Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:30

"Болшевиклар инқилоби Туркистонга маърифат ҳам келтирди"


1917 йилнинг 7 ноябр куни "Қишки сарой"нинг ишғол қилиниши.
1917 йилнинг 7 ноябр куни "Қишки сарой"нинг ишғол қилиниши.

"Мен оддий темирчининг набираси совет даврида профессор бўлдим. Совет ҳукумати пулига Оксфорд университетида ўқидим. Буни инкор қилиш кўрнамаклик бўлар эди" дейди 7 ноябр куни болшевиклар инқилобига баҳо берган тарихчи олим Гога Ҳидоятов.

Ўзбекистон мустақил бўлгунга қадар ҳар йили 7 ноябр кунини Улуғ Октябр инқилоби куни сифатида нишонлар эди.

Ўзбекистон шаҳар қишлоқларида одамлар қизил байроқлар¸ инқилобни улуғловчи шиорлар кўтариб партия етакчилари ғоз турган трибуна олдидан ўтишар эди.

Тарихга "Горбачев ҳуррияти" деб кирган даврда¸ ўтган асрнинг 90- йилларида комунистлар инқилоб деб атаган воқеа қуролли тўнтариш экани ва ўзбек халқидан етишган жадид зиëлиларнинг қатли оми ҳам айнан ўша тўнтариш етакчилари тарафидан қилинганлиги ҳақидаги ҳужжатлар очиқланди.

1990 йили Ўзбекистондаги Эрк демократик партияси 7 ноябрни мотам куни деб эълон қилиш таклифи билан чиқди.

Орадан бир йил ўтиб Ўзбекистонда 7 ноябр байрамлар рўйхатидан ўчирилди.

Инқилоб чавандозларига қўйилган ҳайкаллар йиқитилди.

Тарих китобларидан инқилобни мадҳ қилувчи саҳифалар олиб ташланди.

Тошкентдаги Ҳамза номли театр репертуаридаги “Инқилоб тонгги” спектакли тақиқланди.

Ўзбекфилм киностудияси ишлаган¸ “Инқилоб чавандозлари”¸”Еттинчи ўқ” каби филмлар намойиш қилинмайдиган бўлди.

Айни пайтда¸ ўзбекистонликлар орасида октябр ғоялари ўзбекларнинг маданиятини юксалтирди¸ келиб чиқиши ва моддий аҳволидан қатъий назар¸ барчага бирдай таълим олиш ва тиббий хизмат икмонини берганини айтиб келадиган зиëлилар бор.

Тарихчи олим Гога Ҳидоятов октябр инқилоби Туркистон ўлкасига ҳам ўз таъсирини ўтказгани ва натижада Туркистонда ҳам маориф устиворлиги ошганини айтади:

- Мен оддий темирчининг набираси совет даврида профессор бўлдим. Совет ҳукумати пулига Оксфорд университетида ўқидим. Буни инкор қилиш кўрнамаклик бўлар эди¸ дейди суҳбатдош.

Гога Ҳидоятов билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:23 0:00
Бевосита линк


1972 йилда Ўзбекистон мустақиллигини талаб қилувчи уюшма тузган ва Совет иттифоқига қарши курашгани учун КГБ тарафидан қамоққа ташланган 72 яшар Миртемир ака Мирабдуллаевнинг Октябр инқилобига ўзгача муносабати бор:

- Одамлар яхши яшасин¸ халқлар турмаси бўлган Чор Россияси зулмидан мустамлака мамлакатлар озод бўлсин. Ер деҳқонларга¸ ҳокимият халққа деган оташин шиорлар билан қилинган бу инқилоб¸ кейинчалик ўз ҳадафидан чекинди.

Яна мустамлака ва яна руслаштириш сиëсати бошланди. Биз ана шунга қарши чиқдик дейди¸ Ўзбекистон мустақиллигининг ҳақиқий қаҳрамони Миртемир ака.

Айни пайтда¸ бу суҳбатдош Октябр инқилобининг ижтимоий адолат ҳақидаги ғоялари бугун ҳам долзарб эканлигини айтади:

- Бугун биз ўта бой ва ўта қашшоқ одамлар яшайдиган даҳшатли¸ инсоф- адолатдан узоқ жамиятда яшамоқдамиз. Биз мустақиллик деганда бундай адолатсиз жамиятни ўйламаганмиз¸ дейди Миртемир ака.

Миртемир ака билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:00 0:00
Бевосита линк


Суҳбатдошларимизнинг ҳар иккаласи бу куннинг сарагини саракка¸ пучагини пучакка ажратиб эслаш тарафдори.

Тарихий чекиниш

1917 Октябр ойида Россияда тўнтариш бўлиб ўтгандан cўнг, унинг таъсири тез орада мустамлака ўлкага ҳам ёйилди.

Тошкентдаги Октябр тўнтариши қатнашчилари 1 ноябрда Бош комиссар¸ генерал Коровиченко ва Муваққат ҳукуматнинг Туркистон қўмитасини қамоққа олдилар ва шу куни Туркистонда Совет ҳокимияти ўрнатилганлиги эълон қилинди.

Қуролланган европалик ишчилар, асосан темирйўлчилар, Тошкент гарнизонининг солдатлари давлат тўнтаришини ўтказдилар.

Туркистон большевиклари ўлкадаги бутун ҳокимиятни ўз қўлларига олиш учун шафқатсиз кураш олиб бордилар.

1917 йил 15-22 ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ишчи, солдат ва деҳқон депутатларининг III ўлка съездида ҳокимият масаласи ҳал қилинди.

Бунда 15 кишидан иборат Туркистон Халқ комиссарлари совети тузилди. Ҳукуматга маҳаллий аҳолидан биронта ҳам вакил киритилмади.

Россия Халқ Комиссарлари Совети 2 ноябрда «Россия халқлари ҳуқуқларининг декларацияси» ва 20 ноябрда «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига» мурожаатномасини эълон қилди. Ушбу дабдабали ҳужжатларда халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи расмий равишда тан олинди; ҳаттоки ажралиб чиқиш ва мустақил давлат тузиш ҳуқуқи; ҳамма ва ҳар қандай миллий, диний имтиёзлар ва чеклашлар бекор қилинди.

Бу ҳужжатлар қанчалик баландпарвоз ваъдалар бермасин, амалда қуруқ ташвиқот бўлиб чиқди.

Кўп ўтмай, Туркистон ХКС «Шўрои Исломия», «Шўрои Уламо» ташкилотларини тарқатиб юборди.

Бу ташкилотлар аъзолари Туркистон мухториятини, кейинроқ эса миллий истиқлол ҳаракатини қўллаб-қувватладилар.

Ўлдирилган Туркистон мухторияти

1917 йил 26-28 ноябрда Қўқон шаҳрида Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда демократик мусулмон зиёлилар талаби билан Туркистон аҳолисининг европали қисми вакиллари ҳам тенг ҳуқуқли бўлиб иштирок этдилар. Туркистон бошқариш тузуми тўғрисидаги масала уч кун давом этган қурултойнинг диққат-марказида турди.

Қурултойда ўлканинг барча минтақалари ва кўпгина жамоат ташкилотларидан 200 нафардан ортиқ вакиллар ҳозир бўлди.

Унда вакилларнинг сиёсий фаоллиги туфайли муҳим масалалар юзасидан мунозаралар бўлиб ўтди. Мухторият эълон қилиш ғоясини қўллаб-қувватловчилар кўпчиликни ташкил этди.

Қурултойда қабул қилинган қарорда: "Туркистонда яшаб турган турли миллатга мансуб аҳоли Россия инқилоби даъват этган халқларнинг ўз тақдирларини ўзлари белгилаш хусусидаги иродасини намоён этиб, Туркистонни Россия таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилди".

Туркистон Мухторияти ҳукумати қисқа фурсат ичида халқ ўртасида катта эътибор қозонди. Абдурауф Фитрат мухторият эълон қилинган кунни «миллий лайлатулқадримиз» деб атади. Туркистон мухториятини барча демократик кучлар қизғин қувватлади.

Туркистон Советларининг IV съезди Туркистон Мухторияти ҳукумати ва унинг аъзоларини қонундан ташқари деб ҳисоблади ва ҳукумат аъзоларини қамоққа олиш ҳақида қарор қабул қилди.

Туркистон ХКС мухторият ҳукуматни тугатиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Туркистон большевиклари бунинг учун қизил аскарлардан ташқари арманларнинг «Дашноқцутюн» жангари партияси аъзоларидан кенг фойдаландилар.

1918 йилнинг 19 февралида (эски ҳисоб билан 6 феврал) Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган Туркистон мухторияти ҳукумати большевикларнинг қонли ҳужумлари натижасида ағдариб ташланди.

Ҳукумат ағдарилгач ҳам Қўқон ва унинг атрофларидаги тинч аҳолини талаш ва ўлдириш баттар авжига чиқди. Фақат Қўқоннинг ўзида уч кун давомида 10000 киши ўлдирилди.

“Улуғ Туркистон” газетаси чуқур қайғу билан хабар берганидек, 20 (7) феврал Қўқон тарихининг энг даҳшатли куни бўлди. Эски шаҳардаги ҳамма магазинлар, савдо фирмалари, банклар ва озми-кўпми яхшироқ кўринган хусусий хонадонларнинг ҳаммаси таланган.

Газетадаги ушбу мақола "Қўқон ҳозир ўликлар шаҳри" деб тугайди.

Туркистон Мухториятининг ағдарилиши Ўрта Осиёни советлаштиришга кенг йўл очиб берди.
XS
SM
MD
LG