Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:01

Пластик картага ўрганиб қолдингизми?


Ўзбекистонда юридик шахслар учун тўлов терминалидан фойдаланишнинг ижараси Марказий банк курси бўйича 15 евродан 10 еврога пасайтирилди. Якка тартибдаги тижоратчилар учун терминалдан фойдаланиш ижараси ўзгармади. Улар аввалгидек, ойига беш евро тўлашади.


Давлат Солиқ қўмитаси тасдиқлаган ушбу тариф режаси барча тижорат банклари ва банкка алоқси бўлмаган кредит ташкилотлар учун 1 майдан бажарилиши мажбурийдир.

Вазирлар Маҳкамаси 2004 йил 24 сентябрда қабул қилган қарорга мувофиқ, 1995 йил 1 январидан Ўзбекистонда илк маротаба миллий валютада кредит ва дебит тўлов пластик карточкалари муомалага чиқарилди.

Ўзбекистон Марказий Банки маълумотига кўра, 2012 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда 8 миллион 276 минг 490та пластик карта муомалага чиқарилган.

Айни пайтда, мамлакат бўйлаб 99 минг 688та савдо терминали ва 312та банкомат ўрнатилган.

"Ҳафта саволи" рукнининг бугунги сонида респондентларга “Пластик картага ўрганиб қолдингизми?” деган савол билан мурожаат қилдик.


Шаҳзода опа – қўқонлик уй бекаси:

- Бир жойда ишламасам, пластик карта менда нима қилсин. Қизим биринчи гуруҳ ногирони. Шунга қарайман. Бешта фарзандим бор. Ўғилларим устачилик қилишади. Уларда ҳам пластик карта йўқ. Қизим тикувчи. Устозлари ойлик қилиб беришади. Унда ҳам йўқ. Қизимга дори-дармон кўп керак бўлгани учун пластик карта қилмадим. Келаси йил пенсияга чиқсам, иншооллоҳ, пластик карта бўлади. Қизим бир неча ой касалхонада ётди. Ўша ерда ишлайдиган дўхтир ва ҳамширалар нақд пулингиз бор экан¸ деб илтимос қилувди, пулимни уларга бериб дорини уларнинг пластик карталарига сотиб олдим. Ўшанда ишлатдим картани. Яхши, толко, нақд пулга нисбатан нарх жиндай қимматроқ бўларкан. Кейин олмай қўйдим, ёқмади. Вақти келса, қийналган одамга 500 – 1000 сўм пул ҳам асқотар экан.


Салоҳиддин, бухоролик ўқитувчи:

- Учинчи йил кетаяпти пластик картадан фойдаланаяпман. Ҳамма жойда ишлатилади. Қулайлиги чўнтакни қаппайтириб пул кўтариб юрмайсиз. Электронний пул, қаерда қанча керак бўлса, шунча ишлатиш имконияти бор. Бухоро шаҳрида яшайман. Ҳамма жойда ишлатиш имконияти яратилган. Ойлигимнинг маълум миқдори нақд пулда берилади, маълум миқдори пластик картага ўтказилади. Мактабда саксондан ортиқ ўқитувчи ва ходим ишласа ҳаммада пластик карта бор. Ҳамма кўникиб қолган пластик картага. Муаммо йўқ ҳозир.


Рауф ака, хоразмлик пенсионер:

- Ёшим 72 да. Пенсиямни қўлга нақд оламан. Менга пластик карта керак эмас. Пулга ўрганганман. Мен Хоразмда тураман. Нақд пулга етадигани йўқ. Нақди жуда зўр.


Сурхандарё вилояти ИИБ ходими Р.Эгамов:

- Пластик карточкам бор. Хоҳлаган пайтимда фойдаланаман. Сизга нима учун ахборот беришим керак? Мени шахсий ишим билан нима ишингиз бор сизни? ...


