Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:53

"Чиғириқ"дан ўтганлар Ҳаж арафасида


Ҳар йили Ўзбекистондан 4000 дан ошиқ одам Ҳаж зиëратига боради.
Ҳар йили Ўзбекистондан 4000 дан ошиқ одам Ҳаж зиëратига боради.

Айни кунларда Ўзбекистонда минглаб мусулмон Ислом дини арконларидан бири бўлган Ҳаж амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетишга тайёргарлик кўрмоқда.

Биз аввал муқаддас Ҳаж амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетишга шай турган ўзбекистонлик зиёратчилардан бири Манзурахон ая билан суҳбатлашдик:

Манзурахон ая: Оллоҳ насиб қилсин. Шу умидда ўтирибмиз ҳозир. Қачон кетишимиз 1 ноябрда маълум бўлар экан. Ҳали айтишгани йўқ.

Озодлик: Шу кунгача Ҳажга қанақа тайëргарликлар бўлди?

Манзурахон ая: Оллоҳимдан жуда умидим кўп эди. “Оллоҳим¸ мени Пайғамбар (с.а.в) ëшига етганимда олиб боргин” деб умид қилган эдим¸ ниятларимга Оллоҳнинг бергани чин бўлса¸ ҳаракатда турибман ҳозир.

Озодлик: Ўзбекистон мусулмонлар идораси Ҳаж сафарини уюштираяпти шунақами?

Манзурахон ая: Ҳа.

Озодлик: Шу кунгача Ҳажга бориш учун қанақа ишларни амалга оширдинглар? Ҳужжатлар топширдингизларми¸ умуман тартиби қанақа бўлди?

Манзурахон ая: Олдин рўйхатга ëзилдик. Кейин ҳужжатларимизни топширдик. Суҳбатдан ўтдик. Докторларнинг кўрикларидан ҳам ўтдик. Прививкаларни олиб¸ Оллоҳ насиб қилса¸ тайëр бўлиб ўтирибмиз. Ҳукуматимиз бизни жуда ҳам ҳимоя қилиб¸ ҳамма шароитларни яратиб бераëтганига мингдан минг раҳмат. Аввало Оллоҳга¸ президентимизга мингдан минг раҳмат. Ҳамма шароитларни қилиб бераяптилар.

Озодлик: Фақат чўчқа гриппига қарши прививка бўлдими ëки бошқа касалликларга қарши эмлашлар ҳам бўлдими?

Манзурахон ая: Касаллар бўлса¸ олишди. Биздақа соғломлар фақат гриппга қарши эмлаш олдик.

Озодлик: Сафар давомида зиëратчилар билан бирга докторлар ҳам борадими?

Манзурахон ая: Боришади. Ҳар йили бирга боришади.

Озодлик: Ҳайит куни маълумми?

Манзурахон ая: 27 ноябрда намоз дейишди.

Озодлик: Сизлар Тошкентдан учиб кетасизлар-а?

Манзурахон ая: Ҳа.

Озодлик: Бу йилги Ҳаж учун зиëратчиларнинг ҳар бири қанча пул тўлаяпти?

- 4 миллион 350 минг сўм¸ дейди Ҳаж зиёратига отланган Манзурахон ая.

Ўзбекистонлик ҳожиларнинг Саудия Арабистонига бориш-келиши қандай ташкиллаштирилгани ҳақида маълумот олиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул котиби Эрдон Эсоновга қўнғироқ қилдик.

Эсонов бу йилги Ҳаж зиёратини муваффақиятли ўтказиш учун ўзбекистонлик зиёратчиларга қатор қулайликлар яратилгани, хусусан, бу йил зиёратчилар фақат Тошкент халқаро аэропортидан эмас¸ балки мамлакатнинг бошқа аэропортларидан ҳам Мадинага жўнаб кетишларини айтди.

- Бу йил ҳожиларимиз учун вилоятлардан учириш жуда катта қулайлик бўлди. Ҳожилар учун жуда ҳам енгиллик бўлди. Водий вилоятлари Намангандан учади¸ Навоий¸ Бухоро¸ Қашқадарë вилоятлари Бухородан учади¸ Сурхондарë вилояти Термиздан учади¸ Хоразм ва Қорақалпоғистон Урганчдан учади. Бу зиëратчиларга катта қулайлик бўлди. Шаҳарлардан самолëтлар Мадинага бориб қўнади, дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул котиби Эрдон Эсонов.

Ҳаж амалларини бажариш учун ҳар йили Макка шаҳрига 160та давлатдан тахминан уч миллион зиёратчи боради. Одамлар кўп тўпланган жойларда турли юқумли касалликлар тарқалиши ҳам осонлиги ҳаммага маълум.

Айниқса, бу йил дунё бўйлаб чўчқа гриппининг H1N1 вируси кенг тарқалгани оқибатида кўплаб одам нобуд бўлмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотига кўра, 2009 йил 11 октябрга қадар дунё бўйича чўчқа гриппидан 4735 одам нобуд бўлган, 399232 кишига шу касаллик вируси юққан.

Ҳаж зиёратига кетаётган ўзбекистонлик ҳожиларни чўчқа гриппидан ҳимоялар учун қайдай чоралар кўрилди?

Бу саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул котиби Эрдон Эсонов бундай жавоб берди.

- Ҳамма зиëратчиларимиз эмланаяпти. Шифкорлар гуруҳида вирусологлар кўпайтирилган. Ҳожилар билан борадиган шифокорлар махсус тайëрланаяпти. Ҳожиларга гриппнинг аломатлари ҳақида эслатма китоб тайëрланиб¸ ҳар бир ҳожининг қўлига бериб қўйилаяпти. Қўшимча дори-дармонлар олинаяпти¸ эҳтиëт чоралари кўрилаяпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан мувофиқлаштирилган ҳолда ҳожиларнинг соғлигини¸ тинчлигини таъминлаш учун барча чоралар кўрилаяпти, деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул котиби Эрдон Эсонов.

Саудия Арабистони расмийлари ёз фаслида кексалар, ёш болалар, сурункали касалликка чалинганлар ва ҳомиладор аёлларни бу йилги Ҳаж зиёратига келмасликни тавсия қилган. Аммо бу зиёратчилар учун тақиқ эмас.

Ҳаж зиёратчилари орасида чўчқа гриппи тарқалишининг олдини олиш мақсадида Саудия ҳукумати аэропорт биноларида одам танаси ҳароратини ўлчайдиган махсус қурилмалар ўрнатган, 200–300 зиёратчи жойлашиши мумкин бўлган хоналар ажратган.

Саудиядаги ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар эса мамлакатга келган зиёратчиларга ниқоблар ва қўлни дизинфексия қилиш учун махсус суюқликлар тарқатишни режаланган.

Шунингдек, зиёратчилар борадиган жойларда қўшимча тиббий марказлар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ва Диний ишлар бўйича давлат қўмитаси вакилларидан иборат делегациянинг шу йил баҳорда Саудия Арабистони расмийлари билан 2009 йилда ўзбекистонлик мусулмонлар учун Ҳаж зиёратини ташкил этиш юзасидан эришган келишувига мувофиқ¸ мамлакатдан Ҳажда борувчилар сони ўзгаришсиз қолдирилди.

Одатда, Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги мусулмон ўлкаларга Ҳаж зиёрати учун минг мусулмонга битта (1000/1) нисбатида ўрин ажратади.

Агар Ўзбекистонда истиқомат қилаётган мусулмонлар сони қарийб 25 миллион экани эътиборга олинадиган бўлса, Ҳаж зиёрати учун ўзбекистонликларга камида 25 мингта ўрин ажратилиши лозим эди. Аммо кўп йиллардан бери бу рақам 5000 дан ошмай келаëтир.

Аслида Ўзбекистонда ҳаж зиёратига бораман дегувчилар ва бунга қудрати етганлар жуда кўп, дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик ҳожилардан бири.

- Бораман деган кўп.

Озодлик: Нима учун айнан 5000 та танланган деб ўйлайсиз?

- Буни билмадим мен. Тепадагилар билади. Хабарим йўқ. Энди шунча одам Ҳажга боришга қодир бўлиши керак. Қодир дегани ўшанга бориб келгани маблағи бўлиши керак¸ Ҳаж аҳкомларини бажариб қайтиб келгунча¸ оиласида бирон нарсага муҳтожлик сезилмаслиги керак. Ҳажга ҳам оиласининг ризқидан қисиб¸ қарз-ҳавола қилиб кетиш яхши эмас. Шунга имкони бор одам боради¸ қодир одам боради. Ҳозир имкони борлар¸ пули борлар кўп. Ҳозир халқимиз Россиянинг ҳисобига ишлаб бойидику. Борадиганлар кўп-ку¸ лекин ҳажга ҳозир камроқ одам юборишаяпти. Нима сабабданлигини билмайман¸ дейди ўзбекистонлик ҳожилардан бири.

Мустақил кузатувчилар ва оддий одамлар эса¸ Ҳаж учун расман тўланадиган 3000 доллардан кўпроқ маблағни топиш бир муаммо бўлса¸ хавфсизлик хизматлари ва турли ҳокимият идораларининг текширув ва чиғириқларидан ўтиш¸ боз устига уларга ҳам пора бериш Ҳажга ҳалол йўл билан бораман дегувчилар йўлидаги катта тўсиқ эканини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG