Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:06

"InterContinental" "Hotel Inn Tashkent"га айланди


InterContinental меҳмонхонаси очилганидан бери Ўзбекистон бизнес форумлари маркази бўлиб келаëтган эди.
InterContinental меҳмонхонаси очилганидан бери Ўзбекистон бизнес форумлари маркази бўлиб келаëтган эди.

Тошкентдаги “InterContinental” меҳмонхонаси номи ўзгаришига бу соҳада дунёдаги етакчилардан саналган InterContinental Hotels Group ширкатининг Ўзбекистонда ўз бизнесини тўхтатиш қарори сабаб бўлди.

Собиқ “InterContinental” меҳмонхонасининг мaркетинг бўйича мутахассиси отел номи 28 майдан эътиборан ўзгартирилганини тасдиқлади.

- Биздан бренд номи (“InterContinental”) олиб қўйилгач, вақтинча “Hotel Inn Continental Tashkent” дея номлана бошладик. Ҳозир ҳукумат “Accor”, “Hilton”, “Marriot” каби таниқли меҳмонхоналар билан ҳамкорлик қилиш борасида музокаралар олиб бормоқда. Музокаралар натижасига қараб янги ном ҳам танланади. Шу боис вазиятдан чиқиш учун, ҳозирча, меҳмонхонани шундай номлаб туришга қарор қилинди, деди ўзини Азиза деб таништирган меҳмонхона ходими.

Меҳмонхона ходимасининг айтишича, келажакда Тошкентдаги энг ҳашаматли меҳмонхона тилга олинган учта меҳмонхонадан бирининг номини олиши мумкин.

Бу манбага кўра¸ Ўзбекистонда 15 йиллик тажрибага эга Британия ширкати Тошкентдаги ягона беш юлдузли меҳмонхона ҳиссаларининг 50 фоизига эга бўлиб келган. Хориж сармоядори Ўзбекистондаги бизнес манфаатларидан воз кечишига сабаб ўлароқ, бино безагининг ширкат стандартларига мос келмай қолгани билан изоҳлаган.

- Улар биздан кетишларини янгилаш ишлари натижасида бинонинг янги дизайни InterContinental стандартларига мос келмаслиги билан тушунтиришди. Биз тендер эълон қилиб, учта хонани алоҳида фирмаларга таъмирдан ўтказдик. Уларга бирортаси ҳам ёқмади ва умумий таъмирлаш ишларини белгиланган муддатда бошлай олмадик. InterContinental учун барча стандартларга амал қилиниши ўта нозик масала ва шу сабабдан биз билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилишди, дейди Азиза.

InterContinental Hotels Group ширкатининг Лондонда жойлашган бош қароргоҳи Озодликка йўллаган ёзма изоҳида “Узоқ давом этган мунозаралар натижасида 2012 йил 27 май куни InterContinental Тошкент меҳмонхонаси билан иншоотни бошқаришга оид шартнома тўхтатилди. Шу кундан бошлаб, бу меҳмонхона InterContinental номи билан юритилмайди. Ўзаро келишмовчиликларни ҳал этиш уринишларимизга қарамасдан, мазкур меҳмонхонани InterContinental бренди остида бошқара олмаймиз”, дейилади.

Озодлик мухбири “ўзаро келишмовчиликлар” нимадан иборатлигини аниқлаштириш учун InterContinental Hotels Group ширкати Европа идорасининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи Люси Томасга мурожаат қилди.

- Бунинг асосий сабабларидан бири хоналарнинг таъмирдан ўтказилиши билан боғлиқдир. Хоналар таъмирланиши режада бор эди, лекин улар таклиф этган режа бизнинг стандартларимизга мос келмади ва бу борада муроса тополмадик, деди инглиз ширкати расмийси.

1997 йилда очилган “InterContinental” Тошкентдаги энг ҳашаматли меҳмонхона бўлиб келди. Меҳмонхонанинг 50 фоизлик улуши Британиянинг InterContinental Hotels Group ширкатига, қолган 50 фоизи эса Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, сармоя ва савдо вазирлигига қарашли бўлган.

Ҳозирда тўлалигича Ўзбекистон ҳукумати тасарруфига ўтган меҳмонхонада, маркетинг бўйича ходимнинг айтишича, энг арзон хонада бир кеча тунаш нархи 400 АҚШ доллари, энг қиммат президент аппартаментлари эса 4000 доллар туради.

Меҳмонхона номи 28 май куни расман ўзгартирилганига қарамай¸ айни кунда унинг Интернетдаги сайти мижозларга ўзини InterContinental дея тақдим этишда давом этди.

Бундан аввал дунёнинг яна бир таниқли меҳмонхона бренди – “Sheraton” ҳам Ўзбекистонда чиқиб кетган. Ҳозирда Тошкент шаҳар ҳокимиятига қарашли бу меҳмонхона “Марказий” номи билан юритилади.
XS
SM
MD
LG