Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:43

Виктор Илюхин вафот этди


Виктор Илюхин Гдляннинг Ўзбекистонга юборилишини сиёсий хато, дея атаган эди.
Виктор Илюхин Гдляннинг Ўзбекистонга юборилишини сиёсий хато, дея атаган эди.

19 март куни Россия Давлат думаси депутати Виктор Илюхин вафот этди. Илюхин собиқ СССР Бош прокуратураси тергов бошқармаси бошлиғининг ўринбосари сифатида 1980 йилларда Ўзбекистонда Тельман Гдлян ва Николай Иванов олиб борган “пахта иши”га қарши чиққан эди.


Виктор Илюхинни Ўзбекистонда “пахта иши” ёки “ўзбеклар иши” деб аталган кампанияга қарши чиққан сиёсатчи сифатида эсда қолади.

1970 йиллар охирида бошланиб, 1980 йилларда авж олган “ўзбеклар иши”ни олиб борган собиқ СССР бош прокуратураси тергвочилари Тельман Гдлян ва Николай Ивановлар “порахўрликка қарши кураш” баҳонасида минглаб ўзбекларнинг ёстиғини қуритди. Бунда вилоят марказқўм раисларидан тортиб оддий бригадирларгача мол-мулклари мусодара қилиниб, қамоққа ташланди.

1987 йилда собиқ иттифоқ бош прокуратураси тергов бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимини эгаллаган Виктор Илюхин Ўзбекистонда Гдлян-Иванов гуруҳи олиб борган терговнинг ноқонуний эканини фош эта бошлади. Тарихдан яхши хабардор Илюхин “арман миллатига мансуб терговчининг мусулмон, боз устига туркийзабон республикага юборилиши кечириб бўлмайдиган сиёсий ва стратегик хатодир”, деган эди ўша пайтда қилган чиқишларидан бирида.

Виктор Илюхин Гдлян-Иванов тегов гуруҳини Ўзбекистондан ҳайдаш учун икки йил курашди. 1990 йилда у Гдлян-Иванов гуруҳини Ўзбекистонда “ноқонуний усулларни қўллаб, тергов олиб борган”ликда айблаб, уларга қарши жиноий иш қўзғади.

“Оломон бу икки одамни катта азиятлар чекиб, тергов ўтказган, деб ўйлайди. Аслида эса улар қонунни бир тийнга олмайдиган кимсалардир”, деган эди Гдлян ва Иванов ҳақида Илюхин.

Унинг Гдлян-Иванов гуруҳига қарши олиб борган ҳаракатлари туфайли "ўзбеклар иши" доирасида қамалган минглаб ўзбеклар оқланиб, озодликка чиқди.

Бош прокуратура тергов бошқармаси раҳбари сифатида у 1989 йилги Фарғона воқеаларини текшириш бўйича давлат комиссиясига етакчилик қилган.

Илюхин шунингдек Тоғли Қорабоғ можаросини ўрганган давлат комиссияси раиси ҳам эди.

Бундан икки йил аввал “Вести.аз” агентлигига берган интервьюсида Илюхин Тельман Гдлян Ўзбекистондан ўмариб кетган миллионлар Тоғли Қорабоғ можаросига сарфаланганини айтган эди.

В. Илюхин: Тельман Гдлян Ўзбекистонда қўллаган "тергов усуллари қатағон йиллари усулларидан фарқ қилмас эди."
“1989 йилда Бокуга борганимда, ўша пайтда Озарбайжон КГБси раиси Гореловский менга Гдлян Ўзбекистонда ўмарган миллионлар ҳозир Тоғли Қорабоғда “жанг” қилмоқда, дея гапириб берган. Мен бу эҳтимолдан йироқ эмас, дея жавоб қайтардим, чунки Гдлян гуруҳи Ўзбекистонда тўплаган ашёвий далиллар ревизия қилинганида тергов ҳисоботида айтилган 100 миллион рубл миқдоридаги ноқонуний топилган қимматбаҳо моллар ва “нақд пул” йўқлиги аниқланди. Биз ҳаммаси бўлиб 45 миллион сўмлик мол-мулк мусодара қилинганини аниқладик. Лекин у пуллар ҳам йўқ эди. Қани ўша пуллар? Охир оқибат, жиддий текширувлар натижасида 30 миллион рубл топилди. Лекин 15 миллион рубл қаергадир гумдон бўлди. Шунинг учун Озарбайжон КГБси Горелевский, Гдлян мусодара қилган пуллар Қорабоғда сарфланмоқда, деганида ҳечам ҳайрон қолмаган эдим. Биз Гдлян-Иванов гуруҳи тергов пайтида йўл қўйган жуда қўпол қонунбузарликларни аниқладик. Буларга асоссиз ҳибсга олишлардан тортиб, сўроқ пайтида калтаклашгача бўлган ҳолатларни мисол қилиш мумкин. Уларнинг усуллари қатағон йилларидаги усуллардан фарқ қилмас эди. Гдлян ва Ивановга қарши жиноий ишлар судга топширилди. Лекин Олий совет бу ишнинг судда кўрилишига йўл қўймади. Аниқроғи Олий совет уларнинг прокуратурадан ҳайдалишига розилик берди, лекин жиноий жавобгарликка тортишга рухсат бермади”, деган эди Виктор Илюхин 2009 йилда берган интервьюсида.

Виктор Илюхин иттифоқ тарқалгандан кейин ҳам Россияда чуқур илдиз отган коррупцияга қарши курашиб келди. Бунда кўплаб расмий сиёсатчилар, жумладан ўзининг коммунсит сафдошларидан фарқли ўлароқ, иқтидордаги Путин-Медведев режимини очиқчасига кескин ибораларда танқид қилишдан тап тортмасди.

Бундан бир ой аввал Озодликка берган интервьюсида президент Дмитирий Медведев эълон қилнан коррупцияга қарши кураш режасига муносабат билдирар экан Виктор Илюхин бундай деган эди.
- Бугунги вазиятда коррупцияни енгишнинг иложи йўқ. Чунки ҳокимият шунчалик коррупциялашганки, ўғрини тўғридан ажратиб олишнинг имкони йўқ. Балки бу сўзларим кескиндир ва кимгадир қаттиқ тегар, лекин ҳар доим Медведевга: “Жаноб президент Дмитрий Анатольевич, коррупциянинг асосий сабаби бурнингиз остида эканини кўрмаяпсиз шекилли. Бу сабаб Санкт-Петербург мафиоз клани асосида, таниш-билишчилик ва мутлақ нопрофессионаллик принципига қурилган федерал ҳукуматдадир”, дегим келади.

Виктор Илюхин 63 ёшда юрак хуружидан вафот этди. Россия Коммунистик партия матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, у 19 март куни кечқурун соат тўққизларда ўзини ёмон ҳис қилган ва тез ёрдам машинаси етиб келгунча жон берган.
XS
SM
MD
LG