Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:24

Қирғизистонда қўлга олинган уч сўхлик озод қилинди


Central Asia - Map of the Uzbek exclave of Sokh in Kyrgyzstan
Central Asia - Map of the Uzbek exclave of Sokh in Kyrgyzstan
Боткен вилоятининг Қадамжой туманида 12 январ куни қўлга олиниб Қирғизистон Республикаси давлат чегарасидан ўтиш тартибини бузганликда айбланаётган Ўзбекистоннинг уч фуқароси ҳибсдан озод қилинди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Боткендаги мухбири Жениш Айдаровга кўра кўра, сўхлик уч йигит иши шу ҳафтада Боткен вилоят Қадамжой туман судида кўрилган ва маҳкама қарори билан ҳибсдан озод қилинган.

Ўзбекистонликлар қандай шартлар билан озодликка чиқарилгани, ҳукмда айнан нималар дейилгани тўғрисида суд расмийларидан маълумот олишнинг иложи бўлмаганини хабар қилди мухбиримиз.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари ўзбекистонликларнинг озодликка чиқарилгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлаган бироқ улар ҳам воқеа тафсилотларини айтмаган.

Боткен вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Анарбай Алимбаевнинг Озодлик мухбирига билдиришича, уч ўзбекистонлик билан боғлиқ иш миллий хавфсизлик хизмати ихтиёрида бўлган ва шунинг учун бу масалада унда маълумот йўқ.

Айни пайтда маҳаллий аҳоли орасида уч ўзбекистонлик Ўзбекистонда ушланиб турган уч қирғизистонликка айирбошланди, деган миш-миш юрганини хабар қилди мухбиримиз.

Бу маълумотлар Ўзбекистон томонидан ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

21 январ куни Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот бўлими Сўхда истиқомат қиладиган уч ўзбекистонлик - 1976 йилда туғилган Нишонов Р.Г., 1976 йилда туғилган Каримов Ю.Г. ва 1990 йилда туғилган Юлдашев Ф.У.лар шу йилнинг 12 январ куни Боткен вилоятидаги Жаш-Тилек қишлоғида ушлангани ҳақида расмий баёнот тарқатган, унда айтилишича, уч сўхлик “Қирғизистон давлат чегарасидан ўтиш тартибини бузган”эди.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот бўлими баёноти тарқатилиши арафасида ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев исмлари тилга олинган уч сўхликнинг 12 январ куни Сўхдан Риштонга кетаётган пайтда Қирғизистон ҳудудида қўлга олингани ва уларнинг Қирғизистон ҳудудида “гаровда ушлаб турилгани” тўғрисида хабар тарқатган эди.

Уч сўхлик билан боғлиқ воқеа 5 – 7 январ кунлари содир бўлган Сўх инцидентидан сўнг ҳукм сурган бўҳрон кунларида юз берди.

Ўзбекистоннинг Сўх эксклавида 5 - 7 январ кунлари маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида можаро чиққанидан бери ўзбек-қирғиз чегарасидаги ўтиш пунктлари ёпилган эди.

Бу воқеалардан сўнг Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудуди билан ўралган Сўх ва Шоҳимардон эксклавлари ва Қирғизистоннинг Ўзбекистон ҳудуди билан ўралган Барак қишлоғи қарийб бир ой давомида қамалда қолди.

1 февралдан бошлаб Қирғизистоннинг “Қадамжой” ва Ўзбекистоннинг “Водил” чегара пунктлари Боткен ва Фарғона вилоятлари аҳолиси учун очилди. Натижада Сўх, Шоҳимардон йўллари очилди. Бироқ айни пайтда Сўхни мамлакатнинг асосий ҳудуди билан боғловчи яқинроқ йўл - Сўх – Риштон йўлидаги чегара пункти ёпиқлигича қолмоқда.

Баъзи хабарларга қараганда, Қирғизистоннинг Барак қишлоғи йўли тўсиқлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG