Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:32

Лукашенко яна бир бор қасам ичди


Александр Лукашенко шунча жанжлларга қарамасдан, президент сифатида яна қасам ичаётганига Худога шукр қилди.
Александр Лукашенко шунча жанжлларга қарамасдан, президент сифатида яна қасам ичаётганига Худога шукр қилди.

21 январ куни Минскда навбатдаги беш йиллик муддатга қайта сайланган президент Александр Лукашенко қасамёдга келтирилди. Лукашенко режимига қарши санкция жорий қилиш масаласини кўриб чиқаётган АҚШ ва ЕИ инаугурация маросимига ўз элчиларини юбормади.


21 январ куни Минскдаги Республика сароийда Александр Лукашенконинг президент сифатида қасамёдга келтириш маросими бўлиб ўтди. Инаугурация марсимида сўзга чиққан Александр Лукашенко шундай деди.

- Ҳа, биз шак-шубҳасиз ғалаба қозондик. Бу ерда нафақат президент сайловлари, балки мамлакатнинг келажаги масаласи – мустақил ва кучли бўлиш ёки қарам давлатга айланиб қолиш масаласи ҳал этилди. Кеча, ҳатто европаликларнинг сайловларимиз ва уларнинг натижаларига эътирозлари йўқлиги маълум бўлди. Худога шукр!- деди Александр Лукашенко.

Лукашенко “рангли инқилоблар” вируси фақат иқтисодий-ижтимоий муаммоларга дуч келган ва ҳокимият аҳоли билан қарамақаршиликда бўлган давлатлардагина рўй бериши мумкин, дея таъкидлади.

Ўтган йилнинг 19 декабрида ўтказилган президентлик сайловида Лукашенко қарийб 80 фоиз овоз билан тўртинчи муддатга президент этиб сайланди.

Сайловдан кейин ўтказилган норозилик намойишида юзлаб беларуслар, жумладан мухолифатдан президентликка номзодлари кўрсатилган сиёсатчилар калтакланди ва ҳибсга олинди.

Бироқ Лукашенконинг “европаликларнинг бизга даъволари йўқ”, дейиши юмшоқ қилиб айтганда, ҳақиқатдан йироқдир. Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайлов ва мухолифат вакилларининг норозилик намойиши куч билан бостирилгани халқаро ҳамжамият, айниқса, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан кескин танқид қилинмоқда.

Европа Иттифоқи Лукашенкони қасамёдга келтириш маросимида иштирок этмаслигини билдириб ўз вакилларини юбормади.

- Бу қарор Европа Иттифоқига аъзо 27 мамлакат томонидан қабул қилинган. Бу сайловларга нисбатан бизнинг муносабатимиз мутлақо аниқ,- деди пайшанба куни Брюсселдаги брифингда Европа комиссиясининг расмий вакили Майя Коцянчич.

20 январ куни Европа парламенти Страсбургда Беларусдаги қатағонларни қоралаб махсус резолюция қабул қилди. Ушбу резолюцияда 19 декабр кунги президент сайловлари Беларусда демократик ўзгаришларни ясаш имкониятини бой бериш, дея таърифланди ва мамлакатда ЕХҲТ стандартлари асосида янги сайловлар ўтказиш чақируви баён қилинди.

Шунингдек резолюцияда Беларуснинг бир қатор юқор лавозимли расмийлари, жумладан президент Александр Лукашенкога Европа Иттифоқига киришига таъқиқ жорий этиш ва уларнинг Европадаги молиявий маблағлари “музлатилиши” борасида чақирув билдирилди.

Айни пайтда, Европарламент Беларусдаги фуқаровий жамиятга кўмак бериш ҳамда ўз сиёсий қарашлари учун босимга учраган беларусларга виза режимини енгиллаштиришни ҳам тавфсия қилди.

31 январда Европа Иттифоқи томонидан муҳокама этилиши кутилаётган Якуний хужжатга кўра, санкциялар Беларусда барча сиёсий маҳбуслар озод этилмагунича ва уларга нисбатан жиноий айбловлар бекор қилинмагунига кучда қолиши кўзда тутилган.

