Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:37

Диктаторнинг қизи мода кўргазмасини “хавфсизлик” учун бошқа жойга кўчирганини айтмоқда


Линколн марказидаги шоуга қўйилмаган Гулнора Каримова¸ ўз либослар кўргазмасини қимматбаҳо ресторанга кўчирди.
Линколн марказидаги шоуга қўйилмаган Гулнора Каримова¸ ўз либослар кўргазмасини қимматбаҳо ресторанга кўчирди.

New York Post газетасида шу сарлавҳа билан чоп этилган янги мақолада бунинг акси таъкидланилади.


“Ўртоқлар¸ бу ерда гап фақат хавфсизлик ҳақида кетмоқда!

Мустабид отаси Ўзбекистонда миллионлаб одамни қуллар ҳақи эвазига пахта тердираëтган фашист модельери Гулнора Каримова Ню Йоркдаги Линколн марказида режаланган ўз либослар кўргазмасини “хавфсизлик” нуқтаи назаридан бошқа жойга кўчирганини даъво қилди”¸ деб бошлайди Гулнора Каримованинг Ню Йорк Мода ҳафталигида можарога сабаб бўлаëтган шоусига оид навбатдаги мақолани New York Post газетаси.

Газетанинг ëзишича¸ Гулнора Каримова бекор этилган ўз шоуси меҳмонларига 13 сентябр куни тушдан сўнг электрон почта орқали узрнома йўллаб¸ унда :“IMG ва GULI либослар кўргазмасини аввал белгиланган каби Линколн марказида ўтказмаслик унга таклиф этилган меҳмонлар хавфсизлиги учун яхшироқ бўлади¸ деган қарорга келди” дея изоҳ берган.

“Айни пайтда маккор диктаторнинг қизи New York Post газетасининг Линколн марказида бекор этилган GULI брэнди либослар кўргазмасининг пайшанба куни тушга яқин 42 кўчадаги Cipriani ресторанида ўтказилиши ва соат 11:30 да меҳмонлар коктейллар билан қарши олинишини ҳам тасдиқлади”¸ дейилади газета мақоласида.

Mercedes Benz Мода ҳафталигини ташкиллаштираëтган IMG ширкати матбуот котиби бу ҳақда изоҳ беришдан бош тортганини айтган New York Post нашри¸ мазкур тадбирга яқин манба Гулнора Каримованинг ўз либослар кўргазмасининг хавфсизлик нуқтаи назаридан бошқа жойга кўчирилгани ҳақидаги даъвосини “мутлақ куракда турмайдиган гап” дея баҳолаганини қўшимча қилади.

АҚШ матбуоти ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари фаолларининг муттасил босими остида қолган IMG ўтган ҳафта махсус баëнот эълон қилиб¸ унда Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазиятидан даҳшатга тушганини билдирган эди. Хусусан бу ҳақда қатор мақолалар ëзиб келаëтган New York Post газетаси “Гулнора Каримованинг минглаб фуқароларни ўлдириб¸ қийноққа солаëтган қаттол отаси бошқарувига шериклигига оид тахмин”ларни илгари сурган ва бу каби танқидий чиқишлар "Араб баҳори" сабаб кўпчилигининг юзи шувут бўлиб қолган зодагонлар дунëсини бироз ҳушëр тортишга мажбур қилган эди.

IMG га яқин манбанинг New York Post мухбирига билдиришича¸ Гулнора Каримова ўз либослар кўргазмасини ихтиëрий равишда бекор қилиш таклифидан бош тортгач¸ Мода ҳафталиги ташкилотчиларини жума куни бу шоуни ўзлари бир томонлама бекор қилишга қарор қилганлар.

Айни пайтда¸ 13 сентябр куни Халқаро Меҳнат ҳуқуқлари Форуми 15 сенябр куни Cipriani ресторани олдида Гулнора Каримова тадбирига қарши "Гулнора Каримовага мажбурий болалар меҳнатининг модадан қолганини айт!" деб номланган норозилик акцияси ўтказишини эълон қилди. Аввалига Линколн маркази олдида ўтказилиши белгиланган бу тадбир¸ Каримова шоуси жойи ўзгарганидан сўнг¸ Cipriani олдига кўчирилди.

“Бир неча йил аввал эгалари 10 миллион доллар миқдоридаги солиқларни яширганликда айбдор деб топилган Cipriani ресторани Каримова шоуси учун форум бериши керак эмас”¸ дейилади Халқаро Меҳнат ҳуқуқлари Форумининг бир куннинг ўзида 280 дан ошиқ одам имзо чеккан петициясида жумладан.

