Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:25

Coca-Cola Uzbekistan ишлаб чиқаришни тўхтатгани айтилмоқда


Coca-Cola сотилмай қўйгани ҳақидаги хабарларни Глунора Каримова назорат қилиши айтиладиган ширкат инкор қилишда давом этмоқда.
Coca-Cola сотилмай қўйгани ҳақидаги хабарларни Глунора Каримова назорат қилиши айтиладиган ширкат инкор қилишда давом этмоқда.

Ўзбекистонда Coca-Cola ичимликлари сотувга чиқмаяпти. Мамлакатнинг салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчи энг йирик компанияси вакиллари мамлакат бозорида ўз маҳсулотлари сотилмаётгани тўғрисидаги хабарларни инкор қилмоқда. Айни пайтда, ўзбекистонлик дўкондорлар Coca-Cola Uzbekistan маҳсулотларини бир ҳафтадан бери ололмаётганларини айтишмоқда.



Coca-Cola Uzbekistan маҳсулотлари танқис бўлиб қолгани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилган эди.

Бугунга келиб мамлакатнинг аксар дўконлари, жумладан йирик супермаркетлар пештахталаридан Coca-Cola ичимликлари йўқолгани айтилмоқда.

Тошкентдаги “Ардус” супермаркети таъминот бўлими мутасаддиларидан бири Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган Coca-Cola Uzbekistan корхонаси маҳсулотларини етказиб бериш тўхтаганига бир ҳафтадан ошиб қолганини маълум қилди.



- Бир ҳафта, 10 кун бўлди. Йўқ, Coca-Cola ҳозир йўқ. Шишалиси ҳам йўқ, баклашкалиси ҳам йўқ. Мижозларга бунинг ўрнига Pepsi таклиф қиляпмиз, деди савдо ходими.

Тошкентнинг “Корзинка” супермаркети ходими ҳам бир ҳафтадан ошиқроқ вақтдан бери Coca-Cola Uzbekistan маҳсулотларининг сотувга чиқарилмаётгани корхона санитария сабаблари билан вақтинча ёпилгани билан изоҳланаётганини таъкидлади.

- Санитарний, дейишаяптида. Бир ҳафта, 10 кун бўлса керак. Камайиб кетган. Асосан, соклар сотаяпмиз ҳозир. Энди келиб қолса керак. Худо хоҳласа, очилса, деди “Корзинка” дўкони вакили.

Айни пайтда, вилоятларда ҳам Coca-Cola ичимликлари йўқолиб қолгани айтилмоқда. Самарқанддаги “Фаровон” супермаркетининг шахси сир қолишини истаган ходими, Озодликка: “Ҳозир фақат Pepsi сотиляпти, Coca-Cola заводи тўхтаб қолибди. Coca-Cola ҳозир бир-иккита дўконда омборда қолиб кетган бўлса, топиш мумкин холос”, дея маълум қилди.

Coca-Cola Uzbekistan ширкати мутасаддилари савдо холимлари сўзларини инкор қилмоқда. Ширкатнинг ўзини таништиришни истамаган ходими маҳсулотлар сотувга чиқмаётгани сабабини расмий дистрибюторлардан сўрашимизни маслаҳат қилди.

- Бунинг ҳеч қандай сабаби йўқ, биз ишлаяпмиз, бутилка ва баклажкаларда ишлаб чиқариш тўхтагани йўқ. Маҳсулотларни бозорга чиқариш билан икки йилдан бери дистрибюторлар шуғулланмоқда. Улар биздан олиб дўконларга тарқатишади. Улар биздан олган маҳсулотни қандай тарқатишидан эса бизнинг хабаримиз йўқ,- деди Coca-Cola Uzbekistan ходими.

Лекин, суҳбатдошимиз Coca-Cola ичимликларини бозорга чиқариш билан шуғулланадиган дистрибютор фирмалар номларини ошкор қилишдан бош тортди.

Айни пайтда, Coca-Cola Uzbekistan корхонасида ишлаб чиқариш тўхтатилганини рақиб брэнд Pepsico маҳсулотларини тарқатиш билан шуғулланадиган дистрибюторлик фирмаси вакиллари тасдиқлашди.

- Coca-Cola вақтинчалик тўхтаб турибдию. Билиб бўлмайди, ремонтга тўхтаган бўлиши мумкин. Нимага тўхтагани ҳақида информация йўқ ака. Бизда фақат Pepsi, ака,- деди фирмаси номи ва ўз шахси сир қолишини истаган суҳбатдошимиз.

Coca-Cola Uzbekistan ширкати Гулнора Каримованинг собиқ эри АҚШ фуқароси асли афғонистонлик ўзбеклардан бўлган Мансур Мақсудий оиласи томонидан 1994 йилда Тошкентда ташкил қилинган.

2001 йилда Ўзбекистон президентининг қизи Мақсудийдан ажрашгач, Гулнора Каримова собиқ эрининг ўша пайтда 60 миллион АҚШ долларига баҳоланган Coca-Cola Uzbekistan корхонасини тортиб олгани айтилади.

Coca-Cola Uzbekistan ширкати номи ҳозирда Швейцария ва Швецияда тергов қилинаётган ва Гулнора Каримова шахсига алоқадорлиги гумон қилинаётган йирик молиявий жиноятлар муносабати билан ҳам тилга олинмоқда.

Пул ювиш ва порахўрлик жиноятларида айбланаётган асосий фигурантлар Алишер Эргашев ва Шохрух Собиров Coca-Cola Uzbekistan ширкатида бошқарув лавозимларида ишлаши айтилади.

Баъзи тасдиқланмаган маълумотларда Pepsico ширкатининг Ўзбекистондаги расмий вакили ҳисобланган “International Beverages Tashkent” ширкатини ҳам Гулнора Каримова назорат қилиши айтилади.

Тошкентнинг сирғали туманида ишлаб чиқариш корхонаси борлиги айтиладиган “International Beverages Tashkent” фирмасининг вакиллари бу маълумотни на тасдиқлади, на инкор қилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:36 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG