Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:54

Ўзбек қирғизга, қирғиз ўзбекка электр сотади


Ўзбекистон қўшни давлатлардан сотиб олинадиган электр қувватига мухтож эмаслигини билдирмоқда.
Ўзбекистон қўшни давлатлардан сотиб олинадиган электр қувватига мухтож эмаслигини билдирмоқда.

Исми ошкор этилмаган Тошкент расмийсининг Қозоғистон ахборот агентлигига айтишича¸ Ўзбекистон ва Қирғизистон 1 ноябрдан бошлаб электр энергиясини ўзаро сотиб олишни режаламоқда.

Хабарда айтилишича, октябр ойининг ўрталарида тошкент шаҳрида ўзбек ва қирғиз ҳукумати вакиллари бу борадаги келишувни имзолаганлар. “Ҳужжатда айтилишича, бундан буён томонлар бир-бирларига бераётган электр энергияси учун ҳақ тўлайдилар”, дейилади Қозоғистон ахборот агентлиги хабарида.

Хабарда айтилишича, “Ўзбекэнерго” ва Қирғизистоннинг “Электр станциялари” ширкатлари 1 ноябрдан бошлаб электр энергиясини ўзаро олди-сотди қилиш шартномаси асосида иш бошлашлари лозим.

Қирғизистон расмийлари эса ҳозирча Ўзбекистон билан электр энергиясини олди-сотди қилиш ҳақида гапиришга эрта эканини айтмоқдалар.

- Ҳозир бу борада музокаралар олиб борилаяпти. Ўзбекистон расмийсининг кимгадир берган маълумоти юзасидан пайдо бўлган саволларга ҳозирча жавоб бермаймиз.

Ноябр ойининг дастлабки ўн кунлигида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон энергетиклари учрашуви бўлиб ўтади. Бу масала ўша учрашувда муҳокама қилингачгина аниқ бир қарорга келинади,- деди ўз номини айтмаслигимизни илтимос қилган қирғиз расмийси.

Ўзбекистон ҳукумати расмийси қозоқ ахборот агентлигига берган маълумотда эслатиб ўтган шартномада электр транзити учун ҳам ҳақ тўланиши назарда тутилгани айтилади.

“Қирғизистон томонининг бу шартномани имзоламасликдан бошқа иложиси йўқ, чунки жанубдан келаётган электр оқимини шимолга буриб юбориш техник жиҳатдан мутлоқ мумкин эмас”, деб айтган Қозоғистон ахборот агентлигига Ўзбекистон ҳукуматидаги манба.

Бу гаплар минтақадаги электр энергияси тизимидан хабари йўқ одамларга тушунарсиз бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон расмийси айтган гапларни изоҳлашга эҳтиёж туғилади.

Гап шундаки, Қирғизистон электр энергиясини асосан мамлакат жанубидаги ГЭСларда ишлаб чиқаради. Жанубдан кетган электр тармоғидан Қирғизистоннинг айрим шимолий ҳудудларига электр энергияси Ўзбекистон орқали транзит қилинади. Агар Қирғизистон бу шартномага амал қилмаса, Ўзбекистон электр транзитини тўхтатиб қўйиши мумкин.

Ўз номини айтмаслигимизни илтимос қилган қирғиз расмийсининг айтишича, бу гапларда жон бор.

- Ўзбек расмийси қисман хақ. Лекин Ўзбекистонда ҳам айни пайтда энергетика соҳасидаги вазият мураккаб. Уларга тармоқдаги кучланишни меъёрида сақлаб туриш учун қирғиз электр энергияси жуда ҳам керак. Чунки Ўзбекистонда электр энергияси иссиқлик ёрдамида ишлаб чиқарилади. Бу жуда қимматга тушади ва жуда қийин жараёнлардан ўтади.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ўз электр тармоғидаги кучланишни таъминлаш учун Қирғизистонга муҳтож. Айни пайтда биз ҳам Ўзбекистонсиз шимолий ҳудудларимиздаги айрим туманларни электр энергияси билан таъминлай олмаймиз, деди қирғиз расмийси.

Энергетика бўйича эксперт Бозорбой Мамбетовнинг айтишича, Тошкентнинг электр энергияси транзити ва ўзаро айрбошланадиган электр қуввати учун ҳақ тўлашни талаб қилаётганини Қирғизистон ҳукуматига босим сифатида қабул қилиш керак.

Эксперт “Қирғизистон расмий Тошкент қаршилига қарамай Қамбарота ГЭСлари қурилишини бошлаб юборгани учун Ўзбекистон томони шундай ҳаракатларни амалга оширмоқда”, деб ҳисоблайди.

Унинг айтишича, бундай вазиятдан чиқиш учун Қирғизистон ва Қозоғистон ҳукуматлари бирлашиб Кемин-Датқа электр тармоғини қуришлари зарур.

- Қирғизлар билан қозоқлар жуда тезликда бу тармоқни қуриб битказишлари керак. Бу электр энергиясининг Ўзбекистон томонидан транзит қилинишига барҳам беради, деди Бозорбой Мамбетов.

Айни пайтда Қозоғистон ахборот агентлигига маълумот берган Ўзбекистон ҳукуматидаги манба электр энергияси транзити ва ўзаро айрбошланадиган электр қуввати учун ҳақ тўлаш борасида шартнома имзоланишига иқтисодий манфаатлар туртки бўлганини таъкидлаган.

- Бугунги кунда Қирғизистон электр энергияси бизга керак эмас. Биз ўз эҳтиёжимизни ўзимиз қоплай оламиз. Лекин қирғиз электр қуввати биз иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариб, экспорт қилаётган энергия ўрнини эгаллаши мумкин, деб айтган қозоқ ахборот агентлигига Ўзбекистон расмийси.
XS
SM
MD
LG