Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:37

Операция учун пора олган шифокор қамалди


Tajikistan - a man is reading newspaper at the entrance of the court, undated
Tajikistan - a man is reading newspaper at the entrance of the court, undated

Хоразмда 150 га яқин жиноят содир қилган шифокор қўлга олинди. Наманганда ёш жувон электр токи уришидан нобуд бўлди. Тошкентда уч опа-сингил “муштумзўр”лар маҳкамага тортилди. Жорий ҳафта Ўзбекистон матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Фаришталар даргоҳида жиноятчи тўдалар”

Хива туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-туғруқ мажмуаси бўлим бошлиғи Қўзибой Нуримов порахўрлик ва чақалоқфурушлик билан боғлиқ 150 га яқин жинояти учун қамалди. (“Ҳуррият”, 1 август).

Айтилишича, Нуримов операция учун мурожаат қилган 20 дан ошиқ бемордан бир неча юз доллар миқдорида пора олиб келган, 10 га яқин чақалоқ сотган. Газетага кўра, “оналар ва уларнинг оила аъзоларидан товламачилик йўли билан пора олиш унинг учун оддий ва одатий ишга айланган”.

Ушбу жиноий иш доирасида Қўзибой Нуримовдан 10 минг доллар пора олган Хива туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ҳамид Қурбонов ҳам ҳибсга олинган.

“Туғруқхонадай фаришталар даргоҳида жиноятчи тўдалар 2 йилу 2 ой мобайнида кўланкаси майдон бўлиб, жиноий фаолият юритсалар-у, наҳотки, биров уларнинг мушугини пишт демаса?!” деб ёзади “Ҳуррият” нашри.

Тошкентда “муштумзўр” опа-сингиллар жазоланди

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди опа-сингиллар Жамила, Назокат ва Севарани 6 йилдан 7,6 йилгача озодликдан маҳрум қилди. Улар босқинчилик ва безориликда айбдор деб топилган (“Адолат кўзгуси”, 2 август).

Маълум бўлишича, Жамила турмуш ўртоғини йўлдан урган аёлдан қасос олиш қасдида қонун чегараcини ҳатлаб ўтган. Мирзо Улуғбек туман прокурори ёрдамчиси Комила Аллаёрованинг образли тасвирлашича, “Жамила сўраб-суриштириб жондан севимли эрининг юрагидан яна бир пари пайкар жой олганлигини эшитгач, кўзига олам тор кўрина бошлади. Сингилларини чақирган эди, дарров опасининг уйига етиб келишди... Опа-сингиллар бир овоздан ўша “малак”нинг уйига бориш, кўзини мошдек очиб қўйиш лозим деган қарорга келишди”.

Судланувчилар уч фарзандли эркакнинг “бошини айлантирган” аёлнинг қўл-оёғини боғлаб калтаклашади, уй жиҳозларини синдириб ташлашади, хонадон эгасининг қимматбаҳо буюмларини олиб кетишади.

Тошкентдаги ахлат машиналари эскирган

Тошкент шаҳридаги хонадонлардан, хусусан, кўп қаватли уйлардан чиқиндини олиб кетишда муаммолар мавжуд. “Ахлат йиғиладиган майдон олдидан ўтаётган аҳоли кўпинча чиқинди тошиб ётган контейнерларни кўриб фиғони фалакка чиқади. Бу эътирозлар, албатта, адолатли” (“Правда Востока”, 2 август).

Ҳукумат нашрига кўра, пойтахт учун 750 литр сиғимга эга 7 минг дона контейнер керак. Шу билан бирга чиқиндиларни вақтида ташишга масъул “Махсустранс” ширкати машиналарини ҳам янгилаш керак.

Қайд этилишича, ширкатга қарашли 360дан ошиқ Daewoo машиналарининг аксари 14 йилдан бери хизмат қилиб келмоқда. Техник йўриқнома бўйича эса бу машиналар 10 йил муддат ишлатилиши керак. Газетанинг маълум қилишича, Осиё тараққиёт банки 2016 йилгача чиқинди ташиш тизимини яхшилаш учун 100 миллион доллар кредит ажратади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 августдан Ўзбекистонда аxлатни олиб кетиш нарxи қимматлади. Масалан, Тошкентда ушбу хизмат киши бошига 1000 сўмдан 1500 сўмга кўтарилди.

Адлия нодавлат муассасаларни тафтиш қилди

Ўзбекистондаги нодавлат таълим муассасалари фаолиятини тафтиш қилган Адлия вазирлиги қатор қонунбузарликлар аниқлаган (“Инсон ва қонун”, 31 июл).

Вазирликка кўра, мамлакат бўйлаб 1530 га яқин касб-ҳунар, тил ўргатиш бўйича марказлар, тўгараклар ва тайёрлов курслари лицензия талабини бузган ҳолда фаолият юритиб келган. Айтилишича, ушбу нодавлат таълим муассасалари ҳокимликдан тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган, аммо лицензия олмаган. “Нодавлат таълим муассасалари фаолиятида учраётган муаммолар ва салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига қонун ҳужжатларидаги айрим коллизиялар, ноаниқликлар ва “оқ доғ”лар сабаб бўлмоқда” деб таъкидлайди вазирлик бошқарма бошлиғи Бахтиёр Қаюмов.

Милиция нега йўлкира тўламайди?

Ўзбекистонда жамоат транспортида милиция ходимлари кўпинча йўл кира тўламайди. Чиптачилар юрак ютиб формалилардан пул сўрай олмайди (“Новый век”, 2 август).

“Милиция академияси битирувчилари, умуман, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари имтиёзли йўловчилар сафига кирадими-йўқми – шуни билмоқчи эдим. Имтиёзлилар кўрсатилган йўриқномага ушбу тоифа фуқаролар киритилмаган-ку, ё мен адашяпманми?” дея газета орқали мутасаддиларни саволга тутади фуқаро С.Лапина.

Ботаника боғини қутқариш керак!

Тошкентдаги Ботаника боғи ташландиқ аҳволга тушиб қолган. “Қуриб қовжираб ётган ўсимликлар, ағдарилиб ётган дарахтлар, ўт ва ахлат босган йўлаклар, нилуфар гулларидан кўра баклашкаси кўп кўл... Бир-иккита севишганларни ҳисобга олмаганда ҳувиллаб ётган боғ киши кўнглида ачинишдан бошқа ҳис уйғотмайди” (“Даракчи”, 2 август)

66 гектар майдонни эгаллаган Ботаника боғи давлат рўйхатидан ўтган ноёб объект саналади. Ушбу масканда 2000 дан ортиқ, жумладан, “Қизил китоб”га киритилган ноёб ўсимликлар мавжуд. Мамлакатдаги энг кўп ададли газета Ботаника боғига қайта жон бағишлаш, буткул ташландиқ ҳолга келмасидан қутқариш лозимлиги ҳақида бонг уради.

Аёл электр зарбидан нобуд бўлди

Наманганда ёш жувон электр токи уриб оламдан ўтди (“Диёнат”, 2 август) Газета “айрилиқ доғида куйиб турган яқинлари ярасига туз сепмаслик мақсадида” марҳуманинг исм-шарифини келтирмайди.

Айтилишича, бахтсиз воқеага қўлбола электр анжомларидан фойдаланиш сабаб бўлган. “Шарқий” магистрал электр тармоқлари вилоят бўлими катта устаси М.Сўфихонов фуқароларни давлат стандартларига тўғри келмайдиган электр анжомлардан фойдаланмасликка чақирган.
XS
SM
MD
LG