Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:07

"Тошкент ҳукумати Zeromax қарзини тўлаши лозим"


24 немис ширкати машмашалари марказида Тошкентдаги Форумлар саройи ички безакларига сарфланган миллионлар ëтибди.
24 немис ширкати машмашалари марказида Тошкентдаги Форумлар саройи ички безакларига сарфланган миллионлар ëтибди.

Бу гапни ҳақиқий эгаси Гулнора Каримова экани тахмин қилинадиган Zeromaxнинг 140 кредиторидан бири вакили айтади.


140 ширкат Тошкентга 5¸3 миллиард долларлик ҳисоб ҳозирлади

23 август куни Швейцариянинг Цуг минтақасида учрашган Zeromax GmbH ширкатининг 140 қа яқин кредитори Швейцарияда рўйхатдан ўтган ўзбек компаниясига 4¸2 миллиард швейцар франки (қарийб 5¸3миллиард АҚШ доллари) миқдорида ҳисоб тақдим этдилар.

Zeromax қарз бўлган энг йирик ширкатлар Россиянинг давлатга қарашли Газпроми филиали Gazprom Germania (631 миллион АҚШ доллари)¸ Украинанинг энг бадавлат одами¸ миллиардер Ринат Ахметовга қарашли SCM ва ETK каби (416 миллион доллар) асосан газ¸ нефт ва олтин билан савдо қилувчи йирик бизнес тизимлари экани айтилмоқда. Гарчи қарз миқдори Россия ва Украина ширкатлари даражасида бўлмаса-да¸ Зеромах кредиторлари орасида ўнлаб Германия ширкатлари ҳам бор.

Улардан бири – 1995 йилдан бери халқаро майдонда ҳашаматли биноларнинг қимматбаҳо ички жиҳози билан шуғулланиб келаëтган Ganter Interior ширкатидир.

Маркази Германиянинг Waldkirch шаҳарчасида жойлашган Ganter Interior ширкатининг Zeromax билан қандай ҳамкорлик бошлаганию¸ бу ҳамкорликнинг қай тарзда ҳозирги қарздорлик машмашаси билан тугагани ҳақида ширкатнинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими раҳбари Klaus Schweizer 25 август куни Озодлик мухбирига ҳикоя қилди.

Klaus Schweizer шу йилнинг 24 май куни Берлинда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов билан учрашиб¸ ўз ширкати¸ шунингдек Zeromax ишлатиб пулини бермаган яна 23 ширкат сўзчиси сифатида Тошкент ҳукуматидан жами 130 миллион евро бўлган қарзнинг қайтарилишини кафолатлашни талаб қилган.

“Аммо шоколадлик тортлар ва ширин чойлар қўйилган стол атрофидаги бу учрашув¸ немис ширкатлари учун аччиқ натижа билан тугади – Норов бизга Ўзбекистон президенти ва ҳукумати бу қарзлар тўланиши билан шуғулланмайди¸ дея жавоб берди”¸ дейди 550 нафар хизматчиси бор Ganter Interior ширкати вакили.

- Мен тақдим этган 24 ширкатнинг барчаси Тошкентдаги Форумлар саройи ичини жиҳозлаган каттаю кичик компаниялардир. Биз бу улкан бинони фойдаланишга топшириш учун лозим ҳамма иш – деворлар ва шифтлар безаги¸ пол¸ зина ва лифтлар¸ заллар ичидаги ҳайкаллар ва зарҳал пештоқларнинг бари-барини бошидан охиригача қилиб бердик¸ дейди Тошкентда ўзи бош бўлиб қилинган бу ишларни алам билан эслай туриб Клаус Швайце.


Тошкентга йўлланма

Ganter Interior сўзчисининг айтишича¸ ўзи ва бошқа немис ширкатларини Zeromax қурган энг ҳашаматли бино – Амир Темур хиëбонидаги Форумлар саройи қурилишига Германияда фаолият юрғизаëтган асли россиялик катта бизнесмен жалб қилган. Ўзини Zeromax эгаси ва бошқарувчиси Миродил Жалоловнинг яқин дўсти ва ҳамкори деб таништирган бу рус тадбиркори немис ширкатларига йиллардан бери Zeromax билан ишлаëтгани ва ширкатнинг ишончли шерик эканини уқтирган. Шундан сўнг биз Zeromax билан дастлабки умумий келишув имзоладик¸ деб давом этади Клаус.

