Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:10

Миродил Жалолов "Лайлат ул-Қадр" кечасида олиб кетилди


"Зеромкс"нинг ҳамон очиқ қолаётган расмий сайтида Миродил Жалолов бошлиқ мақомини "сақлаб қолган."
"Зеромкс"нинг ҳамон очиқ қолаётган расмий сайтида Миродил Жалолов бошлиқ мақомини "сақлаб қолган."

Собиқ “Зеромакс” ширкати бош ижрочи директори Миродил Жалолов қамалди. Жалоловнинг қамоққа олинганига оид хабарлар Озодликка икки ҳафта аввал етиб келган, лекин шу пайтгача бу хабарларни тасдиқлашнинг иложи бўлмаётган эди. Жалоловнинг қамоққа олинганини якшанба куни унга яқин бўлган манба тасдиқлади.


Собиқ “Зеромакс” ширкати бошлиғи Миродил Жалоловга яқин манбага кўра, Жалолов тахминан бир ой аввал ҳибсга олинган.

Исми сир қолишини истаган манба Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда “Жалолов Рамазон ойининг Лайлат-ул Қадр кечасида уйидан олиб кетилди”, дея таъкидлади.

“Зеромакс”нинг собиқ бошлиғи ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар Озодликка бундан икки ҳафта аввал етиб келган эди. Жалоловга яқин манба якшанба куни тасдиқлаган бу хабарни “Зеромакс” ширкатининг қурилиши лойиҳасида тошкентлик бир йигит ҳам тасдиқлади.

- Уч кун олдин УзГазОйл операторини уйига элтиб қўйган эдим. Ўшанда бу гап тўғрисида у ҳам гапириб қолди. “Бунақа бўлмаса керак” десам, “Йўқ, ҳақиқат бу. Одил акани қамаб қўйишибди”, деди. Ҳаммаси яхши бўлиб кетаëтган эди. Ишлар яна қайтадан қўзғатилибди. Ўшанинг ҳисобига олиб кириб кетишибди деган гапни эшитдикда.

Баъзи хабарларга кўра, Жалолов устидан суд бошланган, лекин бу хабарларни тасдиқлашнинг иложи бўлмади.

Исми сир қолишини истаган тошкентлик суҳбатдошимиз ҳам, суд бошланганидан хабари йўқлигини айтар экан, Миродил Жалоловдек шахс устидан тергов ишлари ёҳуд суд жараёни ўтказиладиган бўлса, бу жамоатчиликка ошкор қилинмасигини тахмин қилади.

- Тўғри энди суд бошланганда ҳеч ким аниқ нарса билмайди. Лекин қамалгани аниқ билинаяпти. Қолгани мавҳум. Ҳамма нарсаси мавҳум. Демак, судлар ҳам ëпиқ тарзда ўтади агар ҳеч ким билмаса. Менимча, шунақа бўлади, дейди собиқ “Зеромакс” ширкатининг қурилиш лойиҳаларидан бирида ишлаган тошкентликлардан бири.

Айни пайтда, Жалоловга яқин манбанинг айтишича, собиқ “Зеромакс” ширкатининг халқаро алоқалар бўйича директор ўринбосари Ғуломжон Имоназаров ҳибсдан озод этилган.

Имоназаров шу йилнинг май ойида “Зеромакс” ширкатининг Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилиб, барча ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилган пайтда ҳибсга олинган эди.

Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовга тегишли бўлгани айтиладиган ҳамда Швейцарияда рўйхатга олиниб, фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган “Зеромакс” ширкати асосан нефть, газ ва олтин қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги ва текстил саноати билан шуғулланган.

“Зеромакс”нинг Ўзбекистондаги ўнлаб шўъба корхоналарида турли ҳисоб-китобларга кўра, 15 мингдан ортиқ одам ишлаган. Шўъба корхоналарнинг баъзиларининг фаолияти “Зеромакс” билан бирга тугатилди. Омон қолганлари давлат ҳисобига ўтказилди.

Жалолов Озодликка берган интeрвьюсида Гулнора Каримованинг "Зеромакс"га алоқаси борлигини инкор қилган эди.
2007 йилда Миродил Жалолов Озодликка берган интервьюсида “Зеромакс” ширкатининг ҳокмият доиралари, хусусан Гулнора Каримовага алоқадорлигини инкор қилиб, ширкатнинг нега Швейцарияда рўйҳатга олингани бундай изоҳлаган эди.

- Бу энди Швейцариянинг компанияси бўлгани билан бир холдингга ўхшаган. Бутун ҳамма корхоналаримиз Ўзбекистон резиденти. СП бўладими, қўшма корхона бўладими, акционерлик жамияти бўладими – ҳаммаси резидент. Зеромакс Швейцариянинг компанияси ва холдингга ўхшаган нарса. Шу налогдан, ҳамма нарса тўлангандан кейин қолган дивидендлар Швейцарияга келади. У ерда ҳам налоглар, божлар ҳаммаси тўланади. Кейин пулни яна қайтариб инвестиция қиламиз. Ниятимиз шу, деган эди Жалолов 2007 йилнинг феврал ойида Озодлик билан суҳбатда.

Айрим таҳлилчилар “Зеромакс” ширкати ҳокимият доираларидаги муайян гуруҳларнинг Ўзбекистондан катта миқдордаги маблағларни ташқарига олиб чиқиш воситаси ўлароқ яратилган лойиҳа бўлган, деган фикрни илгари суради.

Гулнора Каримованинг кейинги йиллардаги бизнес лойиҳалари билан яқиндан таниш бўлган ва овози ёзиб олинмаслиги шарти билан гапирган таҳлилчи “Зеромакс” ширкати ўзининг вазифасини бажариб бўлган кўринади дейди: “Гулнора “Зеромакс” воситасида Ўзбекистонда газ, нефт, олтин, пахта ва бошқа соҳалардан миллиардлаб доллар миқдорида фойда кўрди. “Зеромакс”нинг кейинги йиллардаги фаолияти эса, бу пулларни ташқарига олиб чиқишга қаратилди ва афтидан бунинг уддасидан чиққан кўринади. Яъни “Зеромакс” ва Гулноранинг бизнес ҳамкори Миродил Жалолов ўз миссияларини бажариб бўлдилар”, дейди исми сир қолишини истаган таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG