Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:59

Нефтгазмонтаж: "Миродил Жалолов командировкада "


Зеромакснинг интернет саҳифасида Миродил Жалолов ҳамон ширкатнинг бош ижрочи директори сифатида қайд этилган.
Зеромакснинг интернет саҳифасида Миродил Жалолов ҳамон ширкатнинг бош ижрочи директори сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон иқтисодининг барча сердаромад соҳаларини ўз монополиясига айлантирган Зеромакс ва унинг шўъба корхонаси Нефтгазмонтаж ширкати ходимлари ширкат бош ижрочи директори Миродил Жалоловнинг ҳибсга олиниши борасидаги хабарларни инкор қилишди.

Зеромакс ширкати ходими Рустам Одилов ташкилотнинг бош ижрочи директори Миродил Жалоловнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни бутунлай инкор қилиб, айни пайтда унинг ўз иш ўрнида эканини билдирди.

Озодлик: Баъзи бир интернет сайтларида “Зеромакснинг ижрочи директори Миродил Жалолов қўлга олинибди” деган хабарлар чиқди.

Рустам Одилов: Нотўғри бу. Информация нотўғри.

Озодлик: Ҳозир Миродил Жалолов қаерда? Иш ўринларидами?

Рустам Одилов: Ҳа¸ ишлаяптилар.

Озодлик: Бир оғиз гаплашсак бўладими?

- Йўқ¸ улар кўпинча объектма объект юрадилар. Бизнинг объектимиз кўп. Объектларда иш билан юрадилар, деди Рустам Одилов.

Миродил Жалолов “Нефтгазмонтаж” қўшма корхонасининг ҳам директори ҳисобланади. Биз ушбу ташкилот билан боғланганимизда ташкилот ходимаси ҳам ҳибсга олиш ва жиноий иш борасидаги хабарларни инкор қилиб, Миродил Жалоловнинг шу кунларда хизмат сафарида эканини билдирди.

- Улар ҳозир йўқ эдилар. Командировкадалар.

Озодлик: Миродил Жалолов ҳозир командировкадами?

- (узоқ жимликдан сўнг) Ҳа.

Озодлик: Қаерга кетган?

- Бизлар бунақа информацияни айта олмаймиз. Руководител ҳақида ҳеч қанақа информация айта олмаймиз, деди “Нефтгазмонтаж” қўшма корхонаси ходимаси.

Буюк Британиядаги Oxus Gold ташкилоти ходими эса¸ Озодлик мухбири билан суҳбатда ушбу ташкилотнинг ноижрочи директори ва бошқарув кенгаши аъзоси бўлмиш Миродил Жалоловнинг ишдан кетгани ёки ҳибсга олингани борасидаги хабарларни тасдиқламади, аммо шунинг баробарида ушбу маълумотларни инкор ҳам қилмади.

Айни пайтда Миродил Жалоловнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ хабарлар кўлами кенгайишда давом этаяпти.

Айрим интернет сайтлари Ўзбекистонда Миродил Жалоловнинг ҳибсга олиниши акс этган видеотасвирлар ўзбекистонликлар орасида мобил телефонлари орқали тарқатилгани ҳақидаги хабарларни эълон қилишди; Тошкентдаги Амир Темур хиёбонидаги дарахтларнинг кесилиши борасида Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси талаби билан жиноий иш очилгани ва “Нефтгазмонтаж” қўшма корхонаси директори Миродил Жалоловнинг жавобгарликка тортилгани ҳақида гапира бошлашди.

Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Дилбар Олимова ва Тошкент шаҳар прокуратураси ходими ушбу маълумотни инкор қилдилар.

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов эса Миродил Жалоловнинг ҳибсга олингани ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани борасида ўз ихтиëрида ишончли манбалардан олинган маълумотлар мавжудлигини таъкидлайди.

Абдураҳмон Ташанов: Миродил Жалолов ҳибсга олингани тўғрисида ҳар хил гап-сўзлар юрибди. Бундан ташқари уни ҳибсга олиш жараëнининг мобил телефонларда кўрган одамлар биз билан гаплашишаяпти. Почталаримизга хатлар¸ телефон қўнғироқлари бўлаяпти. Расман бўлмаса ҳам¸ шу пайтгача биз ишониб келган манбаларимизнинг айтиши бўйича¸ ҳақиқатан Зеромакс ташкилотининг ижрочи директори¸ Ўзнефтгазмонтаж қўшма корхонасининг директори дастлабки терговларга жалб қилинган. Ҳозирда Зеромакс қўшма корхонасида 187 миллион сўм миқдорида талон-тарожлик қилинганлиги айтилмоқда. Ҳозир бу бўйича Ўзбекистон республикаси МХХси дастлабки тергов ва суриштирув ишларини олиб бораëтган экан.

Озодлик: Сизнинг манбаингиз қанчалик ишончли? Биз “Нефтгазмонтаж” ва “Зеромакс”га қўнғироқ қилганимизда¸ улар бу маълумотларни инкор қилишди.

- Биз шу пайтгача кўп мустақил манбалар билан ишлаб келганмиз. Улар шу пайтгача манба сифатида ўзини оқлаган. Жамоатчилик орасида дефакто даражасига чиққан фактлар булар. Шу нуқтаи назардан мен айтишим мумкинки¸ бу ерда ҳақиқатан ҳам расман бўлмаса ҳам жиддий маълумотлар бор. Унинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳолат ҳам тўғри. Бунақа ҳолатлар жуда кўп учрайди. Расман тасдиқланмайдию¸ амалда шунақа ҳодисалар бўлади. Миродилнинг ҳибсга олиниши Тошкентдаги жараëнларнинг бир қисми, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Айни пайтда Ўзбекистондаги энг юқори даражали мансабдорларнинг бир қанчаси ҳибсга олингани ва айримлари қочиб кетгани ҳақида хабарлар мавжуд.

Масалан, Капитал банк, суғурта компанияси, рангли метал қазиб чиқарадиган конни ҳам ўз ичига олган қатор ширкатлардан иборат Капитал холдинг соҳиби, Пахтакор футбол клуби президенти Ботир Раҳимов бир неча кун олдин Тошкентда ҳибсга олинган.

Ўзбекистондаги энг катта савдо мажмуаси ҳисобланадиган Тошкентдаги “Карвон бозори” раҳбарларидан 52 нафари ҳибсга олинган¸ 19 мулозимга эса қидирув эълон қилинган.

Шунингдек, норасмий манбалар хабарларига кўра, "Ўзбексавдо" ташкилоти раҳбари Зафар Файзиев ҳам ҳибсга олинган, Алп Жамол корпорацияси раҳбарларига ҳам босим бошланган ва ҳозирда ширкат раҳбари Муҳиддин Асомутдинов ҳам хорижга чиқиб кетган.
XS
SM
MD
LG