Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:32

Қорасувликлар Рашод қори озод қилиниши талаби билан чиқди


Қирғизистон жанубидаги Қорасув шаҳри марказида 18 январ куни ҳибсга олинган Рашод қори Камолов ва шу кунларда ҳибсга олинаётган бошқа ўзбекларнинг озод этилишини талаб қилиб 400 дан ортиқ одам йиғилди.

Бу ҳақда Озодликка боғланган қорасувликларнинг сўзларига кўра, пешин намозидан сўнг Рашод қори Камолов имомлик қилиб келган Жомеъ масжиди ёнига йиғила бошлаган кишилар ҳамшаҳарлари озод қилинмагунга қадар тарқалмасликни ният қилган.

Эслатиб ўтамиз, Қорасувдаги Ас-Сарахсий жомеъ масжиди имом-хатиби Рашод қори Камолов ўтган ҳафта Бишкекда қўлга олинган. 21 январ куни Озодликка гапирган Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг ўзини таништирмаган ходимаси Камоловга Қирғизистон Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-банди (фирибгарлик) бўйича жиноят иши очилганини маълум қилганди.

Бугун Қорасувда бошланмиш стихияли митинг иштирокчилари сафида бўлган Яҳё Умурзоқов сўнгги кунларда шаҳарда истиқомат қиладиган ўзбек оилалари ҳибсга олина бошлагани ҳақида сўзлади.

- Бугун эрталаб шаҳардаги ота-болани олиб чиқиб кетишди. Уйига 23 та ўқ қўйишганини аёли кўриб қолса ҳам тан олмасдан, уларни олиб кетишган. Ҳозир бўлса: "Уйидан пистолет ҳам чиққан", деяпти. Уч-тўрт кун олдин ҳам иккита биродаримизни олиб чиқиб кетишган эди. Ҳозир уларга ҳам зулмлар бўлаяпти экан. Уларнинг ҳаммасини озодликка чиқарилишини талаб қиламиз, - дейди қорасувлик норозилардан бири.

Озодлик билан суҳбатлашган яна икки қорасувлик сўзларига кўра, айни дамда шаҳар марказига йиғилаётганлар сони ортмоқда ва улар шаҳар маъмурияти билан музокара қилишга ҳозирлик кўрмоқда.

Қорасув шаҳридаги марказий Ас-Сарахсий жоме масжидининг ёши 35 га кетаётган имом-хатиби Рашод қори Камолов 2010 йилнинг 12 июлида ҳам қўлга олинган, Қорасув шаҳар ички ишлар бўлимида бир неча соат ушлаб турилган ва уни озод қилишни талаб қилган қорасувликларнинг стихияли митингига бир неча минг киши йиғилгач, қўйиб юборилган эди.
XS
SM
MD
LG