Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:51

Дубайда ўзбекистонлик аёл қўшмачиликда айбланмоқда


Бирлашган Араб Амирлиги прокуратураси айбномасига кўра, ўзбекистонлик аёл 21 ёшли молдован қизни Дубайга фаррошлик қилиш ваъдаси билан олиб келиб, квартирага қамаб қўйган. У қизнинг паспортини тортиб олиб, нотаниш эркаклар билан фоҳишалик қилишга мажбурлагани айтилмоқда.

Бирлашган Араб Амирлигида одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда гумонланаётган 38 ёшли ўзбекистонлик аёл маҳкамага тортилди.

Амирликда чиқадиган Gulfnews нашрининг ёзишича, исми ошкор этилмаётган бу аёл молдовалик қизни кунига 160 доллар эвазига фоҳишалик қилишга мажбурлаган.

Аммо чоршанба кунги маҳкамада аёл ўзига қўйилаётган айбловларни рад этди. Дубай маҳкамаси олдида ҳозир бўлган аёл: "Мен айбдор эмасман, бўлмаган гап", - дея ҳакамлар билан тортишган.

Бирлашган Араб Амирлиги прокуратураси айбномасига кўра, ўзбекистонлик аёл 21 ёшли молдован қизни Дубайга "фаррошлик қиласан" деган ёлғон ваъдалар билан олиб келиб, квартирага қамаб қўйган.

У қизнинг паспортини ҳам тортиб олиб, нотаниш эркаклар билан фоҳишалик қилишга мажбурлаган. Мижозлардан тушган пулни эса ўзбекистонлик аёл ўз чўнтагига урган.

Суддаги кўрсатмасида молдовалик қиз Дубайда борарга ери бўлмаганлигидан фоҳишалик қилишга мажбур бўлганини айтган.

- Дубайда уйим, танишларим бўлмагани учун бунга рози бўлдим. Бу аёл мени эркакларга ҳизмат қилиш учун квартирама-квартира олиб юрди, айрим пайтларда мижоз топиш учун у бизни тунги клубларга ҳам олиб борарди. Квартирадан ўзимизча чиқишимизни тақиқлаб қўйганди. Бир кеча учун мижозлардан 1000 драҳам, бир соат учун 500 драҳам, бир марталик хизмат учун эса 300 драҳам пул олар эди, - деб айтган молдовалик қиз ўз кўрсатмасида.

Қиз мижозларга дардини тўкиб-сочганидан кейин унинг ёнига келган эркаклардан бири 999 рақамини териб, полицияга қўнғироқ қилишни маслаҳат қилган.

Полиция чақирилганидан кейин квартира тинтув қилиниб, қўшмачи аёл ҳибcга олинган.

Gulfnews нашрининг ёзишича, қўшмачиликда гумонланаётган ўзбекистонлик аёл устидан Дубайдаги навбатдаги маҳкама 16 мартда бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG