Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:11

Турк сериаллари яна экранларга қайтади


Томошабинлар норозилиги боис Ўзбекистон телеканалларида турк сериаллари намойиши яна давом этадиган бўлди.

Бу ҳақда Озодлик радиосига Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ишловчи исми сир тутилиши сўраган мулозимлардан бири комил ишонч билан айтди.

Суҳбатдошга кўра¸ 22 февралда телеканаллар эфиридан олиб қўйилган “Келин”, “Муҳаббат симфонияси”, “Ажралсак-да биргамиз” номли турк сериаллари келаси душанба, 5 мартдан бошлаб қайта эфир сеткасига қўйилади.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси режалаш бўлимига ҳам қўнғироқ қилди.

Режалаш бўлимидаги мулозим кейинги ҳафтадан бошлаб турк сериалларининг эфир сеткасига қайтишини эҳтимолдан соқит қилмади.

Ўзбекистон телеканалида ишловчи мухбир (у ҳам исми ошкор қилинмаслигини сўради) ўз ташаббуси билан сериаллар нима сабабдан қайта намойишга қўйилаëтгани борасида суриштирув ўтказди.

Бу мухбирга кўра¸ турк сериалларининг эфирдан олиб ташланиши телетомошабинларда кучли норозилик кайфияти уйғотган.

Боз устига, турк сериалларининг олиб ташланиши халқаро радиолар ва Россия матбуотида ëритилгани президент девонидаги мулозимларга ëқмаган.

Сериаллар эфирга қайтарилиши сўралган минглаб қўнғироқлар ва шикоят мактублари телеканал раҳбариятидан ҳатлаб ўтиб, Вазирлар маҳкамасигача борган.

Юқори мартабали мулозимларнинг турк сериалларига ўрганиб қолган хотинлари ҳам ўз эрларига жиддий эътирозлар билдиргани бу масалага қайтиш учун омиллардан бири сифатида кўрилади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ходимларининг ўзлари ҳам Озодлик билан суҳбатда турк сериалларини берилиб томоша қилишларини маълум қилишди.

Уларга кўра, турк сериалларининг тўхташи томошабинларнинг илгари ҳеч кўрилмаган норозилик тўлқинига сабаб бўлган. Айримлар эса сериаллар тўхтатилганидан кейин, қанчалик ғалати туюлмасин, ТВни бойкот қилишгача борган. Масалан, хоразмлик 69 ёшли Шукуржон опа сериаллар олиб ташланганига норозилик сифатида умуман телевизорни ўчириб қўйганини айтади.

Пировардида бу масала муҳокама қилиниб, Тошкентдаги Турк маданияти маркази ҳамда телерадиокомпания маъмурияти ўртасида келишувга эришилган.

Ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, сериалларнинг олиб ташланишига Турк маданияти марказининг фильмлар учун пул талаб қилгани сабаб бўлгани айтилган. ТВ маъмурияти эса бунга техник носозлик сабаб бўлган, дея изоҳ берган эди.

Тошкентдаги Турк маданият маркази вакили Озодлик билан суҳбатда масаланинг пул билан эмас, балки сиëсат билан боғлиқ эканини таъкидлади.

- Бу сиëсат. Турк бизнесманларини ҳайдаб чиқаришяпти-ку¸ сиз эса кино дейсиз, - деди суҳбатдошимиз.

Турк маданияти маркази ходими кинонинг сеҳрли куч-қудрати ҳақидаги тасаввурдан йироқдай туюлди.

Сериалларнинг инсон руҳига таъсири ҳақидаги китоб муаллифи Андрей Шарийга кўра, давомли филмлар томошабинни ўзига хос наркоманга айлантиради:

- Хумори тутган наркоман ўзи ўрганган дозани олмагунча ҳар нарсага қодир бўлгани каби сериал наркоманлари ҳам замон¸ макон ва чекловларни унутиб қўйиб, ўз мақсадлари сари интилишади, - дейди Андрей Шарий.

Унинг назарида ижтимоий ҳақсизлик, зулм ва репрессияга чидаб келаëтган ўзбекларнинг сериалдан мосуво бўлганидан норози бўлиши руҳшунослик нуқтаи назаридан тушунарли ҳодисадир.
XS
SM
MD
LG