Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Ўзбекистонда қўшмачиликка кўз юмган миршаб ишдан олинди


Тошкентда яширин фоҳишахонани “кўриб-кўрмаганликка олган” ички ишлар нозири Одилбек Файзиев судланди ва ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Регнум ахборот агентлиги Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таянган ҳолда хабар қилади.

Агентлик манбаси 2007 йил кузида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси вакили Файзиев гувоҳлар иштирокида рейд ўтказган чоғида “Миллениум” саунасида фаҳш ишлари амалга оширилаётганини билгани ҳолда бу ҳақда керакли ҳужжатларни расмийлаштирмагани ҳамда ўз бошлиқларига хабар қилмаганини айтади.

Маълум бўлишича, мазкур сауна эгаси Дмитрий Цай ёстиқдоши Виктория Лагай билан биргаликда ўз уйи ва “Миллениум” саунасида узоқ йиллар давомида қўшмачилик билан шуғулланган.

Яқинда бўлиб ўтган маҳкама жараёнида мазкур шахсларнинг жинояти исботланган. Пировардида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан айбдор топилмиш Дмитрий Цай 10 йилга, Виктория Лагай эса 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, суд улардан давлат фойдасига 32 миллион сўм ундириш ҳақида ҳукм чиқарган.

Ички ишлар ходими Файзиев эса амнистия ҳақидаги акт асосида озод қилинган. Бироқ унинг ҳам миршаблик коржомаси билан хайрлашишига тўғри келди - кўпчиликка овоза бўлган бу ишдан кейин Файзиев ишдан бўшатилди.
XS
SM
MD
LG