Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:42

Мукофот эмас¸ янги маъсулият


Барак Обамага Нобел Тинчлик мукофоти берилгани 9 октябр куни бутун дунëда шов-шувга сабаб бўлди.
Барак Обамага Нобел Тинчлик мукофоти берилгани 9 октябр куни бутун дунëда шов-шувга сабаб бўлди.

АҚШ президенти Барак Обаманинг бу йилги Нобел Тинчлик мукофотини қўлга киритганига Ўзбекистон мухолифати вакиллари ва мустақил кузатувчилар турлича муносабат билдирмоқда. Аммо барча Барак Обамага берилган бу мукофот унга қўшимча маъсулият юклаши борасида якдил фикрда.

АҚШ президенти Барак Обаманинг Нобел мукофоти билан тақдирланиши кўпчилик ўзбекистонликлар учун ҳам кутилмаган бўлди. Мухолифатдаги Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ушбу хабарга босиқлик билан муносабат билдирди. Зотан, Барак Обаманинг президент бўлганига атиги тўққиз ой бўлган бўлса ҳам, унинг Марказий Осиёга нисбатан олиб бораётган сиёсатига баҳо беришга етарли давр кечди, дейди Муҳаммад Солиҳ.

- Барак Обама президент бўлганда¸ биз жуда севиндик ва “Буш президентлиги давридан бошқа бир янги давр бошланаяпти. Бу давр¸ иншооллоҳ Ўрта Осиë давлатлари учун ҳам¸ жумладан Ўзбекистон учун ҳам хайрли бўлади¸ инсон ҳақлари ва демократия масалалари приоритет масалалар сирасига қўйилиб¸ бу масалаларда президент Барак Обама анча талабчан муносабатда бўлади” деб ўйлаган эдик.

Афсуски¸ бундай муносабат бўлмади. Аксинча¸ Ўзбекистон режимидан талаб қилиниши керак бўлган масалалар четда қолиб¸ Ўзбекистон режими билан мустаҳкамроқ алоқа ўрнатиш учун Барак Обаманинг администрацияси ҳаракатга кечди. Биз учун бу кутилмаган ҳолат бўлди.

Президент Барак Обама бу мукофотни олган экан¸ бу мукофотнинг рамзий маъноси ҳақиқатан бўладиган бўлса¸ Нобел мукофоти ҳаммага ҳам берилавермайди¸ бу рамзий маънонинг Ўзбекистон ва Ўрта Осиë давлатлари¸ бугунги антидемократик режимлар билан бўлаëтган алоқаларида ҳам акс этса ¸деб умид қиламиз. Барак Обама бу мукофотга лойиқ эканини мазлум халқлар тақдирига бўлган муносабатида ҳам кўрсатсин¸ деб умид қиламиз¸ дейди Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ.

АҚШ нинг ҳам ички¸ ҳам ташқи сиёсатини ўзгартириш ваъдаси билан ҳокимиятга келган Барак Обамадан жуда кўпчилик ҳамон умидвор. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига бериладиган нуфузли Мартин Энналс мукофоти совриндори ва ҳатто Нобел мукофотига ҳам номзоди қўйилган таниқли ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева 11 март куни АҚШ президентининг рафиқаси Мишел Обама ва АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон қўлидан “Жасоратли аёл” мукофотини олган эди. Тожибоева Барак Обаманинг Нобел мукофоти билан тақдирланганини эшитиб қувонганини айтди ва ўзининг умидлари билан ўртоқлашди.

- Мен Америка президенти Барак Обаманинг Тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори бўлганини эшитиб жуда қувондим. Чунки бу юксак мукофот айнан Америка халқига¸ Америка жамоатчилик вакилларига¸ Америка сиëсатчиларига катта имконият беради. Яъни бутун дунëда тинчлик ўрнатиш учун уларнинг қиладиган саъй-ҳаракатлари яна ҳам кучайишидан умид қиламан. Мен Барак Обама¸ айнан Америка президенти сифатида эмас¸ қўшимча Нобел мукофотининг совриндори сифатида бугунги кунда ўз халқига зулм кўрсатаëтган Каримов режими ва шунга ўхшаган диктатура мамлакатларига жиддий муносабат билдиради ва бутун дунëда тинчликни ўрнатиш учун ўз ҳиссасини қўшади деб умид қиламан¸ дейди Мўътабар Тошибоева.

Барча суҳбатдошларимиз Обамага берилган мукофот унга “аванс” тарзда, дунёда тинчлик ўрнатиш йўлида қилган ишлари учун эмас, балки келажакда қиладиган ишлари учун бирилганини айтдилар. Вашингтондан сиёсий таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов Обамага мукофотнинг вақтидан олдин берилганини алоҳида таъкидлайди.

- Менинг фикримча¸ Барак Обама ҳали Тинчлик бўйича Нобел мукофоти даражасида бирорта хизмат қилгани йўқ. Бу вақтидан олдин берилган мукофот. Балки келажакдаги ютуқларига ҳисоб қилиб берилгандир¸ дейди Абдуманноб Пўлатов.

Аммо сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев Барак Обама АҚШ президенти бўлганидан буён дунёда сиёсий таранглик камайганига ишонади. Обаманинг Нобел мукофоти билан тақдирланганлигини қўллаб-қувватлаган ҳолда Тошпўлат Йўлдошев Обаманинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати ижобий натижа бериши мумкинлигини ишонч билдирАди.

- Нобел мукофотининг берилишини мен қўллаб-қувватлайман. Агар Ўзбекистонга келадиган бўлсак¸ Ўзбекистон кейинги пайтларда хусусан Америкадан катта ëрдам олаяпти. Ўзбекистон бундан кейин ҳам Америкадан қўшимча талаблар билан ëки бошқа йўллар билан кўпроқ манфаат кўра олишига кўз етиб турибди. Шу муносабат билан у аста-секинлик билан Россиядан юз ўгириб¸ Россиянинг олдига ҳар хил талабларни қўйиб¸ кўпроқ Америка билан алоқаларни кенгайтиришга¸ шу билан бирга Европа Иттифоқи билан алоқаларни кенгайтиришга ҳаракат қилаяпти. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш¸ демократик жараëнларни ривожлантириш¸ сўз эркинлиги ва бошқа масалаларни Америка амалдорлари¸ маъмурлари кўтаради¸ лекин ҳозирги даврда Афғонистондаги аҳвол муносабати билан прагматик масалалар биринчи даражага кўтарилди. Инсон ҳуқуқлари ва бошқа гуманитар масалалар эса тўртинчи-бешинчи даражаларга тушиб қолди. Ўзбекистон-Америка алоқалари бундан кейин ривожланадиган бўлса¸ балки инсон ҳуқуқлари масаласи ҳам ҳал бўлар¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

307 миллион АҚШ фуқароси ичидан президент бўлиб сайланган Барак Обама учун Нобелга номзод 205 одам орасида ғолиб бўлиш нима бўлибди¸ деб айтаётганлар ҳам бор. “Обамамания” касалига чалинганлар орасида Барак Обаманинг Нобел мукофоти билан тақдирлаши Обаманинг эмас¸ балки кўпроқ Нобел мукофоти нуфузини оширади¸ деган фикрлар ҳам кенг тарқалган. Ўзбекистонлик таниқли журналист Шароф Убайдуллаевнинг муносабати мана шундай фикрларга яқинлашди¸ дейиш мумкин.

- Менинг назаримда¸ Обама Америкадай буюк мамлакатнинг президенти бўлиб сайланганлик пайтидаги жасорати Америкадаги демократия тантанасини яан бир бор кўрсатиб¸ Америкадай давлатнинг биринчи рақамли раҳбари бўлиб сайлангандаëқ у буюк мукофотга сазовор эканлигини кўрсатган эди. Дунë миқëсида бунинг тан олинганлиги¸ Нобел мукофотига сазовор бўлганлиги нафақат Ўзбекистонда¸ балки бутун дунëда хайрихоҳлик билан қабул қилинади. Буш давридаги айрим адолатсизликлар барҳам топаëтганга ўхшайди. Ўзбекистон ва Америка муносабатлари тикланиб¸ шу жараëн янада жонланиб кетса¸ Обама буюк тинчлик учун олинган мукофотни яна бир бор амалда исботлаган бўларди. Бунга шубҳа йўқ. Ҳар ҳолда Обама Америка президентлари¸ дунë миқëсидаги давлат арбоблари ўртасида ҳам маънавий устунлиги билан ажралиб туради. Обама бу Обама бўлиб қолади. Обаманинг номи абадий қолади¸ дейди Шароф Убайдуллаев.

Обама йил бошида президент бўлиб¸ унга юклатилган масъулият эҳтимол Шароф Убайдуллаев билдирган муносабатда энг яққол ўз аксини топади. Барак Обаманинг Нобел Тинчлик мукофоти билан тақдирланиши дунё бўйлаб шашти пасайиб бораётган “обамамания”га янги куч берди ва шу билан биргаликда унга дунёда тинчлик ўрнатиш каби энг машаққатли масъулиятни юклади.
XS
SM
MD
LG