Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:16

Ўзбек муҳожири Обамага таҳдид қилганликда айбланмоқда


Улуғбек Қодиров.
Улуғбек Қодиров.

26 июл куни АҚШ федерал маҳкамаси ўзбекистонлик Улуғбек Қодировга 7 бандлик расмий айблов эълон қилди.


Сешанба куни АҚШ нинг Алабама штати Бермингем шаҳрида маслаҳатчилар иштирокида ўтказилган маҳкама жараëнида Ўзбекистон фуқаросига нисбатан расмий айблов эълон қилинди.

Ўзбекистонлик 21 яшар Улуғбек Қодиров 9, 10, 11 ва 13 июл кунлари АҚШ президенти ҳаëтига таҳдид қилиш билан боғлиқ тўрт жиноятда¸ шунингдек ўточар қуролига эга ноқонуний муҳожирлик¸ ноқонуний равишда тўла автоматик қуролга эгалик қилиш¸ ҳамда қайддан ўтмаган гранатага эга бўлишлик каби жами етти жиноятда айбланди.

АҚШ прокурори Joyce White Vance томонидан ўқиб эшиттирилган расмий айбловга кўра¸ АҚШ федерал ва маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари президентга нисбатан таҳдидни бартараф қилиш жараëнини самарали мувофиқлаштирганлари натижасида Қодиров ҳибсга олинган.

Ихтиëрида гранаталар ва М15 русумидаги автоматик қурол бўлган Қодиров бир неча бор АҚШ президентини ўлдириш билан таҳдид қилган.

“Мен Федерал тергов бюроси¸ Махфий хизмат¸ Муҳожират ва Божхона идораси¸ Алкогол¸ тамаки¸ ўточар қуроллар ва портловчи моддалар билан ишлаш бюроси¸ Лидс ва Пелҳам полиция бўлинмалари¸ Шелби район шерифи идораси ва Алабама шимолий ҳудудларидаги террорчиликка қарши қўшма махсус комиссия аъзоларининг қойилмақом ишига юксак баҳо бераман"¸ деган 26 июл кунги маҳкамада прокурор Ванс хоним.

АҚШ махсус хизматлари биргаликда амалга оширган махфий амалиëт натижасида қўлга олингани айтилаëтган Улуғбек Қодиров 2009 йилнинг июн ойида студент визаси билан Америкага келган. Маҳкамага тақдим этилган ҳужжатларга кўра¸ АҚШда бирор бир мактабга ўқишга жойлаша олмагач¸ 2010 йилнинг 1 апрел куни Қодировнинг студент визаси бекор қилинган.

Пелҳам шаҳридаги мотелда яшаб келган Қодиров 13 июл куни Лид шаҳридаги мотеллардан бирида АҚШ махфий хизмати жосусидан автомат сотиб олаëтган пайтида қамоққа олинган.

Ҳозирча Қодировнинг қачон¸ қаерда¸ қай шаклда АҚШ президенти Барак Обамага таҳдид қилганига оид маълумот жамоатчиликка эълон қилингани йўқ.

Агар ўзига қўйилаëтган айблар тасдиғини топса¸ ўзбекистонлик ноқонуний муҳожир президент ҳаëтига таҳдид қилиш билан боғлиқ тўрт банднинг ҳар бири учун 5 йилдан¸ ноқонуний қуролга эгалик бўйича қўйилаëтган учала банднинг ҳар бири учун 10 йилдан¸ жами 50 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Ҳозирча Улуғбек Қодировга адвокатлик хизмати кўрсатилаëтганига оид ҳам маълумот йўқ.

26 июл куни маслаҳатчилар иштирокидаги маҳкамада Қодировга фақат расмий айблов эълон қилинди. АҚШ матбуотининг жамоатчиликка таъкидлашича¸ прокурорлар бу айбларни тасдиқловчи далил-исботни маҳкамага тақдим қилмагунига қадар¸ айбсизлик презумпциясига кўра Улуғбек Қодиров айбсиз саналади.
XS
SM
MD
LG