Улуғбек, Тошкент вилояти, тадбиркор:

- Биз хусусий иш билан шуғулланамиз. Пластик картам йўқ. Оққўрғонда банкомат йўқку. Банкомат бўлса¸ пластик ишласа бўлади. Картам бўлса, фақат дўконда ишлатаманми? Шаҳарда пластик қабул қиладиган таксилар энди чиқдику. Автобусда, бозорда ва бошқа жойларда ҳамма нарсага нақд пул тўлаш керак. Пластик карта ўзи яхши нарса. Нақд пулингиз банкда туради, картани йўқотсангиз қўрқмайсиз. Но, ҳали унга секин-секин кириб бораяпмиз¸ деб ўйлийман. Мен частний иш қиламан. Менга ҳам терминал қўйса яхши бўларди. Кассага пул топширардим. Ўшандан пенсия фондидан фойдаланаман. У томонлари жудаям яхшилигини тушунаман. Лекин бирданига эмас. Секин-секин. Ҳозир яшашимиз ёмон эмас. Чёткий. Москва ҳам бирданига қурилмаган. Секин-секин ҳаммаси жойига тушиб кетади.


Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ходими:

- Икки йилдан бери пластик картадан фойдаланаяпман. Қулайлиги, ортиқча юк кўтариб юрмайсиз. Почка-почка пул кўтариб юрмайсиз. Хавфсизлик яхши. Биров ўғирласа, кодини билмайди, пулни ечиб ололмайди. Энди баъзида магазиндан бирор нарса сотиб олмоқчи бўлсангиз терминал ишламайди ёки умуман йўқ, деб қолсалар ноқулай бўлади. Бошқа қулайлиги кўп. Икки йил олдин фақат сюпермаркетларда пластик картадан фойдаланиш мумкин эди. Ҳозир жуда кўп жойда ишлатса бўлади. Масалан, магазинларда, оддий кичкина дўконларда, “Paynet”га пул тўлаш мумкин, аптекаларда жуда кўпайиб кетди. Дори-дармон олиш мумкин. Пластик картани қўлланиш кўлами кенгайди. Ҳамма ҳамкасбларимда пластик карта бор.


Шоҳида, тошкентлик фармацевт.

- 3-4 йилдан бери пластик карточкадан фойдаланаман. Қаерда карточка қабул қиламиз, деб ёзиб қўйган бўлса, ўша ерда ишлатаман. Аптекада, супермаркетлада ва дўконларда ишлатаман. Мисол учун¸ озиқ-овқат бозорларида пластик карта билан пул тўлаб бўлмиди. Кийим кечак-бозорларидаги дўконларнинг бир хиллари карта қабул қилади. Деҳқон бозорларида унақа нарса деярли йўқ. Бори ҳам саноқли. Қани энди ҳамма жойда терминал бўлса, пластик карточка ишлатиш жуда қулай. Картани берасиз, ўзи ечиб олади. Пул санаб ўтирмайсиз, навбат кутиб турмайсиз, қулай. Карточка ўтмайдиган жойларда қийин. Пул кўтариб юришга тўғри келади.


Ражаббой оға, хоразмлик пенсионер:

- Пластик карта бор эди¸ қайтариб топширдим. Бир ярим йилча бўлди. Қайси магазинга борманг¸ нарса сотиб оламан десангиз¸ маҳсулот нархи нақд пулга нисбатан пластик картага қимматроқ бўлади. Ишқилиб, пластик карта берсангиз сотувчига ёқмайди. Баъзи товарларни нелегално олиб келадида¸ шунинг учун нақд пул хоҳлайди. Бозордан молни нақд пулга олиб келса ва пластик картага сотса, банкдан нақд пул олиш проблема бўлади. Шунинг учун хоҳламайди. Пластик картага товар нархи 12 – 20 фоизга баландроқ бўлади. Бозордан пиёз оладиган бўлсам, картошка оладиган бўлсам палстикка олиб бўлмайди. Шунинг учун банкка бориб ариза ёзиб жанжаллашиб пластик картани топширдим. Рози бўлдилар. Аризамни қабул қилиб нақд пул берадиган бўлдилар.

**********************************************

Муҳтарам муштарий¸ "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда маълумот бермоқчи бўлсангиз¸ "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулоҳазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG