Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:14

Қамоқхона қоидасини “бузган” диссидент ёзувчи “раскрутка” қилинди


14 йиллик қамоқ жазоси тугаган 72 ёшли таниқли ëзувчи Мамадали Маҳмудов яна қамоқда қоладиган бўлди. Суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221-моддаси ("Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаганлик") бўйича айбланган диссидент ёзувчининг қамоқдаги жазо муддати яна уч йилга чўздирилди.


Мазкур ҳукм Тошкент вилоятидаги Ғазалкент туман суди томонидан 8 апрел куни чиқарилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган тошкентлик ҳуқуқ фаоли Дилором Исҳоқованинг айтишича, суд ёзувчининг яқинларидан сир тутилган ҳолда ўтказилган:

- Суд бўладиган кун ҳақида унинг оиласига хабар беришган эмас. Кеча Ғазалкентга Мамадали аканинг хотини Гулсара опа билан бордик. Борсак кеча суд бўлиб 3 йил яна қўшиб беришибди. Сўнг тоштурмага қайтиб келдик. Гулсара опа эри билан икки соатлик учрашувга кириб чиқди. Унинг айтишича, Мамадали аканинг аҳволи жуда тушкун, бир ой олдин инфаркт ўтқизибди, ҳассага таяниб зўрға юрибди, қон босими жуда баланд экан,- дейди Дилором Исҳоқова.

Инсон ҳуқуқи фаолига кўра, 19 феврал куни 14 йиллик қамоқ жазоси тугаган Мамадали Маҳмудов айни пайтда Тоштурмада сақланмоқда ва унинг жазони ижро этиш муассасасига этап қилиниши кутилаяпти.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:00 0:00
Бевосита линк

Маҳмудов яқинларининг айтишича¸ ëзувчига қарши айблов ҳужжати шу йилнинг 5 март куни прокурор тарафидан имзоланган эди.

Бу ҳужжатда Мамадали Маҳмудовнинг жазони ижро этиш муассасасида 31 марта қоида бузгани иддао қилинган.

Бундан олдин ëзувчининг жазо муддатига яна қўшиб берилаëтгани борасида маълумотлар пайдо бўлган эди.

Ўтган йил охирида Мамадали Маҳмудовнинг Чирчиқдаги колонияда боши уриб ëрилгани ҳақида маълумотлар чиққан эди.

Ëзувчининг рафиқаси Гулсара Маҳмудовага эса "эринг бошидан жароҳат еди, йиқилиб тушди", деб хабар беришган.

Мамадали Маҳмудов 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда содир бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Суд қарорига кўра, у Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик, Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлик каби айбловлар билан 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Мамадали Маҳмудов маҳкамада ўзига қўйилган айбларни рад этган ва қийноққа солинганини айтган.

Мамадали Маҳмудов қамалганидан буён кўплаб маҳаллий ва ҳалқаро ташкилотлар унинг озод қилинишини талаб қилиб келмоқда.

Эврил Турон тахаллуси билан ижод қилган Мамадали Маҳмудов "Ўлмас қоялар",“Менинг Боғдоним”, “Боғдон бўриси”, “Бургут қаноти” каби асарлар муаллифи.

Маҳбуслик даврида ёзаётган асарларининг қўлëзмалари эса, рафиқаси Гулсара Маҳмудованинг айтишича¸ қамоқхона мутасаддилари томонидан тортиб олиниб, қайтариб берилмаган.

Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон мустақиллиги учун совет даврида курашган ëрқин сиëсатчилардан бири сифатида эътироф қилинади.
XS
SM
MD
LG