Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:58

"Зўрланган аëлини ташлаб кетаëтган эрлар ўғил бола эмас!"


11-14 июн кунларидаги қирғинда ўз уйида ўтирган ўзбек қиз-жувонлари босқинчилар томонидан зўрланди¸ уй-жойларига ўт қўйилди.
11-14 июн кунларидаги қирғинда ўз уйида ўтирган ўзбек қиз-жувонлари босқинчилар томонидан зўрланди¸ уй-жойларига ўт қўйилди.

29 октябр куни Озодлик Ўш қирғини кунлари зўрланган ўзбек қиз-жувонларининг орадан беш ой ўтиб ҳам на тиббий¸ на маънавий ëрдам ололмай¸ аксинча ўз эрлари ва маҳалла-кўй таҳқирига учраëтгани ҳақида ҳикоя қилган эди. Ўтган икки кун давомида бу аëлларга ëрдам берамиз¸ деган аëллар ҳаракат бошладилар.


1 ноябр куни шундай аëллардан иккитаси зўрланган аëлларга ëрдам йиғиш кампаниясини бошлаган Иззатулла Раҳматуллаев олдига келди ва ўз миллатдош¸ юртдошларини бундай оғир ҳолда ташлаб қўйиш гуноҳлигидан гапирди.

Бу аëллардан бири Озодлик билан суҳбатда Ўш ва Жалолобод қирғини кунлари эркаклари ҳимоя қила олмаганидан босқинчилар томонидан зўрланган аëлларга нисбатан бугун ўз эрлари¸ қайнона ва маҳалладагилар томонидан бўлаëтган муносабатни "Оллоҳни танимаслик" дея атади.

- Мен Ҳафиза Маҳмудоваман. Ўзим ўшликман. Озодликнинг ашаддий мухлисиман. Ҳар кун эрталаб ва кечқурун эшитаман. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулла Раҳматуллаевнинг Озодликда берилган гапларини эшитиб, бу аëлларнинг кўргиликларини эшитиб, ҳеч чидай олмадим. Кечаси билан ухламадим. Қорасув жомеъ масжидининг имом хатиби Рашод қорининг гапларини эшитиб йиғладим. Бу аëлларнинг бокира эканлигини яна бир марта гапирилди, ҳақиқатан бу аëллар бокира. Қайси инсон, қайси аëл шу кўйга тушай дейди? Юрагида, танасида қони оқаëтган инсон бундай кунни кўрай демайди. Шу куни эшитиб мен чиқиб қўни-қўшниларга айтдим. Маҳалладаги айрим аëлларимиз “Қанча бўлса ëрдам берайлик буларга. Булар ҳаëтда она. Булар яшасин. Болалари учун омон бўлсин” деган гапларни айтди. Икки кундан бери қидириб, шу болани мана бугун топиб келдим. “Ëрдам қандай бўлади?” десам, мана менга тушунтирди бўладиган ишларни. Энди Худо хоҳласа¸ қараб турмаймиз.

Озодлик: Ҳафиза опа, сизга ўхшаганлар кўпми? Ëки “Ҳа энди ўзида ҳам айб бордирда” деб ўзини четга тортиб...

- Йўқ, йўқ, йўқ, йўқ. Аëллар ўтириб йиғлади. Йиғлаб-йиғлаб улар “Ëрдам берайлик. Биз билмабмиз. Биз эшитмабмиз” деб гапирди. Эшитганмиз бундай бўлганларини, дейди, мана Иззатулла мурожаат қилгандан кейин булар яна ҳам йиғлаб “ëрдам берайлик” деяпти. Шунчаки¸ деган гап йўқ. Айтинг ўзингиз. Шу ишларга қандай қилиб “шунчаки” деган гап бўлади? “Ëрдам берамиз. Қандай ëрдам бўлса, ëрдам қилайлик” дейишди.

Озодлик: Ҳозир бизга Лондон ва бошқа жойлардан телефон қилиб, “10-15тасини даволатишга ëрдам берамиз” дейишаяпти. Зора сизга ўхшаган иймонли аëллар ва эркаклар топилиб, шу аëллар ҳаëтга қайтса яна. Фақат маҳалла-кўйларда эрларининг ташлаб кетаëтгани, гап-сўз қилаëтгани, ҳақорат қилаëтгани ўлганнинг устига тепган бўлаëтган экан. Бунақа муносабатни жойида тўхтатиш керак эмасми?

- Шуни айтмоқчиманда. Шу аëлларнинг ëнига кириб, ташлаб кетаëтган эрлар ўғил бола эмас. Эркак эмас у. Қандай қилиб ўзининг болаларининг онасини ташлаб кетади? Айтингчи¸ қандай ташлаб кетади? Энди сенга хотин бўладими бўлмайдими¸ болаларингнинг онасику. Мунчоқдай болаларингнинг онасику¸ қандай ташлаб кетасан-а, қандай? Етти ëт бегоналар ëрдам бер¸ деб гапираяпти. Албатта¸ гапирамизда. Бу аëлларга “Сизлар ҳеч ҳам ўйланманглар. Сизлар ҳеч сиқилманглар” деган гапларни қиламизда. Агар ҳозир мен булар билан учрашсам, гапираман. Иложи борича ëрдам қилайлик. Қайси клиникада, қайси болницада, Ўшда бўлса Ўшда, кучи етмаса бошқа мамлакатларга, бошқа шаҳарларга жўнатайлик. Ëрдам қилайлик, қараб турмайлик. Бир одам ўлса, 1000 одам кўмади. Битта овқат битта ариқдан бир одам олса, неча одам ичади буни. Бир одамга қараб турмасдан, қараб қўйсак ëмон бўлмайди. Савоб ишни ҳар кун¸ ҳар вақт қил¸ деяпти.

Озодлик: Мана зўрланганларнинг орасида бокира қизлар бўлган экан. Бизга баъзи йигитлар телефон қилиб “Менга беринглар ўша қизларнинг адресини. Мен уйланаман. Улар бокирадан ҳам бокира” дейишаяпти. Ҳарқалай кўнгилга малҳам бўладиган гаплар чиқаяпти¸ Худога шукур.

- Мана шунақаларни айтиб шу қизларнинг кўнглини кўтариб, “Сизларга мана бунақа йигитлар уйланаман деяпти. Сизлар мана бунақасизлар” деган гапни гапирса, у қизлар ҳаëтга қайтадию, тўғрими? Ўлган юрагига тепган қилиб ташлаб кетгани билан “Кулма қўшнингга, келар бошингга”. Сенга унақа кун келмаса, бошқа кун келади Оллоҳдан. Ҳеч ҳам қараб туриш керак эмас. Ҳеч чидашнинг иложи йўқда. Юракдан қайнаб чиқмабдими отилиб, қандай ташлаб кетади? “Олиб келиб берсин. Биз ўзимиз боқайлик” деган кунларимиз ҳам бўлаяпти. Аëлларимиз йиғлаб-йиғлаб дуо қилаяпти. Исломни таниган, намоз ўқиган, Оллоҳни таниган, Оллоҳни таниган одам ташлаб кетмайди ва бу тўғрида ëмон гап ҳам қилмайди. Ким бунақа бўлай дейди? Ким шунақаларнинг қўлига тушай дейди?

Ëнган бўлса, уйлари кўкка совурилган бўлса. Мен яна бир марта айтаман шу қизлардан қўрқиб, қизларини арзон қилиб бериб, “Нима бўлса ҳам тинч бўлсин. Номуси пок бўлсин” деб арзон-арзон бериб қўйган қизларни, қаранг қачон эс кираркан бу қайноналарга, қачон бу ўзбегимнинг ақли кираркан? “Бир кило гўштга олганман. Икки кило гўштга пул харжласам¸ яна сендай келин оламан” деб камситаяпти экан. Буларга қарши ҳам биз маҳаллада кураш қилдик. У келган совчиларга ҳам айтиб ниҳоятда адабини бераяпмиз. Қандай ҳаëт бу-а? Шу гапми? Ахмоқнинг гапида бу.

Маҳаллага келган совчиларни чақириб олиб, “Сизлар ҳам шунақа қиласизларми?” деб кўпини йўлга солдик. Гаплар бўлди. Энди бўлаяпти. Биз энди буни кенгайтирамиз, айтамиз. Савоб иш қилганингни, берганингни билдирма Оллоҳга дейдию. Энди булар ҳам номус қилар экан. Номус қилгани учун билдирмасдан ишқилиб Худойим буюрса, ëрдам қўлини чўзамиз.

Озодлик: Раҳмат. Ҳафиза опа, сиздан ва сизга ўхшаган аëллардан Оллоҳ рози бўлсин.

- Раҳмат сизларга ҳам. Сизларнинг ҳам овозларингиз дунëда ҳамиша жаранглаб турсин.

Эслатма:

Ўш ва Жалолобод қирғини кунлари босқинчилар томонидан зўрланиб¸ бугун ҳам жисмоний¸ ҳам руҳий азобда қолган Ўзбек қиз-жувонларига тиббий ва руҳий ëрдам кўрсатилишига ҳисса қўшмоқчи бўлган миллатдошлар диққатига:

Қирғизистонда тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган бу аëлларнинг Ўзбекистон¸ Қозоғистон ëки Россияда даволанишлари учун хайрия қилмоқчи бўлганлар ўз хайрияларини қуйидаги ҳисоб рақамига жўнатишлари мумкин:

DEMIR KYRGYZ INTERNATIONAL BANK
Иззатилла Рахматиллаев
62561
KGS Acc: 1180000027957832
USD Acc: 1180000027957630


Иззатулла Раҳматуллаев билан боғланмоқчи бўлган миллатдошлар учун ҳуқуқ фаолининг телефон рақами: +996 772 666 263¸ электрон почта манзили эса: zakon_poryadok@inbox.ru

Бу жабрдийдаларга оғир кунда ëрдам қўлини чўзганлардан Оллоҳ рози бўлсин!
XS
SM
MD
LG