи бир хилу¸ кийганда биласиз¸ узоққа етмайди.

Озодлик: Сиз Хитойникини назарда тутаяпсиз.

Аъзамхон ака: Хитой ва Андижонникини.

Озодлик: Бозорда энг харидоргир моллар қаерники? Қаерники қимматроқ¸ яхшироқ¸ сифатлироқ?

- Туркияники¸ дейди Аъзамхон ака.

Унинг айтишича, ўзбекистонликлар ҳозир иқтисод нуқтаи-назаридан арзон кийимларни харид қилишади. Арзони эса маҳаллий чеварлар тиккан кийим-кечаклар ва Хитой моли. Чунки, ўзбек пахтасидан бўлган сифатли ва арзон маҳсулот жуда кам, дейди Аъзамхон.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, хориж инвестициялари мамлакатга оқиб кира бошлади. Лекин кўп ўтмай бирин-кетин бу қўшма корхоналар ёпилиб кетаверди. Мутахассислар бунга сабаб қилиб, ўша пайтда Ўзбекистонда валюта конвертация қилинмаганлигини, сармоядорлар фойда ололмагандан сўнг, кетиб қолишганини кўрсатишади.

Иккинчи сабаб эса, дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган, қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ йиллар раҳбарлик лавозимида ишлаган бу одам:

- Энди бунинг сабаби¸ биринчидан давлатда қонунлар бор. Қўшма корхона тузиб¸ инвестиция қилишга имконият бор. Лекин ўзимиздаги ички структуралар панжасини шундоқ чўзиб ўтирибдида. Хоҳлаганини қилишадида. Бош сабаби шу. Партнëр бўлиб келган одамларнинг буни кўзлари кўрадию¸ бунақа жиноятчиликдан ўзлари безор бўлиб¸ қочишга ҳаракат қилади. Бизнинг касофатимиз ичимизда. Ташқаридан яхши ният билан келади¸ инвестиция қилади. Лекин ички структуранинг яхши ният билан келган имкониятдан фойдаланиш нияти йўқ. Айбни ўзимиздан излашимиз керак¸ дейди қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ йиллар раҳбарлик лавозимида ишлаган бу одам.

Ҳозир Ўзбекистонда ишлаб турган қўшма корхоналар асосан ип-калава ишлаб чиқаришга мослаштирилган, дейди Тошкент давлат тўқимачилик институти ўқитувчиси, техника фанлари номзоди Фатхулла Сиддиқов. Унинг сўзларига кўра, бу қўшма корхоналарда ишлаб чиқарилган ярим маҳсулотларнинг асосий қисми экспорт қилинади. Лекин, дейди, у Ўзбекистон ҳукумати энди бу муаммони ҳал қилишга киришди.

- Биз мустақилликка эришганимиздан кейин асосий эътибор замонавий корхоналарни қуришга қаратилдида. Чет давлатдан келган инвесторлар бор. Ўша инвесторлар тезроқ фойдани олишни кўзлаб туриб¸ ипга¸ трикотаж матоларга киришиб кетди. Натижада шунақа ҳолат юзага келди. Мана ҳозир президентимизнинг 236 қарорига биноан 2011 йилгача Ўзбекистонда ип-газлама корхоналарини қуриш масаласи қўйилган. Худо хоҳласа¸ ҳозир Жиззахда ҳам биттаси очилаяпти. Икки-уч йил ичида Ўзбекистон бўйича ипдан газламага ва тайëр маҳсулотга ўтиш масаласи қўйилди. Менимча¸ бу масала бир-икки йилнинг ичида яхши йўлга қўйилади¸ дейди Фатхулла Сиддиқов.

Ўзбекистонда қуриладиган фабрикаларнинг келажакда унумли ва тўхтовсиз ишлаши учун яна бир муаммони ҳал қилиш керак, дейди Фатхулла Сиддиқов.

- Яна бир масала бор. Бу келажакда ечилиши керак бўлган масалалардан биттаси. Тўқимачилик корхоналарнинг ускуналарини ўзимизда ишлаб чиқараëтган завод йўқ. Ана шу масала катта муаммо. Мисол учун битта болт керак бўлса ҳам чет элга чопиб бориш керак. Мана шу муаммо келажакда қаттиқ қилиб қўйилади. Кун тартибига келиб қолади. Ҳозирдан шу муаммолар ҳал бўлса¸ жуда яхши бўларди лекин¸ дейди Фатхулла Сиддиқов.

Унинг айтишича, агар ип-калавани четга сотмасдан мамлакатнинг ўзида ундан газлама ва кийим-кечак ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, тўрт баравар кўп фойда олиш мумкин бўлади.

- Бизнинг институтга ҳам чет элликлар келишди. Буларга ҳам “фақат ип-газлама корхоналарини қуриш керак” деб айтилаëтган экан. Чунки газлама корхоналаридан катта даромад олиш мумкин. Бунда ҳозиргига нисбатан уч-тўрт баробар кўпроқ фойда олиш мумкин¸ дейди Фатхулла Сиддиқов.

Шу йилнинг 14-15 октябрида Тошкентда халқаро пахта ярмаркаси ўтказилади. Бу ярмаркага пахтани қайта ишлаш саноати ривожланган хориж давлатлари ҳам иштирок этади. Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистон ҳукумати агар инвесторларга қулай шароитлар яратишга ваъда берса ҳамда улар олиб кирган сармояларни кафолатлай олса, Ўзбекистонда пахтадан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар анчага кўпайиши мумкин. Балки бу ишлар амалга ошса, ўзбек деҳқони ўз пахтасидан бўлган кўйлакни киярмиди?
XS
SM
MD
LG