Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:30

Страсбург суди ўзбек қочқини фойдасига ҳукм чиқарди


Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия ҳукуматини ўзбек қочқинини ўғирлашда айбдор деб топди ва қарийб 38 минг евро миқдорида жарима солди. Адвокатлар андижонлик Муроджон Абдулҳақов Тожикистон махфий хизмат ходимлари томонидан ФСБ ёрдамида мамлакатдан олиб чиқилганини айтмоқда.


Россия ўзбек муҳожирига товон тўлайди

Страсбург суди Россия ҳукуматининг ўзбек қочқинини Тожикистонга мажбурий экстрадицияси тўғрисидаги хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топди.

2012 йилнинг 2 октябрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди Ўзбекистон фуқароси Муроджон Абдулҳақов арзи юзасидан (№ 14743/11 Abdulkhakov v. Russia) Россия Федерацияси ҳукуматининг шикоятчини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарори халқаро қонунларга зид бўлгани тўғрисида қарор чиқарди.

Суд Россия ҳукуматини ўзбек қочқини Муроджон Абдулҳақовга маънавий зарар учун 30 минг евро ва юридик сарф-харажатларни қоплаш учун 7800 евро миқдорида товон тўлаши кераклиги тўғрисида қарор чиқарди, дейди Озодлик мухбирига Страсбург судида Абдулҳақовнинг ҳимоя қилган адвокат Дарья Тренина.

- Бу қарор устидан шикоят тушмаса у 3 ойдан кейин кучга киради. Менимча, бу қарор устидан Россия ҳукумати арз қилади. Бу ҳолатда 5 кишидан иборат Суд ҳайати қарорининг кучга кириши бироз чўзилади, лекин у бекор қилинмаслигига ишонамиз. Чунки Абдулҳақов иши юзасидан Россия ҳукуматининг айби қатор ҳужжатлар асосида исботланди,- дейди адвокат Дарья Тренина.

Унинг айтишича, суд Муроджон Абдулҳақовга нисбатан Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари бўйича Конвенциянинг 3- (қийноқ қўлланилиши) ва 5- (эркинлик ва шахсий даҳлсизлик ҳуқуқи) моддалари бузилганини эътироф этган.

Бундан ташқари, Суд ўз қарорида рус ҳукуматини Муроджон Абдулҳақовни мажбурий тарзда Тожикистонга экстрадициясини ноқонуний деб топди ва ўз ҳатти-ҳаракатлари билан Россияни Конвенция олдидаги мажбуриятларини қўпол тарзда бузганликда айблади.

Қочқинларни ким ўғирлаган?

Андижонлик қочқин ишини 3 йилдан бери олиб бораётган “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг марказий-осиёлик қочқинларга кўмак дастури раҳбари Елена Рябинина Озодлик билан суҳбатда 1979 йилда туғилган Муроджон Абдулҳақов “саргузаштлари” ҳақида сўзлаб берди.

“Муроджон 2009 йилнинг декабрида Москвада ҳибсга олинди”, дея бошлади гапни Елена Рябинина.

- Маҳаллий суд унинг Ўзбекистонда қидирувда эканини аниқлаб, Ўзбекистонга бериб юбориш учун тергов изоляторига жойлаштирди. Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари уни аллақандай “Жамоат” диний ташкилотига аъзоликда айблаб қидирувга берган экан. У “рухсат этилмаган жойда намоз ўқигани”, уйида тинтув пайтида Ўзбекистондан ташқарида бемалол сотилаётган қирғизистонлик имом Муҳаммадрафиқ Камолов китоблари аниқланганлигида айблашибди. У Россия ҳукуматидан қочқинлик мақомини сўраб мўрожаат қилган, лекин рад жавобини олган. 2010 йилнинг май ойида эса Россия Бош прокуратураси уни экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқарди, дейди Елена Рябинина.

Ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, Москва шаҳар суди, Олий суд қарорларига қарамасдан, Страсбург Абдулҳақовни Ўзбекистонга бериб юборишни тақиқлайди. 2011 йилнинг 9 июнида 18 ойлик қамоқ муддатидан кейин Муроджон озодликка чиқарилади.

БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича қўмитаси уни ўз ҳимоясига олади, лекин Россия ҳукумати унинг қочқинлик мақомини сўраб қилган мурожаатини рад этади.

“Бу воқеадан бир кун ўтиб Муроджон йўқолиб қолди”, дея давом этади Елена Рябинина.

- У икки нафар тожикистонлик билан бирга ўғирлаб кетилган, шаҳар ташқарисига олиб чиқилган ва яхшилаб калтакланган, унга ўлдириш билан таҳдид қилишган. Кейин улар аэропортнинг учиш майдонига самолёт зинапоясигача олиб келинган. Қизиғи, улар на паспорт, на божхона назоратидан, на бирор қайддан ўтиб тўғри Москва-Хўжанд самолётига ўтказилган. Хўжандда Муроджонни милициянинг 6-бўлимида 3 кун калтаклашган, кейин у Душанбега олиб ўтилган ва у ерда ҳам бир неча кун сўроққа тутилган. Ниҳоят, уни Ўзбекистонга экстрадицияси тўғрисида қарор чиқарилган,- дейди “Фуқаровий кўмак” раҳбари.

Бироқ, Абдулҳақов бошқа маҳбуслар ёрдамида Москвага қаерда экани ҳақида хабар юбора олган ва Россия жамоатчилиги ҳамда Европа Суди Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон сўрови билан Россияда қидирувга берилган шахсларнинг ўғирлаб кетилаётганини тафтиш қилишни талаб қилган.

Рябинина Муроджон Абдулҳақов Тожикистон махсус хизматлари томонидан рус ва тожик хизматларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини кўзи билан кўрган тасодифий гувоҳи бўлгани учун олиб кетилганини тахмин қилади.

"У шунчаки ўғирланиши керак бўлган икки нафар тожик фуқароси билан бирга бўлгани учун олиб кетилган",- дея давом этади Елена Рябинина.

- Бу одам ўғирлаш Россия ҳукумати розилиги ва иштирокисиз амалга ошамас эди, чунки биз бу шахсларнинг кимлиги, қайси хизмат ходимлари эканини ҳанузгача аниқлай олмадик. Тасаввур қилинг, одам ҳужжатларсиз, давлат рухсатисиз, ФСБ таркибидаги чегарачилар рухсатисиз учоқ олдида бўлиб қолиши мумкинми? Биз бу ҳолат юзасидан юборган бирорта сўровимизга жавоб берилмаганини ҳисобга олиб, ўзингиз хулоса қилиб олаверинг,- дейди “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг Марказий-осиёлик қочқинларга кўмак дастури раҳбари Елена Рябинина Озодликка.

У жаҳон жамоатчилиги босими остида Душанбе тергов изоляторидан қўйиб юборилган андижонлик қочқин Муроджон Абдулҳақов ҳозирда учинчи мамлакатда яширинишга мажбур бўлганини ҳам қўшимча қилди.

Озодлик аввалроқ Андижон вилоят жиноят ишлари бўйича суди Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан Москвадан ўғирлаб кетилгани айтилган Санжарбек Сотиволдиев, Маъмуржон Юсупов ва Аҳмаджон Бекпўлатовлар иши бўйича шу йилнинг 26 январида ҳукм чиқарганини маълум қилган эди.
XS
SM
MD
LG