Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:58

Ўзбек-қирғиз чегарасида учта пункт очилди


 Ўзбек-қирғиз чегарасидаги "Дўстлик" пункти.
Ўзбек-қирғиз чегарасидаги "Дўстлик" пункти.

4 февралдан бошлаб Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги "Дўстлик", "Маданият" ва "Кенсай" чегара пунктлари очилди. Бироқ айни пайтда ўзбек-қирғиз чегарасида яна 12та чегара пунктлари ёпиқ ҳолда қолмоқда.


Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегара хизматлари расмийлари ўртасида эришилган келишувга биноан бир ойдан буён ёпиқ қолаётган учта чегара пунктининг фаолияти душанба куни қисман қайта йўлга қўйилди.

Бу ҳақда Қирғиз Республикаси Давлат чегара хизматининг ҳарбий мухбири Сажира Чоколоева Озодликка маълум қилди.

- "Дўстлик-автойўл" пункти фуқаролар, транспорт воситалари, юклар, товарлар ва бошқа нарсаларни ўтказиш учун тўлиқ равишда очилди. "Маданият-автойўл" ва "Кенсай-автойўл" пунктларидан ўтиш эса чекланган кўринишда йўлга қўйилган. Бу пунктлардан Ўзбекистон томони Қирғизистон фуқароларини фақат ўзбекистонликлар томонидан жўнатилган таклифнома билан ўтказаяпти ҳамда Ўзбекистон ёки Қирғизистон фуқароси билан турмуш қургани ҳақидаги никоҳ гувоҳномаси бўлса, чегарадан ўтказилади. Шунингдек, Ўзбекистон орқали учмоқчи бўлса, қўлида авиабилети бўлиши шарт,- дейди Сажира Чоколоева.

Қирғиз чегара хизмати ҳарбий мухбирига кўра, "Маданият" ва "Кенсай" ўтиш пунктларидаги чекловлар фақат Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари учун, учинчи давлат фуқароларининг бу чегара пунктларидан ўтишида ҳеч қандай чеклов йўқ.

Қирғиз Республикаси Давлат чегара хизматидан олинган расмий маълумотга кўра, ўзбек-қирғиз чегарасида жами 20 та ўтиш пунктлари бўлиб, ҳозирда улардан фақат саккизтаси ишламоқда, 12та пункт ёпиқ ҳолда қолмоқда.

"Дўстлик" пункти ҳар куни соат 8:00дан 18:00гача очиқ. "Кенсай" ва "Маданият" пунктларидан эса соат 9:00дан 20:00гача ўтиш мумкин.

Сўх эксклавида 5-6 январ кунлари маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида можаро чиққанидан бери ўзбек-қирғиз чегарасидаги ўтиш пунктлари ёпилган эди.

Бу воқеалардан сўнг Ўзбекистоннинг Сўх ва Шоҳимардон қишлоқлари ва Қирғизистоннинг Барак қишлоғи қарийб бир ой давомида қамалда қолди.

1 февралдан бошлаб Қирғизистоннинг “Қадамжой” ва Ўзбекистоннинг “Водил” чегара пунктлари Боткен ва Фарғона вилоятлари аҳолиси учун очилди. Натижада Сўх, Шоҳимардон ва Барак қишлоқларига кириш йўллари очилди. Бироқ айни пайтда Сўхни мамлакатнинг асосий ҳудуди билан боғловчи яқинроқ йўл - Сўх – Риштон йўлидаги чегара пункти ёпиқлигича қолмоқда.

Шунингдек, Сўх мажоросидан сўнг ёпилган Қирғизистоннинг Ўзбекистон чегарасидан ўтадиган учта темир йўл станцияси- “Қизилқия- темирйўл”, “Қорасув-темир йўл” ва “Шамолдисой-темир йўл” станциялари 26 январ кунидан бошлаб очилди.
XS
SM
MD
LG