Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:54

Москва мавзеларидан бирида ўзбек йигити калтакланди


Россия пойтахтида масжидларнинг кўпаяётгани айрим миллатчи гуруҳларга ёқмаётган кўринади.
Россия пойтахтида масжидларнинг кўпаяётгани айрим миллатчи гуруҳларга ёқмаётган кўринади.

Сўнгги пайтларда Москванинг Текстилшчики мавзеида масжид қурилиши билан боғлиқ вужудга келган зиддият туфайли миллатчи гуруҳларнинг фаоллиги ошиб бораётгани кузатилмоқда. Жумладан, куни кеча бу мавзеда ўзбекистонлик йигит миллатчилар ҳужумига учраган.

Шу йилнинг 27 октябр куни Москванинг Жануби-Шарқий округида жойлашган Текстилшчики мавзеида ўзбекистонлик Алишер исмли йигит бир тўда маҳаллий миллатчилар томонидан калтакланган. Бу ҳақда Озодликка қўнғироқ қилган ва исми ошкор этилишини истамаган ўзбекистонлик йигитлардан бири Алишерни шифохонага олиб кетганидан кейин ҳодиса жойига етиб келганини айтади.

- Бизда Ўзбекистон Республикасидан Алишер деган бола шу ерда пул ишлаш мақсадида Амур деган бошлиғи билан сим-карта сотади, точкаси бор.

Озодлик: Қайси районда?

- Текстилшчики деган метро ёнида. Ўша Алишер деган бола савдо қилиб турганида учта ўрис бола келиб, ичган ҳолатда, угрожать қилган, “Сим-карта берасан, бермасанг, урамиз!” деб қўрқитган. Стол устида турган қоғозларни, намуналарни ер билан битта қилиб дўппослаган. Боши ёрилган ҳолда ҳозир болницада ётибди...

Озодлик: Бу воқеа қачон бўлган?

- Куппа-кундуз куни, соат тўртларда бўлган!

Озодлик: Жароҳати оғирми?

- Жароҳати оғирлигини “Скорий” келиб олиб кетганидан, боши ёрилганидан билса бўлади. Тўғрисини айтсам, ўзбек бола ўзини ҳимоя қила олмаган. Қаршилик кўрсата олмайди, чунки “закон качать” қила олмайди, ўзингнинг жойинг эмас... Бу шунчаки нацистликка киради, - дейди ҳодиса жойидан қўнғироқ қилган ўзбекистонликлардан бири.

Бу йигитнинг сўзларини тасдиқлаган савдо жойи эгаси, озарбайжонлик Амур калтаклаганлар 4 нафар бўлгани ва улар турли миллатчилик ҳайқириқлари билан ўзбекистонлик йигитни гавжум бўлган метро бекати ёнида дўппослаганини маълум қилди.

- Кеча у менга тўртларда қўнғироқ қилиб, савдо қилиб турганида бир гуруҳ рус йигитлар келиб калтаклаб кетишганини айтди. “Россия для русских! Москва для русских!” деб қичқиришган. Афсуски, мен йўқ эдим. Алишер жуда босиқ йигит. Улар бўлса, тўрт киши экан. Эрталаб касалхонага телефон қилган эдим, аҳволи бироз дуруст, жиддий шикаст етмабди, фақат боши ёрилган. Уларга калтаклаш учун бир баҳона керак бўлган, холос, - дейди озарбайжонлик Амур.

Маҳаллий сотувчи аёлларнинг айтишича, воқеа жойига милиция ходимлари етиб келган ва безориларни бўлимга олиб кетган.

Текстилшчики туманига қарашли милиция бўлимида ҳақиқатан ҳам ўзбекистонлик йигитни калтаклаган безориларга нисбатан жиноий иш қўзғатилганлигини маълум қилишди.

Алишернинг ўзи ҳозирда аҳволи бир мунча дуруст эканлигини айтади. Унинг сўзларига кўра, Алишерни дўппослаганлар ярашиш ва жиноий ишни бости-бости қилиш учун бир неча бор уни учрашувга чақирган.

- Ҳозир у болаларнинг адвокатлари чақираяпти, “кел, учрашайлик “, деяпти. “Москва для русских! Москва для русских!” деб бақирган эди, нацизмлик қилган эди, бўлмаса.

Озодлик: Алишер, аҳволингиз яхшими ҳозир?

- Ўша кунлари озгина бош оғриб юрди, икки кун-уч кун бошим оғриди... Уларни эса “Будем наказивать!” деди мелисахонада. “Суд бўлади”, деди. “Суддан кейин қамоққа ўтирмаса ҳам условний жазоланади”, деди. Кейин эҳтиётроқ бўлади. Шу кунларда иш кетаяпти, терговчи телефон қилиши керак, опознание бўлади, кейин суд бўлади, - деди жабрланган Алишер.

Москвадаги Сиёсий қочқинлар жамияти аъзоси Ахмет Умаров сўнгги пайтларда айрим миллатчи гуруҳлар томонидан Россия жамиятида мусулмонлар ва умуман, муҳожирларга қарши салбий қараш ва ақидалар сингдириб борилмоқда, деган фикрда.

Умаровнинг сўзларига кўра, рус ёшларининг миллатчилик кайфиятидан кимдир ўз мақсадларида устамонлик билан фойдаланмоқда.

- Ит ҳуради, карвон ўтиб бораверади. Текстилшчики туманидаги масжид қурилиши масаласи аслида муаммо ҳам эмас. Рухсат берса – берди, бермаса, биз илгаригидек, қорда ҳам ибодатимизни қилиб оламиз. Гап унда эмас! Масала шу масжидга қаршилик шиори остида жамиятни мусулмон, христиан, рус, татар, ўзбекка парчалаб ташлашда. Алишерни калтаклаган йигитларга ўхшаганлар турли миллатчиларнинг ғоялари таъсири остида, ўзлари тушунмаган ҳолда, жиноятларга қўл ўрмоқда, - деди Сиёсий қочқинлар жамияти аъзоси Ахмет Умаров.

“СОВА” таҳлилий маркази маълумотларига кўра, 2010 йилда миллий адоват юзасидан содир этилаётган жиноятлар сони охирги 6 йил давомида биринчи маротаба қисқаргани кузатилган. Лекин, кузатувчиларнинг сўзларига кўра, миллатчи-тақирбошларнинг жиддий ташкилотларга бирлашиб, бевосита сиёсий ҳаракатларга қўшилиб бораётгани уларни хавотирга солмоқда.
XS
SM
MD
LG