Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:58

Ангрен галереясидан таниқли рассом асарлари ўғирланди


Виктор Уфимцев асари.
Виктор Уфимцев асари.
Ангрендаги суратлар галереясидан таниқли рассом Виктор Уфимцев асарлари ўғирланган.

Ўтган аср ўрталарида Тошкентда футуризм йўналишида ижод қилган Виктор Уфимцевга оид бир нечта асарнинг Ангрен галереясидан ғойиб бўлгани Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги ўтказган даврий тафтиш чоғида маълум бўлган.

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги мулозими бу маълумотни инкор қилмаган ҳолда Озодликка тафсилотларни билдиришни истамади.

Ангрендаги суратлар галереясидаги вазиятдан хабардор маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дмитрий Тихоновнинг Озодликка айтишича¸ Уфимцев асарларининг галереядан “йўқолиши” 1990 йилдан 2004 йилгача мунтазам тарзда кузатилган.

- Ангрен суратлар галереясида 1986 йили Виктор Уфимцевга оид 2 мингдан зиëд экспонат бўлган. Ҳозир шулардан қанчаси қолгани номаълум¸ дейди суҳбатдош.

Галерея жамламасидаги камомад Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги ўтказган даврий тафтиш чоғида маълум бўлган.

Тафтишдан хабардор бўлган ва исми ошкор қилинмаслигини истаган тошкентлик санъатшуноснинг Озодликка айтишича¸ галереядаги жамламанинг асосий ҳужжати бўлган кирим дафтари (книга поступлений) йўқ қилинган.

Жамламага оид барча тафсилотлар ëзилган ва сурғичлаб қўйилган дафтарнинг йўқолгани санъатшуносларда шубҳа уйғотган.

Ана шундан кейин галерея жиддий текширилганида Уфимцев энди ижодини бошлаган даврга оид бир неча сурат етишмагани аниқланди¸ дейди суҳбатдош.

Ангрендаги суратлар галереясидаги вазиятдан хабардор маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дмитрий Тихоновнинг Озодликка айтишича¸ галерея раҳбарияти расмларни сақлашга шароит йўқ¸ деган “афсонани” яратиб¸ йўқолган асарларни "ертўлада намдан чириб кетди" деб ҳисобдан чиқаришга уринишган.

Бозори чаққон Уфимцев

1899 йили Россияда туғилган Виктор Уфимцев афсона излаб Самарқандга келган ва тарихга Туркистон авангард рассомлари деб кирган мусаввирлардан бири.

Оч¸ яланғоч ва бит босган рутубатли Омск шаҳрини тарк этган рассом ўз эстетик идеалларини мовий гумбаз ва яшил чинорлар шаҳри Самарқандда топганини кундаликларида ëзади.

1923 йилда илк бора Самарқандга келган рассом Виктор Уфимцев асарларида ëрқин ранг ва шарқона унсурлар акс эта бошлайди.

Виктор Уфимцев дохил бўлган Туркистон авангарди рассомлари асарларининг шу кунларда бозори чаққон.

Александр Волковнинг "Фарғона канали қурувчилари" деб номланган асари
Александр Волковнинг "Фарғона канали қурувчилари" деб номланган асари
​Туркистон авангарди оқимининг вакили бўлган рассом Александр Волковнинг асарлари куз бошида Лондондаги Christie's ким-ошди савдо уйининг кўргазмалар бўлимида намойишга қўйилди.

Виктор Уфимцев асарларини эса расм тижоратига оид Kupitkartinu.ru порталида кўрдик.

Уфимцевга оид икки қарич катталикдаги сурат ярим миллион рус рублига сотилмоқда дейди санъатшунос¸ Kupitkartinu.ru тужжори Наталия Малинина Озодлик билан суҳбатда:

-Уфимцевга талаб катта. Умуман 30-йилларда Туркистонда ижод қилган рассомларга қизиқиш кучайган¸ дейди Наталия Малинина.

Сиз сотаëтган асарларнинг Ўзбекистон музейларидан ўғирланмаганига кафолат борми¸ деб савол бердик суҳбатдошга:

- Биз буни синчиклаб текширамиз. Иложи бор қадар муаммосиз асарларни сотувга қўйишга ҳаракат қиламиз. Лекин сиз ҳам харидор сифатида текширсангиз¸ зиëн қилмайди¸ деди Kupitkartinu.ru тужжори Наталия Малинина Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон музейлари –ноëб асарларнинг қўриқланмаган сандиғи

Ангрендаги музейда фақат бир ходимни кўрдим¸ дейди Дмитрий Тихонов:

- Битта қиз ишлар экан. У менга чипта сотди. Кейин музейни кўрсатди. Қоровуллик ҳам шу қизнинг бўйнида экан. Кечқурунлари галерея биноси қоровулсиз қолади. Ҳар бири камида 17 миинг доллар турадиган асарлар қаровсиз¸ дейди Тихонов.

Суҳбатдошга кўра 90-йиллардаги бош-бошдоқлик пайтида галерея биносида расмларнинг ким ошди савдоси ҳам ўтказилган:

- Давлат тасарруфида бўлган Уфимцев асарларини сотиш мумкин эмас. Бу ким ошди савдоларида Уфимцев асарлари сотилмагани ҳам айтилди. Аммо орқаваротда нима бўлгани қоронғу¸ дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин мамлакат музейларида ўғирлик ва талон- тарож эпидемия каби тарқалгани эсланади.

Хива Ичан қалъа музейида 1992 йил юз берган ўғирлик ҳам очилгани йўқ¸ дейди Озодлик билан суҳбатда музей бош хазинабони Озод Каримов:

- Ҳозир ҳам ўшанда ўғирланган экспонатлар Интерпол қидирувида долзарб бўлиб турибди¸ дейди суҳбатдош.

2001 йил охирида Ўзбекистон Давлат Санъат музейидан рус рассомларининг бешта машҳур асарлари ўмарилган эди.

Айвазовсийга оид “Даштда кун ботиши”¸ Тропинин чизган “Обаленский портрети”¸ Брюлловнинг “Турк қизи”¸ Крамскойнинг ”Қизил дуррали қиз” ва Суриковнинг “Мерган қиз” асарлари ўғирлаб кетилган эди.

Кейинги икки-уч йилда Ўзбекистон Давлат Санъат музейидан италян рассоми Томазо Солари чизган “Олма ушлаган Венера” ва машҳур рассом Беллони мўйқаламига мансуб “Чўмилаëтган аëл” асарларини ўғирлашга уриниш бўлган.

Ўзбекистон музейларидаги кўп асарларнинг оригиналлари пулланиб¸ ўрнига қўлбола нусхаларини қўйиш амалиëти ҳам урчигани айтилади.

Ўзбекистондаги Тасвирий санъат билим юртининг икки ўқитувчиси музейдаги асарларни алмаштириб қўйиш мақсадида нусха ишлагани учун жиноий жавобгарликка тортилди¸ дейди Озодлик суҳбатда бўлган санъатшунос.

Ўзбекистон музейларида Пабло Пикассо¸ Василий Кандинский каби машҳур рассомларнинг асарлари мавжуд.

Бу асарларнинг жаҳон бозоридаги нархи бир неча миллион доллардан ошади.
XS
SM
MD
LG