Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:27

Guli шоусига на Гулининг ўзи¸ на Ғарб зодагонлари келди


Ню Йоркдаги пикет иштирокчилари.
Ню Йоркдаги пикет иштирокчилари.

Cipriani ресторанида кучли қўриқчилар қуршовида ўтган шоу Гулнора Каримова учун у кутган шуҳратни келтирмади.


Аксинча¸ Каримова ўз ижоди маҳсули деб тақдим этиб келаëтган Guli брэнди либослари кўргазмаси Ню Йорк Мода ҳафталигига киритилганидан бери бошланган можаро 15 сенябр куни ўз кулминациясига етди: одатда Ўзбекистон ҳақида кўп ҳам гапирмайдиган Ғарб оммавий ахборот воситалари Каримованинг отаси 20 йилдан бери якка ўзи бошқараëтган Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазиятига яна бир бор диққат қаратди.

Каримованинг Ню Йоркдаги шоуси пикет қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:12 0:00
Бевосита линк



Шу куни Washington Post, New York Times, Forbes, The Guardian, Huffington Post каби жиддий нашрлардан тортиб мода янгиликларини ëритадиган “ялтироқ” сайтларга қадар Guli шоусининг Мода ҳафталиги бўлиб ўтган Линколн марказидан ҳайдалиб¸ хусусий Cipriani ресторанига кўчирилганию¸ бунга сабаб бўлган норозилик тадбирларини сурат ва видеоларда ëритди.

Ўзбекистоннинг Манҳэттендаги бу норозиликларга сабаб бўлган ва Каримова хоним ҳамиша сукут сақлайдиган муаммолари – инсон ҳақларининг Каримов режими томонидан муттасил поймол этилишию¸ миллионлаб болаларнинг Каримоваларнинг ялтир-юлтур ҳаëти учун пахта далаларида қулларча ишлатилаëтгани ҳам Ғарб оммавий ахборот воситалари диққта марказига тушди.

Пикет иштирокчилари.

Аввалига Линколн марказини пикет қилган Халқаро меҳнат ҳақлари форуми¸ АҚШ Ўқитувчилар федерацияси¸ Ҳюман Райтс Уотч ва Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг АҚШдаги фаоллари сўнгра Guli шоусига кўчирилган Cipriani ресторани олдида томошалаштирилган норозилик тадбири ўтказдилар.

Бундай норозилик қуршовида ўтган Каримова шоусига¸ АҚШ нашрларининг ëзишича¸ 300 га яқин Ню Йоркда яшайдиган собиқ иттифоқлик киборлар келган¸ холос. Бу томошага Ғарб мода ва санъат дунëсидаги машҳур шахсларни олиб келиш учун Каримова катта пул сарфлаб¸ махсус ширкатларни ëллашига қарамай¸ уларнинг бирортаси диктаторнинг қизи уюштирган бу ҳашаматли ва ялтироқ кўргазмага келиб¸ жамоатчилик олдида юзи шувут бўлишни истамади¸ деб ëзди АҚШ матбуоти.

Томошани уюштирган асли гуржистонлик Анаит Киладзе ИТАР-ТАСС мухбирига “Guli коллекцияси жуда гўзал¸ модада энг муҳим нарса ҳам айни шу гўзаллик. Шоу катта муваффақият билан ўтди”¸ деган бўлса¸ АҚШдан тортиб Австралия ва Янги Зеландия мустақил матбуоти бу томошанинг “диктаторнинг қизи учун шармандалик билан тугагани”ни таъкидламоқда.

Томошалаштирилган норозилик тадбирида болалар ҳам қатнашди.

Каримова тарафдорлари¸ унинг “юксак санъати”ни сиëсатга аралаштириш уринишларидан афсус билдирмоқдалар.

- Ўзбекистонда болалар меҳнати билан боғлиқ муаммолар бўлса¸ бу масала мода шоуси ўтаëтган бино олдида намойиш қилиш орқали эмас¸ балки каттароқ даражада¸ каттароқ идораларда ҳал этилиши керак. Бу ерга келганлар санъаткорни¸ моделъерни қўллаш учун келди¸ Гулнора бугун қийин вазиятда қолган¸ деди Ню Йоркдаги Озодлик мухбирига Cipriani даги Guli шоусига келган меҳмонлардан бири¸ Ню Йоркда яшайдиган россилиялик рассом Олга Папкович.

Аммо норозилик тадбири ташкилотчиларидан бири Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Маркзий Осиë бўйича мутасаддиси Вероника Голдстон¸ Гулнора Каримовани қўй оғзидан чўп олмаган санъаткор¸ олима ва маданият ҳомийси қилиб кўрсатиш уринишларининг таги бўш эканини айтади.

- Каримова Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳақларини поймол қилиш сиëсатида муҳим рол тутатди. У мамлакатдаги инсон ҳақлари муаммоси кўтарилиши билан бу муаммоларни мутлақ рад этиб ¸ маъсулиятни ўз зиммасидан соқит қилиб келаëтган режимнинг муҳим бўлаги¸ дейди Каримованинг нафақат Ўзбекистон президентининг ўз отасига катта таъсирга эга тўнғич қиз¸ балки Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ идоралари ва Испаниядаги элчиси эканини таъкидлай туриб ҲРУ вакили.

ЎХХ аъзоси кўтариб олган бу плакат ҳамманинг диққатини ўзига тортди.

15 -16 сентябр кунлари Ғарб нашларининг барчаси ўзбекистонлик Юсуф Собиров кўтариб олган бир плакатни намойиш қилишди. “Мен ҳам ота-онам билан боғларда сайр қилишни истайман¸ аммо бунинг ўрнига Гулнора Каримова мода ҳафтаси учун пахта теришим шарт” деб ëзилган пахта тераëтган ўзбек болалари сурати ëнига бу плакатда.

Норозиликда қатнашиш учун Аризонадан 40 соат йўл босиб келганини таъкидлаган Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоли Юсуф Собиров¸ Ғарб мухбирларига ўз болаларининг айни кунларда давлат томонидан саҳардан шомга қадар мажбуран пахтага ҳайдалганини ҳикоя қилиб берди ва бу ҳикоя ҳозирда Washington Postдан мода сайтларига қадар намойиш этилмоқда. Ню Йорк Мода ҳафталиги доирасида Ўзбекистонда инсон ҳақларининг топталаëтгани¸ хусусан болаларнинг пахтазорда қулларча ишлатилаëтганига норозилик билдирган гуруҳлар қўлга киритган яна бир ғалаба¸ улар таъкидича¸ болалар қўли билан терилаëтган ўзбек пахтасини бойкот қилувчилар рўйхатининг Мода ҳафталиги кунлари янада узайганидир.

Бу рўйхатга¸ кейинги кунлар ичи айтилишича¸ Gucci va Alexander McQueen каби машҳур дизайнерлар ширкати ҳам қўшилган.

Кейинги икки йил ичи Adidas, Gymboree, American Apparel and Footwear association, Burberry, Macy's Inc., the Walt Disney Company¸ Tesco, Mark&sSpencer каби йирик йирик кийим-кечак ишлаб чиқарувчи ширкатлар болалар меҳнати эвазига терилган ўзбек пахтасидан воз кечишга қарор берган эди.
XS
SM
MD
LG