Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:13

Стинг "қонли пуллар"ни хайрия қилиб юбориши керак


Гулнора Каримованинг меҳмони бўлган қўшиқчи Стинг 30 йилдан буён Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг фаол аъзоси ҳисобланади.
Гулнора Каримованинг меҳмони бўлган қўшиқчи Стинг 30 йилдан буён Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг фаол аъзоси ҳисобланади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари британиялик машхур рок қўшиқчи Стингдан Ўзбекистон президенти қизига концерт бериб, орттирган пулларни хайрли ишларга сарфлашни талаб этмоқда. Ҳуқуқ фаолларига кўра, Стинг ўз обрўсини фақат шу йўл билан тиклаб олиши мумкин.

Дунёга донғи кетган "Полис" рок гуруҳининг собиқ хонандаси Стинг ўтган йил ноябр ойида Тошкентда президент Ислом Каримов қизи иштирокидаги хусусий бир кечада қўшиқ куйлагани ва бир кечалик бу концерт учун 3 миллион доллардан кўпроқ ҳақ олгани Британия жамоатчилиги ғазабини қўзғатган эди.

Улар фикрича, Стинг ўз мухолифларини кўчаларда отиб ташлаган, тириклайин сувда қайнатган Ўзбекистондаги 72 ёшли диктатор қизи Гулнора Каримованинг ўз отаси соясида орттирган пуллари эвазига концерт беришдан воз кечиши керак эди.

Эндиликда ҳуқуқ фаоллари Стингдан бу "қонли пуллар"ни инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун хайрия қилишни сўрай бошлади.

Британиядаги "Uzbekistan Exposed" деб аталувчи ташкилот раҳбари Алекс Йерсли Wenn.com нашрига Стинг Ўзбекистонда орттирган қонли пулларни ҳайрли ишга сарфламагунича, бу кампания давом этишини билдирган.

Стинг 30 йилдан буён Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг фаол аъзоси ҳисобланади.

58 ёшли қўшиқчи Тошкентга борганини изоҳлай туриб, президент Каримовни "золим диктатор" деб атаган эса-да, хусусий кечада иштирок этганидан пушаймон эмаслигини билдирганди.

- Концерт нафақат президент қизи томонидан, балки, билишимча, ЮНИСЕФ ҳомийлиги остида ҳам ўтказилганди, деб баёнот берган эди Стинг.

"Uzbekistan Exposed" раҳбари Алекс Йерсли фикрича, Стинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги обрўсини энди Ўзбекистонда орттирган пулларни хайрия қилиш орқали тиклаб олиши мумкин.

- Ўзининг бу қилмиши билан Стинг инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит муҳофазаси курашчиси сифатидаги обрўсига путур етказди. Лекин ўз обрўсини тиклашга ҳали ҳам кеч эмас, дейди Алекс Йерсли.

Шунингдек, ташкилот бу борада онлайн петиция уюштириб, Стинг мухлисларини ҳам бу петицияга қўшилишга чорламоқда.
XS
SM
MD
LG