Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:18

"Қандоқ қилиб айтамиз?"


Бугун ўзбек йигитлари дунёнинг турли чеккасидан Озодликка қўнғироқ қилиб, Ўшда зўрланган қизларга уйланиш нияти борлигини билдирмоқдалар. Ўшда эса айрим онахонлар номуси ўз ихтиёрига қарши топталган қизларни хор қилмоқда.

Ўшда зўрланган қизлар ҳақида илк бор радионинг Прагадаги бош қароргоҳида ишлаб турган пайтим эшитган эдим. Уч опа-сингил ўз уйида зўрланганлигини ўзбек-қирғиз чегарасида жон сақлаётган опалар гапириб берганди. Ўшанда улар қизларнинг исм-фамилиясини ҳам берган эди.

Сентябр ойида Ўшга қилган сафаримда Рўзихон исмли ўзбекнинг жонкуяр опахонларидан бири менга ҳамроҳ бўлди. Шу опа сабабли зўрланган аёллар, қизлар билан кўришишга муваффақ бўлдим.

Ўшнинг ўзбек маҳалласида қариндошиникида ўша уч опа-сингилни кўрдим. Аниқроғи, шулардан иккисини. Учинчи, энг кенжа зўрланган қиз меҳмонлар билан учрашмас экан. Ҳали 18 га ҳам кирмаган бу қиз ҳануз карахт ҳолатда.

Қизларнинг ҳикояси мен бир неча ой олдин эшитган ҳикоядан оз фарқ қилади. Баъзи бир ваҳшийлик усуллари ўшанда қўшиб айтилганлигини ҳисобга олмаса, воқеа ўша-ўша.

Улар ҳақида радио учун репортаж қилиш нияти билан борган бўлсам-да, бу ниятдан тезда қайтдим. Қизлар исташмади, уларнинг аяси истамади. Менда ҳам уларнинг ярасига туз сепиш нияти йўқ эди.

Ҳозир синглимдек бўлиб қолган ўртанчаси билан телефонлашиб тураман, баъзан интернет орқали ҳам хат ёзиб туради.

Сайтимизга келаётган уйланиш ниятини билдираётган йигитларнинг фикрини ўқиб, яна қўнғироқ қилдим. Чунки бокирадан-да бокира қизларга илиндим шундай мард йигитларни.

- Билмадим. Қандоқ қилиб айтаман? Ахир уларнинг кимлигини билмасам? Кейин, опа, мен энди фақат карьера қилишни ўйлаяпман. Пешанамда шундай ёзилган бўлса керак, - деди хўрсиниб тутинган синглим.

Бу қизникига совчилар келиб туришган экан. Бир марталик совчилар. Ўшлик совчи аёллар опа-сингилларнинг қаерда яшаганини эшитиб, “ээ, сизлар ҳалигиларми?” деб, иккинчи бор келмаётган экан.

- Унақа деманг. Мана, бизга яхши, мард йигитлар ёзаяпти. Сиздек хўрланган қизларга бахт бор, - деб овутишга уриндим.

Шу билан бирга, "беш бармоқ бир эмас"лигини ўйладим. Наҳотки, шундай ваҳшийлик кўрган ўшликлар яна совчиликка келиб, шундай қилиқ қилса?

Аям раҳматли: “Совчилар олдин маҳалладан қизни сўраб, кейин ҳовлига киради”, дер эди. Урф-одатни рўкач қилаётган совчи аёллар шу одатни қилса бўлмасмикин¸ уч қизини ваҳшийлардан ҳимоя қилишга кучи етмаган ота-онани эзмасдан? Бокира қиз қидираётган ўшлик онахонлар Ўш қирғинини, ўша кунги даҳшатни унутдими?

Бу каби саволларни беравериб, жавобсизлигидан чарчадим. Ўшда ўз дардини ичига олиб яшаётган опа-сингиллар бир-бир кўз олдимга келади. Улар балки уялганидан, “мен мана, ўша зўрланган қизлардан бири” дея айта олмас...

Ишонаман, бу опа-сингиллар¸ албатта¸ бахтли бўлади. Чунки бир неча ваҳшийлар томонидан зўрланганлар ўша азобни бугун унутишга ҳаракат қилаяпти. Улар ҳаётини давом эттираяпти. Шунинг ўзи бу сингиллар, бу опаларнинг қанчалик кучли эканини кўрсатмайдими?
XS
SM
MD
LG