Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:39

"Зеромакс" тугатилди. Навбатда ким?


Гулнора Каримовага қарашли тизимларда катта ўзгаришлар бўлаëтган айни пайтда¸ Каримова хоним қарийб бир ҳафта Канн кинофестивали доирасидаги зодагонлар йиғинларини обод қилди.
Гулнора Каримовага қарашли тизимларда катта ўзгаришлар бўлаëтган айни пайтда¸ Каримова хоним қарийб бир ҳафта Канн кинофестивали доирасидаги зодагонлар йиғинларини обод қилди.

Aйрим норасмий интернет нашрларига кўра¸ президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова раиси бўлган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасида молиявий текширув бормоқда. Бу хабар ортидан мазкур жамғармани ҳам “Зеромакс” тақдири кутмоқдами¸ деган савол туғилмоқда.


Uzmetronom.com интернет газетасига кўра, айни кунларда ўнлаб мутахассис Гулнора Каримованинг донғи кетган жамғармасига пулнинг қайдан келиб қайга кетганини текшириш ва хайрия маблағларининг нечоғли мақсадга мувофиқ сарфланганини аниқламоқда.


“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ўзи нима иш билан шуғулланади?

2004 йили ташкил этилган мазкур жамғарма ҳозирда Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ ваколатхоналарида¸ қолаверса Европа иттифоқига раислик қилаëтган Мадриддаги элчиси бўлмиш Гулнора Каримованинг мамлакатдаги энг катта лойиҳаларидан бири ҳисобланади.

Ўз ичида яна тармоқланиб кетган бу жамғарма расмий сайтида ëзилишича¸ у фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг ўз-ўзини бошқарувчи ноҳукумат ташкилоти бўлиб¸ Ўзбекистон илм-фани¸ маданияти¸ маориф ва спортини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси Гулнора Каримованинг ҳам Ўзбекистон ичкариси¸ ҳам хорижда ўтказадиган турли шоу кўргазмалари¸ сон-саноқсиз мода ҳафталиклари¸ қолаверса дипломатик ва илмий-маърифий мавзудаги тўпландилари учун ўзига хос минбардир.

Оддий ўзбекистонликлар орасида бу жамғарма шунингдек¸ асосан иқтидорли ëшларни ўқитиш учун грант берувчи ҳомий¸ дея тарғиб этилади. Айни кунларда¸ “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” тармоқларидан бири “Меҳр нури”- талабалар учун таълим грантлари танловини ўтказмоқда. Ўтган йил мазкур танловга¸ жамғарма ходимининг сўзига кўра, 1200 та ариза келиб тушган. Аммо:

- 50 нафар талабанинг бир йиллик контракт ўқишини тўлаб бердик, дейди жамғарма ходими.


Жамғарманинг кўзни қамаштирувчи лойиҳаларига пул қаердан келади?

Жамғарма расмий сайтида ҳомийларнинг ким экани ҳақида бирор маълумот йўқ.

Озодликнинг “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси матбуот хизматидан бу саволга жавоб олиш уринишлари самарасиз қолди.

Аммо мустақил кузатувчилар¸ Гулнора Каримова расман раис бўлган жамғармага маблағнинг¸ асосан айнан Каримовага қарашли экани айтиладиган “Зеромакс” дан келганини тахмин қилишади. Аниқроғи¸ кузатувчиларга кўра¸ бугун парчаланиб¸ тугатилаëтган “Зеромакс” мегакорпорацияси ва “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” бир дарахтнинг икки бутоғи бўлиши мумкин.

Шамол қай тарафга эсмоқда?

Собиқ дипломат ва мустақил таҳлилчи Алишер Таксанов¸”Зеромакс” йўқ қилинаëтган айни кунларда “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми”да ҳам авваллари кўрилмаган молиявий текширув ўтказилаëтганини бир-бирига боғлиқ ҳодисалар¸ деб талқин қилади.

