Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:29

Давлатдан моддий ëрдам олиш янада қийинлашди


Вазирлар Маҳкамасининг 165-сонли қарорига мувофиқ, эҳтиёжманд оилаларга бериладиган моддий ёрдам ва нафақалар учун ўртача ойлик даромадларини аниқлаш Низоми тасдиқланди.


Ушбу низом “Ўзбекистонда кимнинг нафақа олишга ҳаққи бор” деган саволга аниқлик киритади.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мутасаддисининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг 7 июнда чиққан 165-қарори ўз-ўзини бошқариш органларига ёрдам сўраб мурожаат қилган оилаларнинг даромадларини ҳисоблаш механизмини янгидан белгилаб берган.

Ўз исми келтирилмаслигини сўраган мутасаддининг айтишича, янги Низом¸ давлатдан моддий ëрдам сўраб мурожаат қилувчиларга бир қанча қулайликлар яратади.

Ушбу расмийга кўра¸ 7 июнгача бўлган тартибга мувофиқ, мурожаат қилувчиларнинг сўнгги 12 ойлик оилавий даромади ҳисоблаб чиқилган бўлса¸ янги Низомда бу муддат уч ойга қисқартирилди.

Шунингдек¸ 7 июнгача бўлган тартибга кўра, оилада жон бошига тўғри келадиган даромад энг кам иш ҳақи миқдоридан ошмаслиги керак эди. Энди, ушбу кўрсаткич жон бошига энг кам иш ҳақининг 1¸5 баравари миқдорида этиб белгиланди.

Мутасаддининг айтишича, ёрдам сўраб мурожаат қилаётган шахслар, ўзлари ва оила аъзоларининг иш ҳақлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилишлари шарт бўлади.

2012 йилнинг 7 июнигача амалда бўлиб келган аввалги Низомда уйда боқилаëтган қорамолни оиланинг ойлик даромадига қўшиб ҳисоблаш мезони йўқ эди. Янги Низомга кўра¸ “оиланинг норматив даромади” деган тушунча киритилган ва уйда боқиладиган бир ва ундан ортиқ қорамол энг кам иш ҳаққининг 2¸5 бараварига тенг даромад ўлароқ белгиланган.

"Томорқадан ҳам олинадиган даромаднинг ҳам аниқ ўлчами йўқ эди. “Томорқадан олинадиган тушум қандай?” деган савол ҳар доим муаммо бўлиб келар эди-да. Энди, 10 сотих ерга аниқ қилиб 2¸5 энг кам иш ҳақи миқдори белгиланди.
Олдинги тартиб бўйича “автомашинаси борлар” дейилар эди, лекин аниқлаштирилмаган эди. Энди, автомашинаси бор одам машинасини ижарага берган бўлса, бу ҳолатда ҳам энг кам иш ҳақининг 2¸5баравари билан ўлчанадиган бўлди.

Бировлар уйини ижарага беради. Илгари бунақанги даромадлар ҳам қўшилмас эди. Кимдир уйини, масалан, талабаларга ижарага берган бўлса, уйни ижарага бериш шартномасида қанча кўрсатилган бўлса, ўша маблағ ойлик даромад сифатида кўрсатилиши шарт бўлади"¸ дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизими мутахассиси.

Ўзбекистонда кам таъминланган оила сифатида қайддан ўтиш механизмидаги қоғозбозликнинг ниҳоятда кучлилиги боис¸ мамлакат бўйича ижтимоий-иқтисодий ночор оилалар кўпайиб бораëтганига қарамай¸ нафақа олувчилар сони ўта чекланганича қолмоқда.

Қабул қилинган янги Низомнинг бу жараëнни янада мураккаблаштириши кутилмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистоннинг аҳолиси энг кўп бўлган Самарқанд вилоятида 2012 йилнинг апрел ойида 35 050 оилага бола парваришлаш нафақаси тайинланган.

Бутун вилоят бўйича 13 минг 428 та оилага 2 ёшгача болалар нафақаси, ва 5029 оилага кам таъминланганлик нафақаси тайинланган.

Самарқанд вилоятида эса шу йилнинг январ ойи маълумотларига кўра, 3 миллион 327 минг одам истиқомат қилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:38 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG