Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:44

Озодлик архивидан: Мен нега намойишга чиқдим?


2005 йилнинг 13 майида минглаб андижонликлар ҳукуматдан ўз муаммоларига ечим топишни талаб қилиб намойшга чиққан эди.
2005 йилнинг 13 майида минглаб андижонликлар ҳукуматдан ўз муаммоларига ечим топишни талаб қилиб намойшга чиққан эди.

Озодлик радиоси архивида сақланаётган Андижон қирғини гувоҳлари суҳбатларидан бирини сизга ҳам илиндик.


2005 йилнинг 17 майидан бошлаб, Озодлик радиоси Андижон воқеалари гувоҳларининг суҳбатлари асосида “ Мен нега намойишга чиқдим” деб номланган туркум эшиттиришларни эътиборингизга ҳавола қилган эди.

Мазкур дастур муаллифи Элмурод туркум эшиттиришда Андижондаги намойиш иштирокчилари билан суҳбатлашиб, уларни намойишга чиқишга ёки норозиларга қўшилишга мажбур қилган омиллар ҳақида суҳбатлашганди.

Ҳозир эътиборингизга Озодлик радиоси архивида сақланаётган ана шу суҳбатлардан бирини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Мазкур лавҳа қаҳрамони оддий қишлоқ йигити. У 13 май куни Андижонга ўз шахсий ишлари билан бориб қолган ва норозиларга қўшилиб кетган.

Бу лавҳа 2005 йилнинг 18 май куни “Мен нега намойишга чиқдим” туркум эшиттириши доирасида эфирга узатилган эди.

Мен нега намойишга чиқдим туркумидан берилаëтган иккинчи лавҳамиз қаҳрамони андижонлик оддий деҳқон йигит. У ўзини Шуҳратбек деб таништирди менга.

Унинг дардлари анча кўп экан. Ҳар қанча совуққон бўлмай унинг дардли сўзларини қисқартиришга қўлим бормади. У қишлоқ ҳаëти ҳақида, жумладан, оддий деҳқоннинг даромадлари ҳақида гаприб, буларни айтади:

- Бир марта 1000 сўмми, 1500 сўмми, Бегалиев деган одам ҳоким бўлди Обидовдан кейин, ўша колхозчиларга “Мана мукофот пули” деб 1000 сўмданми 1500 сўмданми пул берибди. Бир йилда. Ишонасизми? Колхозчига теккан пул. Ярим гектар ерни ер қилиш учун. Ундан одам пахта етказиш учун қанча меҳнат қилиши керак? Тасаввур қилинглар. Оқ ëғ бериш керак деди. Оқ ëғни еб юборишди. Оқ ëғни ҳам бермади. Икки-уч кило оқ ëғ ҳам бир йилга нима бўлади битта колхозчига? Ўйлаб кўрингчи. Кейин 50 килодан буғдой берди. У ҳам йиллик холос. Бир ойга дейилаëтгани йўқ бу ерда. Мана колхозчиларнинг оқибати. Бу ерда одамни эзиб меҳнат қилдириб, ҳеч қанақа қараш йўқда. Шу нарсаларни биз кўрганмиз, биламиз. Қишлоқда шароитлар жуда ҳам оғир. Одамларга иш йўқ. Мажбур колхозга чиқади. Колхозга чиққандан кейин шу аҳвол. Умуман пул берилмайди бировга. Умуман қаралмайди. Ҳеч ким хабар олмайди колхозчининг шароитидан, - дейди Шуҳратбек.

Шуҳратбек қишлоқда оқ нон ейдиган оилаларни бой одамлар деб билади.

- Кўрган бўлсанглар, эшитган бўлсанглар “Маҳаллада дув-дув гап” деган кино бор. “Фалонча бугун гўшт еяпти экан” деган гап бўлади қишлоқларда. Шунақа маҳаллалар бор. Ишонмасанглар, мен сизларни Оллоҳ насиб қилса олиб бориб кўрсатаман ана шунақа хонадонларни. Ҳалиги нон ейиш, оқ нон ейиш биз учун авторитет. Тўғри гап. Оппоқ унда бўладиган нон ейдиган оилани ҳамма гапиради. Демак, у бой биздан. Жуда ҳам катта бой, - дейди Шуҳратбек.

Шуҳратбек Андижон намойишида қатнашганлардан бири. У нега намойишга қатнашганлигини мана бундай тушунтиради.

- Энди шунақа нарсаларни кўрганимиз учун, биз шаҳарга иш билан тушиб қолган эдик ҳам. Қарасак, одамларнинг дарди гапирилаяпти ҳалиги ерда. Бутун одамларнинг. У ерда сўзга чиқишга бизда имконият бўлмади. Одам ниҳоятда кўп, сўзга чиқаман деган. Биз у ерда дардларимизни айта олмадик. Тадбиркорлар, бошқалар айтди. Биз оддий фуқаромиз. Бизни кимдир у қилиб, бу қилиб, тайëрламаган, мен масалан тушимга ҳам кирмаган нарсаларни кўрдим у ерда. Тушимга кирмаган одамларни кўрдим. Кўриб туриб, ҳалигиларни менинг дардимни гапираëтганлиги учун мен қўшилдим ўшаларга.

Озодлик: Шуҳратбек, намойишга чиққанларнинг қўлларида қурол бормиди? Сиз намойиш пайтда қуролли одамларни кўрдингизми?

- Қуролними? Қуролни мен армияда ушлаганман. 1988 йилда охирги марта қўлимга қурол олганман. Биз энди ҳокимият ўртасида турибмиз. Кейин йўл бўйлаб БТР ўтиб кетди. Қизил майдонимизнинг олдида жуда катта трасса бор. Проспект бор. Ана шу проспект бўйлаб БТР ўтиб кетди. Тасара-тусир, тасара-тусир бўлиб кетди. Мен ўзим шахсан, қўрққанимдан шунча дардим бўлиб туриб, қаранг, одам эканманда мен ҳам, шунча дардим бор, мен сизларга қўшиламан деган одам шарт ерга ëтиб олдим. Қочишни ўйлаб қолдим ўша ерда ҳам. Кўряпсизми қўрқоқлигимни. Нимага? Давлатимни биламан-да мен. Чунки жуда кўп одамларни, эшитганман, билганман, ноҳақ азоблаб, қийнаб нечта-нечта одамларни йўқотиб юборганини, бошқаларини эшитганман, - дейди Шуҳратбек.

Шуҳратбек ҳозир қочқин сифатида Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги қочқинлар лагерида яшамоқда. У ҳозирча Ўзбекистонга қайтмаслигини айтади.

- Бизнинг бошимизга нима тушиши мумкинлигини биз тасаввур қила оламиз. Чунки Ўзбекистонда яшаган фуқаронинг, ҳар бир виждони бор, пок инсоннинг ўзидан сўрасангиз масалан ўғри, киссавур, бошқалардан ҳам сўрасангизчи, ҳақиқатни айтади. Нимага? Улар ҳам изтиробини кўрди халқнинг, - дейди Шуҳратбек.
XS
SM
MD
LG