Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:37

Ўзбекистонда Android смартфонлари чиқарила бошлади


Ўзбекистоннинг Artel компаниясида ишлаб чиқарилган Android телефонлари янги йилдан бошлаб савдога чиқарилади. Бу ҳақда Озодликка гапирган компания вакилига кўра, янги телефонлар хорижий аналогларидан қолишмайди ва уларга нисбатан 30 фоиз арзонроқдир.


Ўзбекистонда телевизор, кондиционер, газ плитаси, чангютгич, микротўлқинли печ ишлаб чиқарадиган Artel компанияси 17 декабр куни Тошкентдаги "Дедеман Силк Роад" меҳмонхонасида ўз мижозларига янги Android дастури асосида ишлайдиган самртфонларини тақдим қилди.

Компаниянинг ахборот бўлими мулозими Жалол Имодиновнинг Озодликка айтишича янги телефонлар 2013 йилнинг биринчи январидан бошлаб сотувга чиқарила бошлайди:

- Биз мижозларимизга беш хил телефон ва тўрт хил кир ювиш машиналарини тақдим қилдик. Ҳозир бу молларни ишлаб чиқариш бошланган, Худо хоҳласа, янги йилдан савдога чиқади. Биз Alcatel-Lucent компанияси билан шартнома тузганмиз. Ҳамкорликда телефонларнинг янги моделларини ишлаб чиқариш ниятимиз бор,- дейди Жалол Имодинов.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган янги Android телефонларини Интернетда кўрган Озодлик муштарийларидан бири, бу телефонлар Samsung Galaxy II смартфонига жуда ўхшайди, дея фикр билдирди.

Биз муштарийнинг бу иддаоси хусусида Жалол Имодиновдан сўрадик:

- Йўқ, биз ундан ҳеч қандай андаза олганимиз йўқ. Гап шундаки биз Samsung компанияси билан ҳам ҳамкормиз. Ҳамкорликда телевизорлар ишлаб чиқариляпти. Биз телефонлар дизайнларини ҳам ҳамкорликда ишлаб чиқаряпмиз,- дейди компания мулозими.

Жалол Имодиновнинг айтишича, янги “Артел” телефонлари халқаро стандартларга тўла жавоб беради ва MSM 8225, 1200 MGz va MTK 6515VB, 1000 MG процессорларига ва 4Gb лик хотира картасига эга. Бу телефонлар шунингдек 5МР фотоаппарат билан ҳам жиҳозланган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бу телефонлар хорижий аналогларига нисбатан 30 фоиз арзон экани айтилмоқда.

Artel компанияси ишлаб чиқараётган бошқа электр товарлари ҳам Ўзбекистон бозорида хорижда ишлаб чиқарилган анжомларга нисабатан арзонроқ сотилмоқда. Бироқ, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 28 ёшли муҳандис Нурматнинг айтишича, Artel моллари сифатидан мижозлар кўнгли тўлмаяпти:

- Ҳозир тюнерсиз 16та канал кўрсатадиган Артел телевизорларини роса реклама қилишяпти. Олиб кўрган танишларимдан сўрасам, йўқ, реклама қилганчалик эмас дейишди. Ундан кўра уни устига озгина пул қўшиб бошқа компанияникини олсам бўларкан, дейишяпти. Бошқа техникалари ҳам шундай. Лекин арзонлиги ва сотиб олишда имтиёзлари борлиги учун бу кампания моллари ёмон сотиляпти, деб бўлмайди. Мана телефон чиқсинчи, сразу мен солиштириб кўраман. Қани бошқа телефонларга дош берадими ёки йўқ, кўрамиз,- дейди Нурмат.

Artel компанияси Ўзбекистондаги фаолиятини 2011 йилда ўз савдо белгиси остида маиший техника воситалари ишлаб чиқариш билан бошлаган.

Artel компанияси бизнесининг йўлга қўйилишида Жанубий Кореянинг SAMSUNG, Хитойнинг MIDEA, Италиянинг GLORIYA ҳамда Туркиянинг ODUL компаниялари билан тузилган стратегик ҳамкорлик шартномалари асосий омил бўлгани айтилади.
XS
SM
MD
LG