Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:40

Ўзбекистонда импорт чеклови 1 апрелдан кучга киради


Озодликка келиб тушган қарор матнида 1 апрелдан бошлаб, хориждан келадиган маҳсулотлар ҳажми ва турини кескин қисқартириш кўзда тутилган. Бунда "озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий гигиена ҳамда бошқа истеъмол моллари”дан иборат импорт товарлари ҳақида гап бормоқда.


Янги чеклов ўта кескин бўлади

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга олиб кириладиган энг зарур озиқ-овқат ва эҳтиёжга оид импорт товарларига қўйилган кескин чеклов кучга киради.

Ўзбекистон президенти 2013 йилнинг 29 январ куни имзолаган “Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рақобатбардошлигини янада ошириш ва товарларнинг мамлакатга ноқонуний олиб қирилишига қарши курашни кучайтиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1913-сонли қарори матни шу кунларда Озодлик таҳририятига йўлланди.

Қарорнинг илк жумлаларида чекловдан мақсад “фалсификациялаштирилган ва ноқонуний олиб кирилган товар маҳсулотлар”га қарши кураш чора-тадбирларини кучайтириш, шунингдек ички маҳсулот ҳажмини ошириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳимоялаш экани айтилган.

Ўз манбалари орқали Озодлик қўлга киритишга муваффақ бўлган қарор матнида гап “озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий гигиена ҳамда бошқа истеъмол моллари”дан иборат бўлган импорт маҳсулотлари ҳақида бораётгани қайд этилган.




Хомаки рўйхат 1 мартгача тайёр бўлиши керак

Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовга Иқтисод вазири; Ташқи иқтисодий алоқалар, сармоя ва савдо вазири; Давлат Божхона қўмитаси раҳбарлари билан биргаликда 1 мартга қадар кескин чеклаш мумкин бўлган маҳсулотлар рўйхати бўйича Вазирлар Маҳкамасига конкрет таклиф киритиш вазифаси юкланган.

Яъни, 2013 йилинг 1 мартига қадар бундан буён Ўзбекистон чегараларидан олиб кирилаётган импорт товарларининг ўта чекланган хомаки рўйхати тайёр бўлиши лозим.


Чекланган импорт қўшимча текширувдан ҳам ўтади

Шунингдек, Давлат Божхона қўмитаси ва Давлат Солиқ қўмитасига 1 апрелдан бошлаб чекланган миқдорда кела бошлайдиган хорижий маҳсулотлар орасидан қўшимча махсус текширувдан ўтиши ва бу ҳақда давлат белгиси ёпиштириш зарур бўлган маҳсулотларнинг янги рўйхатини тақдим этиш вазифаси ҳам юклатилган.

Яъни, бунинг ортидан чегарадан олиб кирилгандан кейин Ўзбекистонда сотиш олдидан қўшимча назоратдан ўтиши ва бунинг тасдиғи ўлароқ махсус белги ёпиштирилиши зарур бўлган импорт товарларнинг шу кунгача мавжуд рўйхати ҳам кенгайтирилади.


Тадбиркорнинг божхоначига кўрсатадиган ҳужжати кўпаяди

Шу тариқа, 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга хориждан маҳсулот келтираётган тадбиркорлар зиммасига божхона текшируви пунктлари ходимларига олиб келаётган товарларининг “номи, миқдори, оғирлиги ва юкларнинг қиймати, шунингдек Товарлар таърифи ва кодини мувофиқилаштириш системаси асосида қўйилган кодига оид тўлиқ маълумотни тақдим этишга мажбурияти” юкланади.

Яъни, бундан буён тадбиркор Ўзбекистонга хориждан товар олиб кирар экан божхона назорати пункти ходими билан қаршилашишдан олдин товар моллари ҳақидаги барча маълумотни ўз ичига олган қўшимча ҳужжатларни ҳам ҳозирлаши керак бўлади.


Чекловга амал қилмаганларга жазо кучайтирилади

Президент қарорида тақиқланган импорт маҳсулотлари Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилгани фош бўлган тақдирда божхона постлари раҳбарлари “қонунликка мувофиқ қаттиқ жазоланиши”дан огоҳлантирилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига бунга масъул шахсларга нисбатан қўшимча ва кучайтирилган жазо чоралари тартибини 1 ой муддат ичида ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.


Ноқонуний импортнинг чакана савдосини йўқоти(шга урини)лади

Президент қарорида Давлат Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Бош прокуратураси қошидаги Солиқ, валюта ва ноқонуний даромадларни легаллаштириш жиноятларига қарши департаменти ҳамда Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасига бир ой муддат ичида “фалсификациялаштирилган маҳсулотларнинг чакана савдоси ҳамда ноқонуний импортнинг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш” вазифаси топширилган.

Яъни, талабга бўйсунмаган ва чегарадан ноқонуний олиб ўтилган кундалик зарур импорт товарлари чакана савдоси билан шуғуланувчи шахсларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш тартибини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.


Хорижий эҳтиёж моллари ўрни ярмаркаларда қопланади

Президент ўз қарори билан хориждан келтирилаётган кенг истеъмол моллари импорти чеклангач, уларнинг ўрнини миллий маҳсулотлар билан тўлиқ таъминлаш учун маҳаллий ва республика миқёсида ярмаркалар ташкил қилишни режалаган.

Қарор матнида айтилишича, бундан буён Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида маҳаллий ҳокимиятлар, кооператив биржалар ҳамда Халқаро савдо ярмаркаси дирекция ҳамкорлигида истеъмол моллари ярмаркалари ташкил қилинади.

Унда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилган “озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий гигиена ҳамда бошқа истеъмол моллари”дан иборат бўлган ички, миллий маҳсулотларнинг мунтазам савдоси йўлга қўйилади.

Ишлаб чиқарувчилар ва фермер хўжаликлари ҳозирлаб берган ички, миллий маҳсулот савдоси билан шуғуллануви савдо ташкилотлари эса қўшимча ҳужжатлаштириш ишларидан озод этилади.

Яъни қарор матнидан тушунилишича, савдо корхоналари ва савдогарлик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри олди-сотди шартномасини тузади ва маҳсулотларни ярмаркаларда сотаверади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:36 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG