Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:45

Янги Уренгойда наманганлик марҳум имом ўрнини ўғли эгаллади


"Нур Ислом" масжидининг янги имоми 28 ëшли Муҳаммад Акбаров.
"Нур Ислом" масжидининг янги имоми 28 ëшли Муҳаммад Акбаров.

Янги Уренгойдаги «Нур Ислом» масжиди имоми этиб жорий йил октябр ойида отиб кетилган асли ўзбекистонлик имом Исомуддин Акбаровнинг тўнғич ўғли¸ 28 ёшли Муҳаммад Акбаров сайланди. Янги имом ўз отаси ишини давом эттириш ниятида эканини айтмоқда.

Ямал-Ненец мухтор вилоятининг Янги Уренгой шаҳрида жойлашган энг йирик ва кўп миллатли мусулмонлар жамоаси масжид собиқ имоми¸ марҳум Исомуддин Акбаровнинг тўнғич ўғли Муҳаммад Акбаровни бир овоздан “Нур Ислом” масжидининг янги имоми этиб сайлади.

Айни номдаги маҳаллий диний ташкилот раҳбари Хамзат Черноморченконинг Озодликка айтишича, бу билан жамоа ўз орасида диний билим бобида Муҳаммадга тенг келадигани йўқлигини эътироф этган.

- Жамоамиз йиғинида икки кишининг номзоди кўриб чиқилди. Жамоа аъзолари бир овоздан Муҳаммадни имом этиб сайлади, чунки у юқори билим савиясига эга. У Мадина Ислом университетида 10 йил таҳсил олган. Шу сабабли ундан бўлак бошқа нуфузлироқ номзодни нафақат шаҳримиз, балки бутун Ямалда топиш жуда қийин, дейди маҳаллий мусулмонлар диний ташкилоти раҳбари Хамзат Черноморченко.

Диний ташкилот етакчисига кўра, асли ўзбекистонлик марҳум имом Исомутдин Акбаров Янги Уренгой масжидини бошқаришни бошлаганида маҳаллий мусулмонлар жамоаси 7 кишидан иборат бўлган. Бугунги кунга келиб¸ “Нур Ислом” масжидида минг кишилик доимий мусулмонлар жамоаси шаклланган.

Янги Уренгойнинг 28 ёшли янги имоми Муҳаммад Акбаров¸ Озодлик билан суҳбатда масжид жамоасининг ўзига билдирган ишончини қадрлашини айта туриб¸ отаси бошлаган ишни давом эттиражагини билдирди.

- Бизнинг Уренгойдаги масжидда 22 миллат бор. Тюмендан келганимдан кейин 22 миллат жамоасини чақириб, улардан катталарини вакил сифатида танлаб олдик. Бу вакилларга мен Сурияда ўқиб келган Усмон деган болани номзод сифатида таклиф қилдим. Лекин бирорта вакил рози бўлгани йўқ: “Сен ўзинг бўл!”, деб мени қўйишди. Ўзим олиб борадиган бўлдим. “Нима бўлганда ҳам жамоатимиз ўзимизники ва ў ўзгаришсиз қолади, бизга бошқа имомнинг кераги йўқ!”, дейишди. Шундай қилиб ўзлари сайлашди.Ишонч билдирилди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда янги имом.

Суҳбат давомида биз Муҳаммад Акбаровнинг имомликка қадар бўлган фаолияти билан ҳам қизиқдик.

- Мен Мадинада Шариат университетини тугатганман. Келганимга тақрибан бир ярим йил бўлди. Мадинага боришдан олдин Россияда арабларнинг қўлида ўқиганман, яъни араб тилидан маълумотим бўлган. Қолган маълумотни ўша Мадина университетида олганман. Отам ўзлари мени диний йўлда тарбия қилганлар, шу мақсадда диний ўқишга жўнатганлар¸ дейди Муҳаммад Акбаров.

Суҳбатдошимиз¸ Россия¸ хусусан пойтахт Москвада миллий ва диний асосдаги кескинлик кучайиб бораëтган айни кунларда мусулмонлар жамоасига бош бўлиш маъсулияти оғирлигини эътироф этади.

- Бундай воқеалар (миллатчилар чиқишлари - таҳр)бизнинг Новий Уренгойда ҳам бўлиб ўтди. Лекин шаҳримиз катта бўлмаганлиги учун ҳамма миллат вакилларини чақириб бу нарсани сўндирдик. Маҳаллий ҳукумат ҳам биздан ёрдам сўради, чунки “Нур Исломнинг” айнан Уренгойда диний бирлашмалар орасида обрўси жуда кучли. Биз тўхтатдик бундай чиқишларни. Бунинг ҳаммаси тарбиясизликдан, динсизликдан келиб чиқади. Айбни 100 фоиз бир томонда, деб бўлмайди. Чунки бизнинг мусулмонларда ҳам хатолари бор. Лекин бизда ҳозир диний одамларга эрк берилмаётир. Агарда эрк берганда эди¸ бу нарсаларни бир пасда йўқ қилиб юборса бўлади¸ дейди мингдан ортиқ мусулмонни бирлаштирган Янги Уренгой масжидининг 28 ëшли имоми.

Муҳаммад Акбаров Озодлик билан бўлган суҳбатда отасининг отиб кетилганлиги юзасидан олиб борилаётган терговда ҳозирча янги маълумотлар йўқлигидан афсусда эканини ҳам қўшиб ўтди.

Айни пайтда¸ бу масалада Озодликка маълумот берган Тюмен вилояти прокуратураси тергов бўлими ходими Евгений Казаков¸ тергов жараëнида муайян натижаларга эришилганини билдирди.

- Бу иш юзасидан оператив маълумот олинган. Лекин тергов манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳозирча натижаларни эълон қилмаймиз. Тергов-қидирув ишлари давом этмоқда ва бу иш вилоят тергов бўлими бошлиғининг махсус назорати остида, деди прокуратура терговчиси Евгений Казаков.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 10 октябрида Янги Уренгой масжиди имоми Исомуддин Акбаров номаълум кимсалар томонидан уйига кетаётганида ўз машинасида отиб кетилган эди. Асли Наманган вилоятининг Уйчи тумани Машад қишлоғидан бўлган 51 ёшли Исомуддин Акбаров 90-йиллар ўрталарида Янги Уренгойга келиб жойлашган.

Ўз отаси ўрнига имом этиб сайланган Муҳаммад¸ Исомуддин Акбаров ортидан қолган 10 нафар фарзанднинг тўнғичидир.
XS
SM
MD
LG