Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:25

Россия яна бир “жиҳодчини” Ўзбекистонга бермоқчи


Икромжон Мамажонов.
Икромжон Мамажонов.

Россия Бош прокуратураси расмий Тошкент томонидан 2006-2007 йилларда Андижонда “Ислом Жиҳоди иттифоқи”ни тузганликда айбланиб халқаро қидирувга берилган Икромжон Мамажоновни экстрадиция қилиш бўйича ўзбекистонлик ҳамкасбларининг сўровини қондирди.

23 ноябр куни Россия Федерацияси Бош прокуратураси экстремизм ва терроризмда айбланиб халқаро қидирувга берилган 44 яшар ўзбекистонлик Икромжон Мамажоновни Урал транспорт прокуратураси олиб борган экстрадиция текшируви натижалари асосида Ўзбекистонга бериб юборишни қарор қилди.

Айни пайтда¸ Урал транспорт прокурори катта ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси Ольга Романова Озодлик мухбирига ўзбекистонлик қочқин Бош прокуратуранинг бу қарори устидан шикоят аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли эканини билдирди:

- Россия Бош прокуратураси Ўзбекистон Бош прокуратураси сўровини қондирди. Энди уни Ўзбекистонга экстрадиция қилишади, у ёғи нима бўлишини биз билмаймиз – бошқа давлат ихтиёрига ўтади. Лекин у ҳақиқатан Россия Бош прокуратураси қарори устидан Оренбург вилоят судига 10 кун давомида арз қилиши мумкин. Мамажоновни қачон, қандай экстрадиция қилиш масаласи билан Оренбург вилоят Жазони ижро этиш бошқармаси шуғулланади, дейди Урал транспорт прокурори ёрдамчиси Ольга Романова.

Прокуратурадан олинган маълумотга кўра, Икромжон Мамажонов 2012 йилнинг 13 июнида Россия ИИБси Экстремизмга қарши кураш Оренбург вилояти бўйича Маркази ва маҳаллий ФСБ ходимлари томонидан “Москва-Бишкек” поездида ҳибс этилган.

Мамажоновнинг Оренбургдаги адвокати Алексей Гладких Озодлик мухбирига унинг Ўзбекистондаги “одатий” моддалар асосида айбланиб, қидирувга берилганини айтади:

- У бутун бир моддалар “гулдастаси” асосида айбланaяпти: миллатлараро низо келтириб чиқариш, террорчи ташкилотга аъзолик ва бошқа қатор моддалар. Мамажонов 2008 йилдан буён Москвада яшаб келган. Маълумки, у Оренбург шаҳар 3-сонли Тергов изоляторида июн ойидан буён сақланмоқда. Уни, шунингдек, бировнинг паспортидан фойдалангани учун ҳам маҳкамага тортишди, дейди адвокат Алексей Гладких.

Адвокатдан олинган ҳужжатларга кўра, 1966 йилда туғилган Икромжон Мамажонов Ўзбекистон Рспубликаси Жиноят Кодексининг 155-моддаси 1-қисми, яъни “Ислом жиҳоди мужоҳидлар жамоати” қуролланган жанговар гуруҳи тузишда, 242-модда 2- қисми – бу ташкилотни бошқариш ва уни молиявий таъминлашда, шунингдек 223-моддаси 2-қисми “б” банди бўйича Ўзбекистон Республикаси чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланмоқда. Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари Мамажоновни бу жиноятларни 2006 йилнинг январидан 2007 йилнинг ноябригача Андижон вилояти ҳудудида содир этганликда айбламоқда.

Россия транспорт прокуратураси олиб борган текширув натижасида, Мамажоновнинг Россия ҳудудида Алихонов Абдурасул исмига берилган сохта Россия паспорти асосида яшаб юргани аниқланган.

Мамажонов¸ айнан Алихонов Абдурасул исми-фамилияси остида Россияда қидирувда бўлганлар рўйхатига киритилган.

Жорий йил июлида Оренбург прокуратураси Мамажонов/Алихоновга нисбатан жиноий иш очди ва бу шахс Оренбург шаҳар Промишленний туман суди қарори билан айбдор деб топилиб¸ 6000 рубл жаримага тортилди. Вилоят Миграция хизмати Алихонв исмига берилган фуқаролик паспортини бекор қилиш талаби билан тегишли идораларга мурожаат қилди.

Шунга қарамасдан, адвокат Алексей Гладких Икромжон Мамажоновга Ўзбекистонда қўйилаётган айбловларни асоссиз деб ҳисоблаши ва Бош прокуратура қарори устидан яна ариза юборилишини айтади:

- Биз Россия ҳудудида қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилган эдик, лекин маҳаллий ФМС бу давоимизни қондирмади. Бу қарор устидан биз Ленин туман судига шикоят юбордик. Ленин туман суди ФМСнинг бу қарорини кучда қолдирди. Эндиликда биз уни вилоят судида арз қиламиз. Миграция хизматига кўра, Мамажонов гўё 4 йил Россия ҳудудида яшаб келган ва ҳеч қаерга қочқинлик сўраб мурожаат қилмаган. Яқинда уни Ўзбекистонга бериб юбормаслик масаласи судда муҳокама этилади ва ишонамизки, у бериб юборилишидан олдин қочқинлик мақомини олишга улгуради. Суд қарорини кутиб ўтирмасдан биз яна вақтинчалик қочқинликка ҳам ариза топшириб қўйдик, дейди Гладких.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Мамажонов Москва ва Россиянинг бошқа ўлкаларидаги қурилишларда ишлаб кун кечирган.

Икромжоннинг Ўзбекистонда оиласи қолган. Улар билан алоқа узилганидан кейин, у яна бир бор уйланган ва ҳозирда тўрт нафар фарзанднинг отаси. У Қирғизистонга оиласи олдига кетаётганида Оренбург бекатида поезддан тушиб қолдирилган.
XS
SM
MD
LG