Ҳозирча Cipriani ресторани вакиллари бўлажак жанжалли шоу ҳақида изоҳ бериш сўровларини рад этмоқда.

Гулнора Каримова ўз либослар кўргазмасининг хавфсизлик нуқтаи назаридан бошқа жойга кўчирилганини даъво қилиб турган бир пайтда¸ Ўзбекистон ҳукуматига яқин нашрлар¸ қолаверса унинг айрим дўстлари Каримова хоним ҳимоясига бел боғладилар.

Хусусан¸ айрим манбалар “Россия эстрадасининг қироли” деб кўкларга кўтараëтган Филип Киркоров “Гулнора ва унинг оиласига энг илиқ тилкаларимни йўллайман. Умид қиламанки¸ бу ахмоқона англашилмовчилик унинг коллекцияси кўргазмасига таъсир қила олмайди! Шундай ғояларга бой ва ҳақиқий маънодаги талантли одамларнинг “қанотларини қирқишмоқда”. Мен Гулнорани шахсан танийман ва унинг либослар кўргазмасида қатнашганман” деб ëзади россиялик қўшиқчи Филип Киркоров Twitterдаги саҳифасида жумладан.

Дарҳақиқат¸ Филип Киркоров Гулнора Каримованинг Mercedes Benz ҳомийлик қилган Москва Мода ҳафталиги доирасида жорий йилнинг 2 апрел куни Москвадаги Халқаро савдо маркази залида ўтказилган либослар намойишига таклиф қилинган машҳур меҳмонлардан бири эди.

Муваффақиятли ўтгани таъкидланган мазкур шоудан кейин Guli “ўз муваффақиятини” Москвадаги энг ҳашаматли ресторанлардан бири ҳисобланмиш “Большой”да “ювиб” берган ва унга ташриф буюрган 150 меҳмон орасида, ресторан ходимларининг Озодликка айтишича, Россиянинг энг олди олигарх миллиардерлари Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудов, жиноят оламида “Тайванчик” дея ном чиқарган "авторитет" Олимжон Тўхтаохунов, Филлип Киркоров, бир нечта сенатор ва депутатлар, “қандайдир турк олифтаси” ва бошқа бойвачча ва корчалонлар бўлган.

“Базми-жамшидда Guli брэнди номи остида қимматбаҳо тошлар билан “безатилган” iPhone телефони тақдим этилганидан кейин Guliнинг қўлини, айниқса кўп ўпишди ва, айниқса¸ Филлип Киркоров унинг олдидан кетмасдан ўпичбозликда жонбозлик кўрсатди” деган эди Гулнора Каримова ўтказган зиëфат тафсилотларини Озодликка гапириб берган “Большой” ресторани ходимларидан бири ўшанда.

“Еган оғиз уялар” деган ўзбек нақлидан хабардор шекилли¸ Гулнора Каримованинг юлдузли онларида унинг қўлини ўпган Филип Киркоров¸ айрим нашрлар тили билан айтганда¸ бугун унинг “Мода ҳафталигидан шармандаларча қувилгани”да ҳам Каримова хонимга таъзия билдиришни лозим топибди.

Ўзбекистондаги айрим нашрлар ҳам¸ афтидан¸ Гулнора Каримова маслаҳатчилари билан олдиндан келишмай¸ “ўзбек маликаси” шаънини ҳимоя қилишга ўзбошимчалик билан қаттиқ киришган кўринади.

Каримова хоним “шоуни ўзим хавфсизлик нуқтаи назаридан бекор қилдим” деб турган бир пайтда¸ Uzmetronom.com ва Shov-shuv.uz каби Интернет нашрлари¸ Ҳюман Райтс Уотч каби инсон ҳақлари ташкилотларини мамлакатдан қувилгани учун Гулнорадан ўч олганлик ва уни Ню Йорк Мода ҳафталигидан қувиб солганларини қоралаб чиқди.

Боз устига¸ бу нашрлар¸ океан ортидагиларга қўлини пахса қилиб¸ “бизникиларни хафа қилишганига қараб турмаймиз¸ ҳали бу ишинг учун жавоб оласанлар”¸ деган мазмунда очиқ пўписа ҳам қилиб қўйишди.

Бу таъзия ва пўписалар¸ уларни ëзаëтганлар ниятига қарши равишда¸ Гулнора Каримова ва унинг даъвосини қувватлаш ўрнига¸ уни Ню Йорк Мода ҳафталигидан қувишга эришганлар айтаëтган гап - Каримова шоусининг Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазияти боис бир томонлама бекор этилгани ҳақидаги баëнотни тасдиқлашга хизмат қилмоқда¸ холос.
XS
SM
MD
LG