Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:47

Ўзбекистон Қорасувдаги чегара пунктини ёпиб қўйди


"Қорасув-Автодорожний" чегара пунктининг ёпилиши Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридаги йирик улгуржи бозорининг асосий харидорлари бўлмиш ўзбекистонликларнинг камайишига сабаб бўлган.
"Қорасув-Автодорожний" чегара пунктининг ёпилиши Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридаги йирик улгуржи бозорининг асосий харидорлари бўлмиш ўзбекистонликларнинг камайишига сабаб бўлган.

Ўзбекистон 1 мартдан бошлаб Қирғизистон билан чегарадош “Қорасув-Автодорожний” чегара пунктини бир томонлама ёпди. Маълумотларга кўра, айни кунларда мазкур пунктдан автомобиллар ўтиши тақиқланган.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги “Қорасув-Автодорожний” ўтказиш пунктининг бир томонлама ёпилгани ҳақида Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Салқин Абдуқариева маълумот берди.

- 1 мартдан бошлаб чегара бир томонлама тартибда ёпилди. Чегара Ўзбекистон томонидан ёпиқ. Бир томонлама дегани, бу “чегара пунктидан фақат чегараолди ҳудудларида истиқомат қилувчи шахсларгина ўта олиши мумкин” деганидир. Яъни чегараолди ҳудудларида истиқомат қилувчилар икки давлат ҳудудига ҳеч қандай тўсиқсиз кириши ёки чиқиши мумкин, деди Қирғизистон Чегара хизмати матбуот хизмати ходимаси Салқин Абдуқариева.

Бироқ Қирғизистоннинг Қорасув туманида истиқомат қилувчилар чегарадош ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли ҳам чегарадан ўтказилмаётганини айтишмоқда.

Бунинг натижасида Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида жойлашган Марказий Осиёдаги энг катта улгуржи бозор асосий харидорлари ҳисобланмиш ўзбекистонликлар сони ҳам озайган.

- Қирғизистоннинг жуда кўп аҳолиси шу бозорда тирикчилик қилиш билан машғул эди. Энди одамларга анча қийин бўлди. Ўзбекистондан нафақат савдогар, оддий одамлар кела олмаяпти. Чегарадан ҳеч кимни умуман ўтказмай қўйди, деди қорасувликлардан бири.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Салқин Абдуқариеванинг айтишича, чегаранинг ёпилиши тўғрисида Ўзбекистон тараф Қирғизистонни шу йилнинг январида огоҳлантирган:

- Ўзбекистон тараф бизни январ ойида “Қорасув-Автодорожний” чегара пункти ёпилиши тўғрисида огоҳлантирган. Ўзбекистон томони буни ”Дўстлик-Автодорожний” чегара пунктидан ўтувчи одамлар сони озайгани билан изоҳламоқда, деди Салқин Абдуқариева.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийсининг айтишича, энди Ўзбекистон ёки Қирғизистонга автомобил билан ўтмоқчи бўлганлар Қорасув туманидан тахминан 25 километр наридаги “Дўстлик-Автодорожний” чегара пунктига боришга мажбурлар.

- Ўзбекистон томони чегара ёпилишини Андижон вилоятининг Қорасув шаҳри инфраструктурасини яхшилаш ишлари билан боғламоқдалар, яъни улар у ерда нимадир қуришини айтишди. Бироқ чегара вақтинчалик ёки бутунлай ёпилганини тўғрисида маълум қилишмади, деди Салқин Абдиқариева.

XS
SM
MD
LG