Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:58

Ботировга қарши ахборот уруши эълон қилинди


Қодиржон Ботиров Варшавадаги анжуманлардан бирида.
Қодиржон Ботиров Варшавадаги анжуманлардан бирида.
Қирғизистон парламенти қирғиз ҳукумати томонидан Ўш қирғини ташкилотчиси сифатида айбланаётган ўзбек лидери Қодиржон Ботировга қарши ахборот кампанияси ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мазкур қарорга мувофиқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз дипломатик ваколатхоналари орқали бошқа давлатларга Қодиржон Ботировни қораловчи маълумотларни тарқатиши шарт.

Парламент депутатлари фикрича, Қодиржон Ботировга бошпана берган, уни турли тадбирлар ва анжуманларга таклиф қилаётган ғарб давлатлари Ботиров шахси ҳақида маълумотга эга эмаслар, шунинг учун ҳам уни сиёсий таъқиб қилинаётган шахс сифатида қабул қилмоқдалар.

Парламент қарори амалга оширилса, "ғарб давлатлари Қирғизистон ҳукуматининг Ботиров тўғрисидаги нуқтаи назарини англаб етадилар ва у билан ҳамкорлик қилишдан бош тортадилар", деб ҳисоблайдилар парламент депутатлари.

Бундан аввалроқ Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова Интерпол Қодиржон Ботировни қўлга олишда ҳамкорлик қилишдан бош тортганини айтган эди.

- Интерпол бизнинг илтимосларимизни рад этаяпти. Уларнинг низомида сиёсий, ирқий ва миллий асосда қидирилаётган шахсларни қўлга олишда Интерпол кўмаклашмаслиги ёзилган. Бироқ яқинда Қодиржон Ботиров Швециядан бошпана олди деган маълумот келди. Биз Швеция ҳукуматига тақдим этиш учун Ботировни Қирғизистонга топшириш масаласида ҳужжатларни тайёрлаяпмиз, -деди Бош прокурор.

Қодиржон Ботиров айни пайтда учинчи давлатлардан биридан бошпана топган. У Қирғизистонда сиртдан судланиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қирғиз ҳукумати уни Ўш воқеаси айбдори деб ҳисоблайди. Бироқ Ўш воқеасини ўрганган халқаро комиссия Ботировнинг Ўш қирғини ташкилотчиси эканини тасдиқловчи далиллар йўқ эканини билдирган.

Парламент депутатлари, шунингдек, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан Ўш қирғинини олдини ола билмаган Роза Ўтунбаева раҳбарлигидаги муваққат ҳукуматнинг юридик жавобгарчилиги масаласини ўрганишни ҳам талаб қилишди.

Қирғизистон президенти маъмурияти раҳбари Жонтўра Сотиболдиев депутатларнинг бу каби талабаларига қуйидаги жавобни берди:

- Муваққат ҳукуматнинг айби бор эканини айтиб келаяпмиз. Муваққат ҳукумат аъзолари Ўш қирғини учун маънавий масъулиятни зиммаларига олиб, халқдан кечирим сўраган. Ҳозирги ҳукумат таркибида муваққат ҳукумат аъзоларидан фақат президент Атамбаев ва Темир Сариевлар бор холос. Агар истасангиз, кўрсатма беринг, қарор қабул қилинг, биз текширувларни қайта бошлаймиз, -деди Жонтўра Сотиболдиев.

Аммо Қодиржон Ботировга қарши ахборот кампанияси ўтказиш ҳақидаги қарорни қабул қилган депутатлар, негадир Ўш қирғинида Муваққат ҳукуматнинг айби қанчалик бўлганини аниқлаш юзасидан ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига кўрсатма беришни исташмади.
XS
SM
MD
LG