АҚШ Давлат департаменти вакили Филип Кроули Европа Парламентининг Лукашенко режимига оид қабул қилган резолюциясини қўллаб-қувватлашини билдирди ва бунда аввал Беларусга нисбатан қўлланган санкцияларни қайта жорий қилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Европарламент раиси Ежи Бузек Беларусга нисбатан нафақат иқтисодий чоралар, балки 2014 йилда Минскда ўтказилиши белгиланган хоккей бўйича Жаҳон чемпионати бекор қилиниши мумкинлигини ҳам маълум қилди.

Беларус президенти ўз ҳукуматига ЕИнинг санкцияларига жавобан қатъий чораларни ишлаб чиқишни буюрди.

Беларус Олий кенгаши собиқ раиси Станислав Шушкевич Озодлик билан суҳбатда Ғарб мамлакатлари санкцияларни қўллашда ҳақ эканлигини айтади.

- Албатта улар ҳақ. Бу мутлақо аниқ-ку, чунки сайловларда мағлуб бўлган шахснинг инаугурациясига йўл қўймаслик керак. У сайловларда қаллоблик йўли билан ғолиб чиқди, аслида у 30 фоиздан ортиқроқ овоз эгаллаган холос. Шу сабабли у ҳокимиятни қатағонлар ва бандитчилик билан ушлаб турган шахсдир,- деди Станислав Шушкевич.

Европарламент депутатларининг фикрига қўшилмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Беларус Славян қўмитаси раҳбари Сергей Костян Ғарбнинг мамлакат ички ишларига аралашувидан хафсаласи пир бўлганини айтади.

- Бу жуда ғалати санкциялар. Менимча, бундай муносабат билдириш мутлақо мумкин эмас, чунки ҳеч кимнинг ўз ғоялари, қарашларини бизга мажбуран ўтказишга ҳаққи йўқ. Халқимиз ўз қарорини қабул қилди. Беларусларнинг кўпчилигини қабул қилган қарорни ҳурмат қилинг, илтимос. Мен бу санкцияларни бемаъни, қандайдир қолоқ ўрта аср воқеълиги сифатида қабул қиламан,- дейди Лукашенкони ёқловчи ҳаракат раҳбарларидан бири Сергей Костян.

Маълум бўлишича, Беларус президенти инаугурацияси маросимида Москва номидан Россиянинг Минскдаги элчиси Александр Суриков иштирок этди. Таъкидлаш жойизки, Кремлнинг Беларус сайловларига ўта эҳтиёткорона муносабат билдирганига қарамасдан, маросимга Россиянинг юқори раҳбариятидан бирор киши таклиф қилинмаган. Экспертлар буни Москва ва Минск ўртасидаги совуқчилик ҳанузгача сақланиб қолганидан дарак,- деб ҳисобламоқда.

Беларус ҳукуматига ЕИ томонидан кескин санкциялар қўлланилиши 24 январ куни Европа Иттифоқи раҳбариятининг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан бўлажак учрашувга қизғин тайёргарлиги жараёнида амалга оширилмоқда.

Сиёсий ва ҳарбий тадқиқотлар институтининг таҳлил бўлими мудири Александр Храмчихин Европа Иттифоқи томонидан қўллилаётган санкцияларни ижобий баҳолаган бўлсада, европаликларни иккиюзламачиликда айблайди. Бундай санкцияларни Европа Ўзбекистонга нисбатан ҳам қўллаши лозим эди, дейди у.

- Бу қўш-стандартли сиёсатнинг ўзгинаси. Европаликларда “Бу Осиё, ундан нимани талаб қиламиз?” деган фикр ҳам йўқ эмас. Қолаверса, Ўзбекистон орқали Афғонистонга юкларни транзит қилиш эҳтиёжи Европанинг Ўзбекистонга қарамлигини оширмоқда, газ-нефт деганларидек... Мисол тариқасида, Саудия Арабистони дунёда энг тоталитар тузумга эга бўлишига қарамасдан, Европанинг энг муҳим стратегик ҳамкори саналади. Шу сабабли қарамлик мавжуд экан иккиюзламачилик стандартлари сақланиб қолаверади,- дейди Озодликка Москвадаги Сиёсий ва ҳарбий тадқиқотлар институти таҳлилчиси Александр Храмчихин.
XS
SM
MD
LG