- “Зеромакс” ва “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси 100 % ушбу пулларни легаллаштирувчи тизим бўлиши мумкин. Жамғарма фақат пулларни легаллаштириш учун ташкил этилган бўлиши мумкин. Пулларни айлантириб, уларни қонунийлаштириб, Ғарбга жўнатиш учун ишлатилган бўлиши мумкин. Ҳозир эса қайсидир пуллар ҳавога учган бўлиши мумкин. Шу боис Гулноранинг ўзи ҳам қизиқиб қолган бўлиши мумкин. Зотан¸ ҳеч ким унинг жамғармасини, ҳамда унинг “Зеромакс”ини президентнинг кўрсатмасисиз текширмайди¸ деган ишончда Алишер Таксанов.

Аммо Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Андрей Грозин¸ “Зеромакс”¸ эндиликда эса “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасида бораëтган текшир-текширларни Ўзбекистонда Гулнора Каримова¸ балки умимиятла каримовлар оиласининг таъсир кучи заифлаша бошлагани аломати сифатида талқин этади.

- Уч-тўрт йил олдин умуман тегиб бўлмайдиган ҳисобланган “Зеромакс”нинг бугунги муаммолари Гулнора Каримованинг бизнеси Ўзбекистонда синдирилганлигини кўрсатади. “Зеромакс” компаниясининг кимга тегишли эканини Ўзбекистонда ëш бола ҳам билади. Европага кетган одамни, гапнинг индаллосини айтсак, бутунлай бадарға қилинган одам¸ дейиш мумкин. Мен бугун “Зеромакс” муаммолари, Гулнора жамғармасининг муаммолари илдизини шунда кўраман. Гулнора ҳокимият учун¸ ворислик учун бораëтган аëвсиз ички курашда ютқазди, деган фикрни илгари суради россиялик таҳлилчи Андрей Грозин.


Империя қулаши ëхуд янги PR кампаниясининг муқаддимаси?

Россиялик минтақашунос¸ “Зеромакс” ва “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми”да бораëтган жараëнларни Каримов ва Каримовалар салтанатининг заифлашиши аломати дея талқин қилса¸ ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Таксанов¸ буни Гулнора Каримованинг ўз имиджига фойдадан кўра зиëн еткиза бошлаган айрим шахс ва тизимлардан тозаланиб¸ ўзини янада яхшироқ тусда кўрсатиш уриниши дея талқин этади.

- Биз ўзимизча, мана жамғарма болаларга, ёшларга ёрдам бераяпти¸ мана 50 нафар талабанинг бир йиллик контракт пулини кўтарибди¸ деб ишонамиз. Ҳисоблаб чиқсангиз¸ бир йилда жамғарма бунинг учун бор-йўғи 50 минг долларча маблағ сарфлаган. Айни пайтда Каримова хоним¸ Моника Белуччига¸ ўзи билан тамадди қилгани учун 200 минг евро берган ва битта кечки овқатга бир мамлакат истеъдодли ëшларига йил давомида сарфланган маблағдан салкам 5 баробар кўпроқ пул тўлаган!

“Зеромакс” тизими Ўзбекистон иқтисодини ўз қўлига олиш учун тузилган бўлса¸ “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси¸ бир томондан¸ Гулноранинг имиджини ушлаб туриш учун¸ иккинчи томондан эса, халқ ва давлатдан ўмарилган улкан пулларнинг қайсидир қисмини ювиш учун ўйлаб топилган.

Агар “Зеромакс” ортидан бу жамғарма ҳам керак бўлмай қолган бўлса¸ у ёпилиши ҳам мумкин. Ёки Гулноранинг мавқеини ушлаб туриш учун фаолияти кескин торайтириб¸ номигагина ушлаб турилиши мумкин, дейди собиқ дипломат Алишер Таксанов.

Озодлик¸ аксар таҳлилчилар томонидан¸ Ўзбекистонда ҳокимият учун ички курашнинг кескинлашгани ифодаси деб айтилаëтган "Зеромакс" ва “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасида бораëтган жараëнларни яқиндан кузатиш уринишларини давом эттиради.
XS
SM
MD
LG