Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:02

“Дабдабани чеклашнинг иложи йўқ”


Расмий чекловлар дабдабаси йилдан-йилга ошиб бораётган ўзбек тўйларини жиловлай оламаяпти.
Расмий чекловлар дабдабаси йилдан-йилга ошиб бораётган ўзбек тўйларини жиловлай оламаяпти.

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов имзо чеккан, тўйлар, оилавий тантаналар ва маъракаларни чекловчи қарорига муносабат билдирган Озодлик респондентлари “дабдабани чеклашнинг иложи йўқ” деган фикрни билдиришди.

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов қарорига кўра, тўй қилган пойтахтлик фуқаролар элга ошни 7.00 дан 9.00 гача ёки 12.00 дан 14.00 гача бериши мумкин. Кечки базм эса кеч соат 10 да тугаши лозим.

Ҳоким қарори чиққанидан кейин Тошкент маҳаллаларида тўй ва бошқа оилавий маросимларни мувофиқлаштирувчи жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.

Тошкентдаги Кўкча маҳалласи фаоли Эргаш ака Қосимовнинг Озодликка билдиришича, кенгашга фуқаролар уюштираётган маросимлар устидан назорат ўрнатиш вазифаси юклатилган.

Бу маҳаллага яқинида жойлашган тўйхона эгаси "янгича тўй ўтказиш" тартиблари ҳақидаги тавсиялар билан танишганини Озодлик билан суҳбатда билдирди:

- Ҳа, тартибга солиш тўғрисида. Эшитдик. Ҳозир как раз янги проект ишлаб чиқдик. Тўйни бошқача нимада ўтказиш, янгича ўтказиш бўйича режа чиқардикда.

Озодлик: Янгичаси қанақа бўлади?

Масалан, келин-куëвни куëв жўра, келин янга олиб кирмайдида тўйхонага. Бизларнинг санъаткорлар олиб киришади. Келин-куëвни тўйлар муборак билан олиб кириб, ҳам қўшиқ айтиб, ҳам олиб кириб келин-куëвни ҳаммага салом бердириб ўртада, кейин олиб бориб жойига ўтказиб қўйиб, хуллас уни кўриш керакда. Гапириб тушунтириб бўлмайди.

Озодлик: Соат нечагача тўй қилса бўлади?

10 гача, узоғи 11 гача қиласизда. Ундан ортиғи бачкана бўлиб кетади.

Озодлик: Ўзи тўй деган нарса 10 дан кейин қизийди. Масалан, Хоразмда тўй соат 10 дан кейин авжига чиқади. Хофизнинг овози ҳам кечга бориб очилади. Авж парда узилиб қолса қанақа бўлади.

- У сизнинг муаммойингиз акажон. Хоразмликлар 10 дан кейин тўй қиладиган бўлса, у сизнинг муаммойингиз. Мен Тошкент шаҳрида нима бўлаëтган бўлса, қонун, тартиб айтганингиздай тартиб-интизомга қараб иш қилиб бераман. Бизларнинг тўй ишлаб чиқилган. Бешта блок ишланган. 10 яримда тугайдида тўй. Вассалом, дейди тўйхона эгаси.

Суҳбатдош, ўз тўйхонасида аҳоли тинчини бузмаслик, пиротехника воситаларидан фойдаланмасликни таъминлаш борасида ҳам тавсиялар олганлигини қўшимча қилди.

Келин-куëв либослари кенгашга тўғри келиши керак

Тошкентдаги келин либосларини ижарага берувчи ширкатнинг ўзини Асадбек Барноев деб таништирган соҳиби, Тошкент ҳокимининг қарори боис либослар ассортименти тафтиш қилинганини билдирди.

- Бир кўк дўппи кийган амаки, бир ўқитувчига ўхшайдиган аëл, бир ëшроқ фаол аëл келиб келин либосларини кўриб, очиқ-сочиқларни савдодан олиб қўйишди, дейди тадбиркор.

Суҳбатдошга кўра, бундан буëн келиннинг қандай либос кийиши ҳақидаги қарор маҳалла катталари билан келишилганидан кейин қабул қилинади.

- Маҳалла катталари ва каттароқ ëшдагилар келиб кўриб, либос танлашади. Қизларни ўзига қўйиб берсанг фақат очиғини танлашади. Лекин тартиб қоида бўлгани маъқул. Келин либоси миллий қадриятларимиз талабларига жавоб бергани маъқул, дейди Тошкентдаги келин либослари салони раҳбари.

Бундай тартиб қоидалар сизнинг бизнесингизга ҳалақит бермайдими деб сўраймиз суҳбатдошдан.

- Йўқ, бизга зарари тегмайди. Беш-ўн сўм деб ўтирадиганларданмасмиз бизлар. Тартиб интизом бўлса, охир-оқибат ҳаммага яҳши бўлади, деб жавоб берди Тошкентдаги келин либослари салони хўжайини.

"Қонун катта йўлга тортилган арқон - кучлилар сакраб ўтади, кучсизлар эмаклаб"

Бу фикрни билдирган таниқли журналист Ëқубжон Ҳўжамбердиев қонун чиқараëтганларнинг ўзлари қонунни бузаëтганига эътибор қаратди.

Ëқубжон Ҳўжамбердиев билан суҳбатни мана бу ерда тинглаш мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:35 0:00
Бевосита линк


Биз билан ҳамсуҳбат бўлган тўйхона эгаси, маҳалла фаоли ва келин либослари салони соҳиби дабдабали тўйларни амалда чеклаб бўлмайди деган фикрни билдиришди.

Улар назарида орзу-ҳавас билан тўй қиламан деган одам ўз олдига қўйилган тўсиқларни айланиб ўта олади.

1998 йил 28 октябрда айни шу масалада Ўзбекистон Президенти фармони эълон қилинган эди.

Бир неча йил ўтиб, Ўзбекистон мусулмонлар идораси бу борада фатво қабул қилган.

Мусулмонлар идораси лицзензияли отинойилар воситасида тўйларни назорат қилишга уринган эди.

Бироқ президент фармони ҳам, мусулмонлар идораси фатвоси ҳам кимўзар пойгага айланган тўйларни жиловлай олмаётгани, дабдабали тўй соҳиблари давлат амалдорлариниг ўзи экани айтиб келинади.
XS
SM
MD
LG