Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:50

Афродита ҳайкали суратини босган журналга дакки берилди


Юнон афсонларида севги, муҳаббат ва лаззат худоси бўлган Афродита ҳайкали Лувр музейининг энг сара экспонатларидан биридир.
Юнон афсонларида севги, муҳаббат ва лаззат худоси бўлган Афродита ҳайкали Лувр музейининг энг сара экспонатларидан биридир.

Ўзбекистондаги ихтисослашган журналлардан бири Парижнинг Лувр музейига доир яланғоч Афродита ҳайкали суратини босгани учун Матбуот ва ахборот агентлиги Мониторинг марказидан огоҳлантириш олгани атйилмоқда.



Uzmetronom нашрининг хабар қилишича, журнал таъсисчиси (журнали номи ва таъсисчисининг исми хавфсизлик нуқтаи назардан айтилмаяпти-таҳр.) Матбуот ва ахборот агентлиги мониторинг марказига чақиртирилиб, мамлакат нашрларида яланғоч аёл суратини босишни ман этувчи Оммавий ахборот воситалари фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка амал қилмаётгани ҳақида огоҳлантирилган.

Агентлик расмийлари бунга қадимги Юнон афсонларида севги, муҳаббат ва лаззат худоси бўлган Афродита ҳайкали суратининг журнал саҳифасида эълон қилиниши сабаб қилиб келтиришган.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги (аввалги номи Давлат матбуот қўмитаси) мамлакатдаги барча ахборот воситалари, босма ва электрон матбуотни назорат қилувчи идорадир.

2000 йилда қўмита қошидаги "Матбуотда давлат сирларини сақлаш инспекцияси" фаолиятини тугатиш ҳақидаги президент фармони ортидан Ўзбекистонда расман цензура бекор қилинган ҳисобланади.

Аммо маҳаллий журналистлар амалда матбуот воситаларини цензура қилиш сақланиб қолаётгани ва моҳиятан у Матбуот ва ахборот агентлиги таркибидаги "Мониторинг маркази" томонидан амалга оширилишини айтишади.

Узбекистондаги матбуотни яқиндан кузатиб борадиган ва ундаги чиқишлар юзасидан агентликка тавсиялар берадиган "Мониторинг маркази" ахборот ҳизматининг расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда Афродита ҳайкали суратини босгани учун Ўзбекистондаги нашрлардан бирига огоҳлантириш билдирилгани ҳақида маълумотга эга эмасликларини айтди.

Матбуотда яланғоч одам қиёфаси акс этган санъат асарларининг суратлари босилишига тақиқ борми ёки йўқми, деган саволга ҳам марказ матбуот ҳизмати расмийси жавоб бераолмаслигини айтди.

Ўзбекистонлик журналист, узоқ йил "Ҳуррият" газетасида масъул котиб бўлиб ишлаган Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Ўзбекистондаги миллий меъёрлар халқаро андозаларга уйқаш келмаслиги боис санъат асари бўлса ҳам, яланғоч одам суратини матбуотда эълон қилмаслик журналистларга тавсия қилинади.

Аввалроқ Ўзбекистондаги рассомлик билим юртлари талабалари яланғоч натура (яланғоч тарзда ўтирган аëл ёки эркакнинг тиригига қараб-таҳр.) расмини чизиш машғулотлари бекор қилинганди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги кўргазмалардан яланғоч аëллар суратлари олиб ташлангани ҳақида хабар берилганди.

Санъатшунослар кўргазмаларда яланғоч қизлар сурати осилмай қўйгани ëзилмаган таъқиқлар билан боғлиқлигини айтишган.
XS
SM
MD
LG