Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:45

Сўхда ушланган қирғизистонликлар юртига қайтарилди


Сўх тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлим бошлиғи Сарвар Ҳомиджонов сўнгги кунлар ичидаги низода ўзбекистонлик 6 аёл ҳам қирғиз томонидан гаровга олингани, ҳозирга келиб икки томон ҳам гаровдагиларни тўлиқ озод қилганини маълум қилар экан, икки кунлик низо ҳақида билганларини сўзлаб берди.

Сўх расмийси: Гаровга олинган ўзбеклар ва қирғизлар қайтарилди

Ўзини Сўх тумани ер ўлчовчиси, деб таништирган Сарвар Ҳомиджоновга кўра, 5-6 январ кунлари Хушёр қишлоғида Ўзбекистон фуқаролари ва қирғизистонлик чегарачилар ўртасида низо келиб чиққан.

У низога бошдан-оёқ гувоҳ бўлганини айтар экан, можаро қирғиз чегарчиларининг Ўзбекистон ҳудудида чегара устунларини ўрната бошлаганидан кейин қўзғалганини айтди.

- Шанба куни хушёрликлар менга, шунақа чегарага устун қўйишяпти, деб хабар қилишди. Мен Хушёр қишлов совети раиси Асқарали Болтаев ва Сўх тумани ҳокимининг чегара бўйича ўринбосари Мирзо Маҳматов билан бирга чегарага бордим. Борсак, у ерда хушёрликлар ҳам йиғилиб турган экан. Чегарачиларга тушунтирдик. Улар олдин қулоқ солмади. Кейин шовқин чиққан эди, қирғиз чегарачилари уч марта ҳавога ўқ узди, деди Сарвар Ҳомиджонов.

Унинг сўзларига кўра, ўқ узилгач хушёрлик аҳоли тинчиган ва тарқалган. Сўх расмийлари эса қирғиз чегарачилари билан эртаси куни - якшанба куни эрталаб кўришиб, яна масалани муҳокама қилиш шарти билан ажралган.

Аммо, якшанба куни қўшни Қирғизистоннинг Чорбоқ қишлоғи расмийлари белгиланган вақтдан кеч қолган.

- Соат 9да келиши керак эди, 10 да ҳам уларнинг землемери келмади. Кейин бизнинг маҳалла совет раиси билан қирғизларнинг прапоршиги ўртасида айтишув бўлиб қолди. Шу вақт қирғиз чегарачилари олдин осмонга ўқ узди, парпоршик одамлар томонга отди, деди воқеага гувоҳ бўлганини айтган Сўх тумани ер ўлчовчиси Сарвар Ҳомиджонов.

Унга кўра, натижада сўхлик 5 киши қирғиз чегарачилари қуролидан отилган ўқдан жароҳат олган.

- Отилган ўқ шундоқ менинг ёнимдан ўтиб, орқамда турган одамга тегди. 5 киши ҳозир касалхонада. Энг оғир жароҳат олгани 26 ёшли Шакаржон бўлади. У қорнидан ўқ еди. Яна бири қўлидан, яна бири қулоғидан, яна бири оёғидан - шунақа, хуллас. Уларнинг чегараолди ҳудудида ерлари бор эди,- дейди Ер ресурслари ва давлат кадастри Сўх тумани бўлими бошлиғи Сарвар Ҳомиджонов.

У ва исмини айтмаслигимизни сўраган яна икки сўхликнинг сўзларига кўра, жароҳатланганлардан икки нафари - 26 ёшли Миршакаржон Абдуфаттоев ва 25 ёшли Зокиржон Шокировлар ҳозир оғир аҳволда туман шифохонасининг реанимация бўлимида қолмоқда.

Сўхликлар якшанба кунги отишмадан сўнг ҳамқишлоқлари қишлоқни кесиб ўтаётган қирғизистонликларни ушлаб қола бошлагани ва уларни қўйиб юбориш эвазига 5 ҳамқишлоғини отган қирғиз чегарачисини топиб беришни талаб қилганини ҳам айтмоқда.

- Кейин бозор куни соат кечки 4-5ларда қирғизлар бизнинг 6 нафар аёлни ҳам гаровга олди. Биз қирғизистонлик аёлларни қўйиб юборганимиздан кейин, у ўзбек аёллар ҳам Боткендан уйига қайтарилди. Бугун эса қолган қирғизистонликларни ҳам қайтарганмиз, деди Сўх анклавидаги вазият барқарорлашганини айтган Сарвар Ҳомиджонов.

Айни пайтда сўхликлар Озодлик мухбири билан суҳбатга ушлаб қолинган қирғизистонликларнинг аниқ сони қанча эканини айтмади. Уларнинг сўзлари мазмунидан қирғизистонликлар сони, қирғиз матбуоти хабар қилганидек, 30 га яқин экани англашилди.

Сарвар Ҳомиджоновга кўра, хушёрликлар томонидан гаровга олинган қириғизистонликларнинг қолган қисми 7 январ куни кундузи тушдан кейин ўз юртига қайтарилган.

- Улар Сўх туман шифохонасида эди. Соат кундузи 12-13 лар атрофида ҳаммаси скорийнинг машинасига солиб, мелисанинг сопровождениесида Қирғизистонга жўнатилди. Мен ўзим ўша ерда эдим,- дейди Сарвар Ҳомиджонов.

Сўхликлардан олинган маълумотга кўра, қонли можарога сабаб бўлган ва Ўзбекистон ҳудудига қирғизистонлик чегарачилар томонидан ноқонуний ўрнатилгани расман тан олинган 6 дона устун қирғиз чегарачилари ваъда қилган вақтга қадар олинмагач, якшанба куни кечки пайт сўхликлар томонидан қўпориб ташланган.

Озодлик бу маълумотлар ортидан Сўх тумани ҳокимлиги ва Ички ишлар бўлимига ҳам боғланди.

Сўх можаросини билвосита тасдиқлаган туман мутасаддилари бу борада телефон орқали Озодликка маълумот бера олмасликларини айтди.


Ўзбекистоннинг Сўх эксклави Қирғизистоннинг Боткен вилояти билан ўраб олинган ва умумий чегара узунлиги 138 километрдан иборат.


Ўзбекистоннинг Сўх эксклави харитаси (google maps ёрдамида тайёрланди)


Ўзбекистон расмийлари: Ҳеч қандай можародан хабаримиз йўқ

5-6-7 январ кунлари кузатилган Сўх анклави можароси ҳақида Сўх тумани расмийлари, Фарғона вилояти расмийлари ва Ўзбекистон ҳукумат расмийларининг бирор баёноти кузатилмади.

Биргина 12.uz интернет нашри Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизматига тегишли, дея 7 январ куни бир баёнотни тарқатди.

Ушбу баёнотга кўра, Ўзбекистон томони нохуш ҳодиса келиб чиқишига қирғиз чегарачиларининг Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда симёғочлар ўрната бошлагани сабаб, деб ҳисоблайди ва тўқнашувлар жараёнида Ўзбекистоннинг 5 фуқароси қирғизистонлик чегарачилар томонидан отиб, ярадор қилинган.

12.uz интернет нашри тарқатган хабарда расмий, дейилган баёнот матнидан: "Қирғизистон томони 6 январ куни бир томонлама, келишувсиз ва мазкур ҳудуд Ўзбекистон Республикасига қарашли эканини билган ҳолда электр ўтказиш учун симёғочлар ўрнатиш ишини давом эттирган ва бу Ўзбекистоннинг Хушёр қишлоғи аҳли ҳамда Қирғизистон ҳарбийлари ўртасида зиддиятга сабаб бўлган. Натижада, қирғиз чегарачилари қурол қўллаб, Ўзбекистоннинг беш фуқаросини ярадор қилган”, дея иқтибос келтирилган.

Озодлик мухбири бу баёнот ортидан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасига боғланди.

Аммо, қўмитанинг ўзини таништирмаган икки ходими Сўх анклавидаги можаро, шунингдек, қўмита номидан тарқатилган баёнотдан бехабарлигини айтди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидан эса бу борада бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.


Қирғиз расмийлари: Можаро сабаби чегара чизиғидаги ноаниқлик

Ўзбекистоннинг марказий ва маҳаллий ҳукуматлари беш фуқаро отиб ярадор қилинган ҳодиса ҳақида сукут сақлаётган бир кезда Қирғизистон томони мамлакат президенти даражасида воқеага тўхтовсиз муносабат билдириб турди.

Қирғизистон расмийлари тарқатган қатор расмий баёнотларда можарога Ўзбекистон билан чегара чизиғини белгилашдаги ноаниқлик ва ўзбекистонлик аҳолининг агрессив ҳаракатлари сабаб экани айтилди.

Хусусан, Қирғизистон Мудофаа кенгаши котибияти тарқатган баёнотда: "Ўзбекистон фуқароларининг агрессив ҳаракати, жисмоний куч қўллаши оқибатида, шунингдек Қирғизистон чегара нарядига ҳужум қилиши натижасида Қирғизистон республикаси ҳарбий хизматчилари ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узишга мажбур бўлишди", дейилди.

Бироқ, Қирғизистон томони расмий баёнотларида сўхликлар қирғиз чегарачилари отиб ярадор қилди, деган 5 фуқаро ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Биргина Қирғизистон Давлат чегара хизмати расмийси Искандар Мамбетов у билан учрашган Сўх тумани ва Фарғона вилояти расмийлари бир неча жароҳатланган ўзбекистонликлар борлигини айтганини эътироф этди. Бироқ, бу фуқароларнинг қирғиз чегарачилари томонидан отиб ярадор қилингани ҳақидаги маълумотларга тўхталмади.

Шунингдек, сўхликлар берган яна бир норасмий маълумот - ўзбекистонлик 6 аёлнинг Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бир неча соат тутиб турилгани ҳақидаги маълумот ҳам қирғиз томони баёнотларида учрамади.

Айни пайтда сўхликлардан олинган бу маълумот Ўзбекистоннинг бирор расмий ташкилоти томонидан ҳам расман тасдқилангани йўқ.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот вакили Гулмира Бўрибоевага кўра, икки давлат хавфсизлик хизмати расмийларининг изчил музокаралари натижасида хушёрликлар томонидан гаровга олинган 30 қирғизистонликнинг ҳаммаси озод қилинган.

Қирғизистон томони гаровга олинганларнинг айримлари танасида қийноқ излари кўринганини ҳам иддао қилмоқда.


Боткен ва Сўх ҳокимлари учрашди

Айни пайтда Боткен туман ҳокими Сейитмурат Қалиқовнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига айтишича, мазкур воқеадан кейин у Сўх туман ҳокими билан учрашган, ўзбекистонлик ҳамкасби унга сўхликлардан тўрт киши тан жароҳати олганини айтган, бироқ қирғизистонлик ҳокимнинг ярадор кишиларни кўрсатиш илтимосини бажара олмаслигини билдирган.

Яна, Ўзбекистон МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасига кўра, воқеа содир бўлган жойга борган Боткен вилоят губернатори Ж. Раззақов ва Қирғизистон Чегара хизматининг Боткен участкаси бўйича вакили полковник Н. Керимқанов симёғочлар ноқонуний равишда жоиз бўлмаган жойга ўрнатилганини тан олган ва узр сўраб, симёғочларни Қирғизистон ҳудуди ичидан олиб ўтишга сўз берган.

Айни пайтда Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири Жениш Айдаровнинг хабар қилишича, ҳозирда Боткен вилоят прокуратураси қирғиз чегарачиларига ҳужум қилганлик ва одамларни гаровга олганлик ҳодисалари бўйича иккита жиноят иши қўзғатган.

Қирғизистон парламенти депутати Тўқўн Мамитовнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига маълум қилишича, бугун воқеа бўлган жойга Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ҳокими, маҳаллий милиция бошқармаси ва чегара бўлими раҳбарлари келган. Улар Боткенда қирғиз расмийлари билан Сўхда "гаровда ушлаб турилган қирғизистонликларни озод қилиш" бўйича музокара ўтказмоқда. Айни пайтда Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Закир Тиленов ҳам воқеа жойига йўл олгани айтилмоқда.

Бишкекда эса Ҳукумат уйи қаршисида Ўзбекистоннинг Сўх анклавида гаровда тутиб турилган қирғизистонликларни тез орада озод қилишни талаб қилган 100 чоғли одам митинг ўтказди.

Озодлик воқеа ривожини кузатмоқда, қўшимча тафсилотлардан кун давомида муштарийларни хабардор қилиб боради.
XS
SM
MD
LG