- Дастлабки 7 миллион евролик келишувни Швейцарияда биз билан Миродил Жалоловнинг ўзи имзолади ва қонуний ҳужжатга Zeromax Switzlerland деган муҳр босилди. Биз бажарган умумий иш қиммати 33 миллион еврони ташкил этади ва қолган қўшимча келишувларнинг айримларини Тошкентда Жалолов¸ айримларини эса¸ Zeromaxнинг молиявий бошқарувчиси билан имзоладик. Биринчи ва иккинчи босқичда пулимиз бироз кечикиб бўлса-да тўлиқ тўланди.

Жаноб Жалолов бизга жуда дўстона муомала қиларди. Жазирама иссиққа қарамай кундузлари қурилиш жойини тарк этмайдиган Жалолов¸ бизни кечалари бир неча бор ўз уйига меҳмонга ҳам чақирган. Унинг зиëфатларида Ўзбекистоннинг катта-катта вазирлари ўтирар эди. Бош вазирдан тортиб Қурилиш вазирию бошқалар биз билан қўллашиб¸ бирор муаммо бўлса¸ дарҳол ҳал қилиб берамиз¸ деган гапни тез-тез айтишарди. Буларнинг барчаси бизга Zeromaxни ишончли ҳамкор қилиб кўрсатган эди¸ дейди бугунга келиб Zeromaxдан қилган иши учун пулини ололмай юрган 140 ширкат рўйхатидаги Ganter Interior ширкати вакили.

- Биз учун муаммо Миродил Жалолов эмас. У ишончли одамга ўхшар эди. Аммо мен унинг асли кимлигини билмайман – кимдир уни мафия бошлиғи дейди¸ кимдир президент қизининг хизматчиси дейди¸ мен буларнинг рост ëки ëлғонлигини билмайман.

Билганим¸ муаммо унинг шахсида эмас¸ балки Ўзбекистон ҳукуматида эканидир. Zeromax ишлаб турганида биз пулимизни олаëтган эдик¸ бизнинг можаро у ҳукумат томонидан тугатилганидан кейин бошланди. Нега ҳукумат Zeromaxни йўқ қилди¸ буниси бизга қоронғу. Чунки Россиядаги ETK ширкати хўжайини Ринат Ахметов расман Zeromaxни сотиб олган эди. 2010 йилнинг апрелида Жалолов ва Ахметов бу ҳақдаги расмий келишувга қўл ҳам қўйди¸ аммо Ўзбекистон президенти уни қабул қилмади¸ унинг ўрнига Zeromaxни синдиришга қарор қилди¸ деб қўшиб ўтади Zeromax кредиторларидан бири намояндаси.


Шарқона маккорлик ëхуд немисча таваккал

Ўз ширкати постсовет ҳудудларида фақат бир марта Қозоғистонда муаммосиз ишлаганини билдирган Ganter Interior вакили¸ бугун кўпчилик тилида “чув тушиш¸ ахмоқ бўлиш” деб айтилаëтган Zeromax билан келишув тузишдан аввал Ўзбекистондаги бизнес иқлимини¸ Zeromax фаолиятини ўрганишга уринганини айтади.

- Бизга таклиф бўлгач¸ даҳол Zeromax ҳақида Googleдан маълумот изладик. Швейцарияда рўйхатдан ўтган¸ активлари 4 миллиард швейцар франкидан кўп дейилган бу ширкат Европада энг бозорбоп газ¸ нефт¸ олтин¸ пахта каби маҳсулотлар билан савдо қиларди ва банкрот деган эҳтимолдан жуда узоққа ўхшарди. Шундай бўлса-да¸ барча немис ширкатлари бу келишувда муайян таҳликалар борлигини ҳис қилдик¸ аммо атрофда иқтисодий бўҳрон ҳукм сураëтган бир пайтда¸ қолаверса таҳликасиз ишнинг ўзи йўқлиги учун таваккал қилишга қарор қилдик¸ дейди Клаус Швайце.

Бошда келишилган пулни олиб келган немис ширкатлари муаммоси¸ Форумлар саройини фойдаланишга топшириш юзасидан қўшимча келишувлар имзоланганидан сўнг бошланди¸ деб давом этади немис тадбиркори.

- Форумлар саройи топширишга тайëр бўлди. Аммо бизнинг ишимиз Ўзбекистон Қурилиш вазири ҳамроҳлигида саройни кўришга келган президент Каримовга ëқмади – сарой ички безаклари у истаган даражада ҳашаматли ва ялтироқ эмас эди. Улар бизга пештоқларга олтин суви югуртириш¸ лифтларни янада дабдабалисига алмаштириш каби қатор топшириқ беришди.

Улар истаги асосида биз қўшимча келишув ҳозирладик ва Ўзбекистон томони бизни “Тезроқ бўл¸ 1 сентябрга саноқли кун қолди¸ тезда бу ишларни битказсанглар¸ пулини оласанлар”¸ дея обдон қисташга ўтди. Ана шу қистов ва шошилинч боис¸ қилиниши лозим иш нархи ниҳоятда қимматлади – ҳамма керакли материаллар учқичда Германиядан олиб келинди.Биз ақл бовар қилмайдиган тезликда ишни битказдик¸ аммо пулини тўлашга келганда¸ Zeromax йўқ қилинди ва шундан бери тўлов ҳақида гап ҳам¸ сўз ҳам йўқ¸ дейди Тошкентдаги Форумлар саройи ички безаклари лойиҳасини бажарган 24 немис ширкатидан бири - Ganter Interior ширкати вакили.


Тошкентнинг ғирром ўйини

“Мен миллиардлаб долларга етган хориж ширкатлари қарзларини тўламаслик учун ҳам Zeromax йўқ қилиндимикин¸ деган тахминларда жон борлигига борган сари кўпроқ ишонаяпман. Шундай бўлмаганда эди¸ ҳукумат дарҳол бу можарони ҳуқуқий-маданий йўл билан ҳал қилиши мумкин эди”¸ дейди Озодлик билан суҳбат асносида Клаус Швайце.
23 август куни Цуг кантонида бўлиб ўтган учрашувда Zeromax ҳиссасида бир мири ҳам қолмагани¸ расман касодга учраган ширкатнинг ўз қарзларини тўлашга қурби етмаслигини эътироф этилди. Учрашувда уч нафар адвокатдан иборат қўмита тузилди ва ҳар бири Россия-Украина¸ Ўзбекистон ҳамда немис ширкатлари манфаатини ҳимоя қилувчи бу учала ҳуқуқшунос¸ бу қарзларни ундиришнинг бошқа йўлларини қидиради¸ деб давом этади немис ширкати сўзчиси.

- Бундай йўллар эса йўқ эмас. Хусусан¸ Ўзбекистон-Германия¸ Ўзбекистон-Швейцария ўртасида ўзаро сармояларни ҳимоялашга оид ҳукуматлараро расмий келишув бор. Унга кўра¸ Тошкент ҳукумати мамлакат иқтисодига киритилаëтган давлат ëхуд хусусийлигидан қатъий назар¸ ҳар қандай сармоя гаранти ҳисобланади. Бу келишувга кўра¸ бугун Zeromax қарзлари тўланиши учун Ўзбекистон ҳукумати маъсулдир. Аммо бу келишув асосида Тошкент ҳукуматини судга тортиш жуда қиммат жараëн ва ўзи шундоқ ҳам қарзини ололмай юрган немис ширкатлари бундай имконга эга эмас. Умид қиламизки¸ Газпром ва ЕТК каби қарзи миллиард долларга яқин йирик ширкатлар бу механизмни ишга туширади¸ дейди Zeromax кредиторларидан бири¸ Германиядаги Ganter Interior ширкати вакили Клаус Швайце Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG