Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:20

Воҳид Гунеш: турк тадбиркорларига амнистия қўлланилмаяпти


Душанба куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси ўтган йил декабр ойида эълон қилинган амнистия асосида 55 нафар хорижлик махбус озод этилганини маълум қилди.

Лекин улар орасида 2011 йилда қамоққа олинган турк тадбиркорлари йўқ.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда озодликка чиққанлар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Афғонистон фуқаролари эканини маълум қилди.

- Жами 55 одам озодликка чиқарилди. Бу ҳақда бошқа маълумот беролмайман. Уларни ким экани ҳақдаги маълумот телефонда берилмайди,- деди ГУИН расмийси.

2012 йилнинг 4 декабрида Ўзбекистон Сенати мамлакат Конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан қабул қилинган амнистияга кўра жинояти жамият учун хавфсиз деб топилганлар озод этилиши айтилган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, ҳозирга қадар 20 мингга яқин махбусга нисбатан амнистия қўлланилган, 2 мингдан зиёд махбус жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган. Қолганларнинг жазо муддатлари қисқартирилган ёки жиноий ишлари бекор қилинган.

Аммо, амнистия қилинган хорижликлар орасида иқтисодий жиноятларда айбланиб, қамалган турк фуқаролари йўқ, дейди Тошкентдаги "Туркуаз" савдо маркази собиқ хўжайини, ҳозирда Истанбулда яшаётган туркиялик тадбиркор Воҳид Гунеш.

- Тошкентдаги “Demir Market” дўкони, “Polat Celik” ширкатининг турк фуқаролари бўлган ходимлари ҳали ҳам қамоқда. Шулардан камида тўрт нафарини биламан. Улар қамалганларидан буён Ўзбекистонда икки марта амнистия эълон қилинди, лекин улар авф этилмади. “Polat Celik” ширкатининг ходими Зеки Гундуз олти йилга, “Demir Market”нинг уч одами икки йилга қамалган эди,- дейди Воҳид Гунеш.

46 ёшли туркиялик ишбилармон Ўзбекистонда "Туркуаз" ширкатига асос солиб, етти йил мобайнида раҳбарлик қилган.

2011 йили март ойида Тошкентдаги энг йирик савдо марказларидан бири ҳисобланган Чорсу бозорига яқин ерда жойлашган "Туркуаз" дўконига рейд уюштирилган, ўшанда Гунеш ва унинг ҳамкаблари ҳибсга олинган эди.

Тўққиз ой ўзбек қамоқхонасида ўтириб чиққан Воҳид Гунеш ҳозир Истанбулда, лекин у билан бирга ишлаган туркиялик айрим тадбиркорлар ҳамон ўзбек қамоғида қолмоқда.

- Икки аманистия чиқди, ўта хавфли жиноятлар билан ўн йилга қамалганлар чиқиб кетяпти, бу дўстларимиз ҳамон қамоқда қоляпти,- дейди Воҳид Гунеш.

Ўзбекистонда олдинги амнистия 2011 йил декабр ойида эълон қилинган эди. Ўшанда қамоқдаги 45 минг махбусга нисбатан амнистия қўлланилган, шулардан 2 мингга яқини озодликка чиқарилганди.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда минглаб сиёсий ва диний маҳкумлар борлигини айтиб келишади.

Улар нафақат авф қилинмайди, балки жазо муддати ниҳоясига етган сиёсий маҳкумларга қамоқхона тартибини бузганликлари айби билан жиноий иш очилади ва қамоқ муддати қўшиб берилади.

14 йилдан буён қамоқда қолаётган таниқли адиб Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221 - моддаси - "Жазони ижро этиш муассаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик" да айбланмоқда.

Ушбу модда энг кам уч ярим йил, энг кўп беш йиллик қамоқ жазолари қўшиб берилишини назарда тутади.
XS
SM
MD
LG