Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:51

"Ғафур Раҳимов лавозимларини сақлаб қолмоқда"


Ўзини тадбиркор ва меценат дея тақдим қиладиган Ғафур Раҳимов Ўзбекистонда жиноят олами авторитети сифатида ҳам танилган.
Ўзини тадбиркор ва меценат дея тақдим қиладиган Ғафур Раҳимов Ўзбекистонда жиноят олами авторитети сифатида ҳам танилган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Осиё Бокс конфедерацияси Ғафур Раҳимовнинг мазкур тузилмалар аъзолигидан четлатилганига оид хабарни инкор қилди. Бироқ Ўзбекистон Олимпия қўмитаси вакили Озодлик билан суҳбатда Ғафур Раҳимовнинг Россия фуқаролигини олганига оид хабарлар ортидан уни Олимпия қўмитаси ҳамда Бокс федерацияси таркибидан чиқариш тўғрисида таклиф тушганини тасдиқлади. Ғафур Раҳимов президент лавозимини эгаллаб келган Осиё Бокс конфедерацияси ижроия қўмитаси вакили эса, бундай янгиликдан бехабарлигини таъкидлади.

Ғафур Раҳимовнинг Ўзбекистон Миллий бокс федерацияси аъзолигидан чиқарилиши ҳақидаги хабар Ҳаракат ва Узметроном Интернет нашрларида пайдо бўлди.

Бу хабарларда айтилишича, Ғафур Раҳимов Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб, Россия фуқаролигини олгани боис Тошкентда шундай қарор қабул қилинган ва бу ҳақда Халқаро бокс федерациясига билдиришнома юборилган.

"Ўзбекистон Миллий бокс федерацияси қарори Ғафур Раҳимовнининг Миллий бокс федерацияси вице-президентлиги, Осиё бокс конфедерацияси президентлиги ва Халқаро бокс федерацияси вице-президентлигидан ҳам автоматик тарзда четлатилишини англатади", дейилади Узметроном хабарида.

Бироқ мутасадди ташкилотлар бу хабарни инкор қилмоқда.

Миллий Олимпия қўмитаси расмийси, Ўзбекистон президентининг спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Роман Итсков Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, Ғафур Раҳимовни Бокс федерацияси ва Олимпия қўмитаси аъзолигидан чиқариш таклифи тушганини тасдиқлади, лекин бу қарор ҳали қабул қилинмаганини билдирди.

“Ғафур Раҳимов Россия фуқаролигини олгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлгани ортидан уни нафақат Бокс федерацияси раҳбарлиги, балки Олимпия қўмитаси аъзолигидан ҳам чиқариш ҳақида таклиф тушди. Лекин бундай қарорни қабул қилишдан аввал биз махсус конференция ўтказиб, бу ҳақда расман эълон қилишимиз лозим. Ҳозирча Ғафур Раҳимовнинг ўзидан ҳам Россия фуқаролигини олгани тўғрисида ҳеч қандай билдиришнома келгани йўқ, буни тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар ҳам қўлимизда йўқ. Агар Интернетда пайдо бўлган гап-сўзлар, яъни Ғафур Раҳимовниннг Россия фуқаролиги олгани рост бўлиб чиқса, шунга қараб, тегишли қарор қабул қилинади”, деди Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси.

Роман Итсковнинг айтишича, Ғафур Раҳимов Ўзбекистон Олимпия қўмитаси ва Миллий бокс федерацияси таркибидан чиқариладиган тақдирда, ҳақиқатан, автоматик тарзда Осиё Олимпия қўмитаси вице-президенти, Осиё бокс конфедерацияси президенти ва Халқаро бокс федерацияси вице-президенти лавозимларидан маҳрум бўлади.

Лекин Осиё бокс конфедерацияси ижроия қўмитасининг ўзини таништиришни исатамаган раҳбарларидан бири Озодлик билан суҳбатда, ташкилот низомида бундай меъёр йўқлигини маълум қилди.

“Ғафур Раҳимов Россия фуқаролигини олгани ҳақида билмайман, бу унинг шахсий иши. Лекин Ўзбекистон Бокс федерацияси уни ўз таркибидан чиқарадиган тақдирда ҳам, уни автоматик тарзда Осиё бокс конфедерациясидаги лавозими, яъни ташкилот президентлигидан четлатиш конфедерация низомида кўрсатилмаган”, деди Осиё бокс конфедерацияси расмийси.

Ўзбекистон Олимпия қўмитаси расмийси Роман Итсков эса, агар Ғафур Раҳимовнинг Россия фуқаролигини олгани рост бўлса, у Осиё қитъасига оид спорт уюшмаларига раҳбарлик қила олмаслигини таъкидлади.

Озодлик мухбири ҳозирда Бирлашган Араб Амирликларида истиқомат қилаётган Ғафур Раҳимовнинг ўзи билан ҳам боғланишга ҳаракат қилди. Лекин телефон гўшагини кўтарган ва ўзини Раҳимовнинг ёрдамчиси деб таништирган киши, мавзу юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.

61 ёшли Ғафур Раҳимов Бокс федерацияси ва Олимпия қўмитаси раҳбарлигидан ташқари Ўзбекистонда жиноят олами авторитетларидан бири сифатида ҳам танилган.

Ўзини тадбиркор ва меценат сифатида тақдим қиладиган Ғафур Раҳимовнинг исми кейинги пайтларда тез-тез хориж матбуоти сарлавҳаларига чиқмоқда. Жорий йил бошида АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига Ғафур Раҳимовни ҳам киритилган эди.

АҚШ Молия вазирлиги эълон қилган ҳужжатда "Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда", дейилади.

80-йиллардан бошлаб Ўзбекистон ва Марказий Осиëдаги криминал тўдалар ичидаги нуфузини кучайтириб келаëтгани айтиладиган Ғафур Раҳимов Тошкент ҳукумати томонидан мамлакат спорти, хусусан боксини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаëтган йирик тадбиркор сифатида эътироф этилиб, шахсан президент Каримов томонидан олқиш ва мукофотларга соҳиб этилган.

Айни пайтда бундан 12 йил муқаддам Сиднейдаги Олимпиада ўйинларида Осиë олимпия қўмитаси расмийси сифатида қатнашишга борган Ғафур Раҳимовни Австралия хавфсизлик идоралари “халқаро наркобарон” деган шубҳа билан мамлакат ҳудудига киритмаган ва бу воқеа халқаро майдонда шов-шувга сабаб бўлган эди.

Ғафур Раҳимовнинг расмий сайтида айтилишича, у бир нечта ширкатда президент лавозимини ҳам эгаллайди. Мазкур фирмалар орқали Ўзбекистонга халқ истеъмол моллари, кимё, автомобил ва енгил саноати учун хом ашё кириб келади.

Норасмий манбаларга кўра, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан бизнесдаги мавқеини сақлаб қолиш учун рақобатга киришганидан сўнг Ғафур Раҳимов ҳукумат, хусусан, Ислом Каримов марҳаматидан мосуво бўлган ва 2010 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:36 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG