Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:00

Алимент тўламаганга жазо борми?


OzodJavobнинг бу галги сонида алимент ва уни ундириш, тўлаш тартиб-қоидалари борасида суҳбатлашамиз.

Эр Россияда, алимент тўлашдан қочаяпти

Skype орқали мурожаат қилган ангренлик 32 ёшли Шаҳлонинг айтишича, олти йил аввал Россияга ишлашга кетган эри у билан ажралмасдан туриб, бошқа оила қурган.

Шаҳло икки фарзанди борлигини айтиб, болалари учун алимент ундириш борасида қизиқди.

“Эрим билан ҳали ҳам никоҳдамиз. Икки болам учун алимент олишга ҳаққим борми?”, дея сўради Шаҳло.

Тошкент шаҳар Бектемир туман фуқаролик ишлари бўйича судининг ходимларидан бирининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, эр-хотин ажралмасдан туриб ҳам болалар учун алимент ундириш мумкин.

"Эр Россияга кетиб уйланса, хотин алимент талаб қилишга ҳақли. Агар эр болалари учун моддий жиҳатдан ёрдам бермаса, хотин судга мурожаат қилиши керак. Никоҳ гувоҳномаси, иккита боласининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасининг копияси, турар жойдан маълумотнома, паспорт маълумотномаси тақдим қилади. Биз суд буйруғи чиқарамиз. Судянинг ўзи кўради. Шахснинг иштироки шартмас. Етарли асослар, етарли ҳужжатлар бўлса, суд алимент ундириш ҳақида буйруқ чиқаради. Буни суд ижрочиларига топширамиз”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз суд ходими.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Суд департаментининг ўзини таништирмаган расмийсига кўра, суд ижрочилари алимент тўловчини Россиядан топиб келиши мумкин.

“У Ўзбекистон фуқароси. Пропискаси Ўзбекистонда. Унга нисбатан қидирув эълон қилинади. Қидирув эълон қилгач, уйига хабар жўнатилади. Суд ижрочилари уни нима қилиб бўлса ҳам олиб келади. Суд ижрочиларининг ўзининг усуллари бор. Хатларни текшириш, пул жўнатмаларини текшириш. Бу каби усуллар кўп. Биз Россиядаги шахс манзилни аниқлаб, уни олиб келиш имконига эгамиз. Кейинги пайтда алимент тўлашдан қочиб Россияга кетганлар кўпаяпти. Лекин бу ҳолатда даъвогар томон ҳаражатларни кўтариши керак бўлади”, деди суҳбатдош.

Уч марта оила қурган эркакнинг алимент муаммолари

Озодликка мурожаат қилган бухоролик Шокир аканинг айтишича, у уч марта оила қурган бўлиб, ҳозирда аввалги иккита оиласидаги болалари учун алимент тўлаяпти.

“Мен аввалги икки оиламнинг ҳар биридан иккитадан болам бор. Ҳозир тўртта бола учун алимент тўлаяпман. Ўзимизга пул кам қолаяпти. Алимент миқдорини камайтириш имкони бормикин?”, дея сўради Шокир ака.

Тошкент шаҳар Юнусобод туман фуқаровий ишлар судининг ходимига кўра, бундай ҳолатда алимент миқдорини камайтириш мумкин.

“Битта оиласига умумий даромадининг учдан бир қисми, иккинчи оиласига ҳам учдан бир қисми тўланаяпти. Демак натижада даромаднинг учдан икки қисми алиментга кетаяпти. Лекин қонун бўйича ҳамма ундирилаётган алимент даромадининг ярмидан ортиб кетмаслиги керак. Шунақа пайтда у судга даъво бериши мумкин. 50 фоиздан ортиб кетса, судга мурожаат қилади. Суд аҳволини ўрганиб, ўшанга мутаносиб равишда камайтириб бериши мумкин”, деди суд ходими.

“Оила” кодексига кўра, алимент тўлаётган ота (она)нинг бошқа вояга етмаган болалари бўлса ва улар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиш ҳолати юзага келса алимент миқдорини камайтириш мумкин. Шунингдек, алимент тўлаётган ота (она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб қолса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлса, алимент миқдори суд томонидан камайтирилишии мумкин.

Алимент тўловчининг хорижга чиқишига тақиқ

Ўзбекистон қонунларига кўра, агар фуқаро алимент тўловчи бўлса, эр-хотин ўртасида бу борада бир муросага келинмаса, хорижга чиқиш учун тақиқ қўйилиши мумкин.

"Фуқаро чет элга уч ойга ёки доимий яшаш учун кетаётган бўлса, эр-хотин алимент тўлаш бўйича келишув тузиши лозим. Алимент миқдорининг бир йиллиги ёки икки йиллигини бирданига тўлаши мумкин. Имкони бўлса, боланинг 18 ёшга тўлгунича тўланадиган алимент миқдорини бирданига тўлаши мумкин. Алимент эвазига мол-мулк бериш ёки ўзаро бошқа бир усулда тўлашни келишиб олиши мумкин. Лекин келишув бўлмаса, судга мурожаат қилинади. Суд даъвогар томоннинг аризасига кўра, фуқаронинг хорижга чиқишига тақиқ қўйиши мумкин. Бундай тақиқ бўлса ОВИР визасини ҳам ололмайди. Умуман Ўзбекистондан чиқиши тақиқланади”, деди Тошкент шаҳар Бектемир туман фуқаровий ишлар бўйича судининг ходими.

Она учун ҳам алимент

Амалдаги қонунларга кўра, болалар она билан қолса ва ота алимент тўловчи бўлса, айрим ҳолларда боладан ташқари онага ҳам алимент тўланади.

Оила кодексига кўра, қуйидаги ҳолатларда онага алимент тўланиши мумкин:

1) Аёлнинг ҳомиладорлик пайтида
2) Бола туғилган кундан бошлаб, уч йил давомида
3) Бола ногирон бўлса, 18 ёшга тўлгунча
4) Она болаликдан 1-гуруҳ ногирони бўлса

Алимент тўламаганларга жазо

Ўзбекистон қонунларига кўра,алимент тўлашдан бўйин товлаган шахс жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Алимент уч ойдан ортиқ муддатда тўланмаса, Жиноят кодексининг 122-моддасига кўра, фуқаро жазога тортилади.

Бундай ҳолатда фуқаро энг кам иш ҳақининг 50 баробаригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши мумкин. Шунингдек, 6 ойгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин.

Фуқаро суд қарорига кўра бир марта жазоланиб, иккинчи бор яна алимент тўламаса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Алимент миқдори

Алимент ота (она)нинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларидан ундирилади.

Қонунга кўра, алимент миқдори алимент тўлаш мажбуриятига эга томон умумий даромадининг бир бола учун 25 фоизи, 2 бола учун 30 фоизи ва ундан кўп сонли болалар учун 50 фоизига қадар, деб белгиланган.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак.

Алимент фарзанд вояга етгунига қадар яъни 18 ёшга тўлгунича тўланади.

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG