Аҳолисининг 90 фоизини этник тожиклар ташкил қилувчи Сўх эсклавида содир бўлган воқеалар исфараликларни ҳам хавотирга қўйди.
Тожикистоннинг Сўғд вилояти расмийлари Сўхда бўлган каби чегараолди зиддиятлари минтақадаги оддий одамлар турмушига бевосита таъсир кўрсатмаса-да, уларни бефарқ ҳам қолдирмайди, деб ҳисоблайдилар.
Сўғд вилоят Ички ишлар бош бошқармаси раҳбари Шариф Назаров январ ойининг биринчи ҳафтасида Ўзбекистоннинг Сўх эсклавида содир бўлган воқеага ана шундай муносабат билдирган.
Ички ишлар масъули Хўжандда ўтказилган матбуот анжуманида қўшни давлатларда содир бўлган чегараолди зиддияти Тожикистонга таъсир қилиш-қилмаслигига “йўқ”, дея жавоб берди.
- Сўх ҳудудидаги Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ўртасида содир бўлган тўқнашув Тожикистоннинг чегараолди ҳудудларига таъсир ўтказгани йўқ. Сўх чегараларимиздан олисда жойлашган. Биз Қирғизистон билан чегараларни ёпмадик, фуқароларимиз аввалгидек икки томонга ҳам бемалол ўтиб юришибди, - деди Назаров.
У тожикистонлик ва қирғизистонлик чегарачилар вазиятни биргаликда назорат қилаётганларини ҳамда бирор муаммоли вазият юзага келган тақдирда, бир-бирларини ўз вақтида хабардор қилишга келишиб олганларини билдирди.
Аҳолисининг 90 фоизини тожиклар ташкил этувчи Сўх эсклави Исфара туманидан 50 километр нарида жойлашган.
Исфара туманидаги Чорку жамоати раҳбарининг ўринбосари Абдухалил Шарипов Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбат чоғида уларни Сўхда яшовчи кишилар тақдири ташвишлантираётганини айтган.
- Сўх атрофидаги вазият қариндош-уруғларимизни ва шахсан мени хавотирга солаяпти. Сўхда кўплаб қариндошларимиз яшайди. Аввал ҳам бир-биримизникига бориш унча осон эмасди, энди эса умуман қийин бўлиб кетди. Биз улар ҳақида ҳеч нарса билмаймиз, улар қандай ҳаёт кечираётгани ҳақида фақат матбуотдан билиб турибмиз. Фарғона водийси анча вазият мураккаб бўлган, нотинч минтақа ва биз Сўхдаги каби зиддиятлар тасодиф бўла олмайди, деб ўйлаймиз. Бошқа томондан эса, турли-туман чегараолди зиддиятларига аста-секинлик билан кўникиб бораётганимизни эътироф этиш керак, - деди Шарипов.
Эскпертлар фикрича, Фарғона водийсида жойлашган республикаларнинг расмийлари қатор баҳсли муаммолар бўйича ўзаро келишиб олмагунларича, бу ҳудудда зиддиятнинг янги ўчоқлари пайдо бўлаверади.
Хўжандлик журналист ва сиёсатшунос Тилав Расулзода бу республикалар мустақилликка эришганидан буён ўтган 20 йил ичида минтақа раҳбарларида чегараолди ҳудудида яшовчи оддий одамлар турмушига таъсир қилаётган жиддий муаммоларни ҳал қилиш учун сиёсий ирода топилмаганидан таассуф билдиради.
- Бир-бирига қўшни бўлган давлатларда яшайдиган тожиклар, ўзбеклар ва қирғизлар эркин яшашни, монеъликларсиз ҳаракатланишни ва биргаликда осойишта умргузаронлик қилишни истардилар. Аммо расмийлар уларнинг истакларини инобатга олмаяптилар. Афсуски, давлат раҳбарларининг худбинлиги ва амбициялари бу муаммоларни ҳал қилишга имкон бермаяпти ва улар чегараларни тақа-тақ ёпиб олаяптилар, - деди Тилав Расулзода.