Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:48

Россия президенти бўйдоққа айланишга қарор қилди


Владимир ва Людмила Путин.
Владимир ва Людмила Путин.

6 июн куни Россия Президенти Владимир Путин ва унинг рафиқаси Людмила Путина ажрашишаётгани ҳақида жамоатчиликка маълум қилишди. Бу баëнот Россия оммавий ахборот воситаларининг бош мавзусига айланди.

Кремл саройига “Эсмералда” балети намойишига келган эр-хотин Владимир ва Людмила Путиналар томоша тугаши билан журналистларга ажрашишга қарор қилишганини билдиришди.

“Россия24” телеканалига берган интервюсида Владимир Путин бундай қарор Людмила Путина билан биргаликда қабул қилинганини айтди:

- Бутун менинг фаолиятим, ишим мутлақо ошкора жамоатчилик кўз олдида. Кимгадир бу ёқади, кимгадир ёқмайди. Аммо бунга ҳеч ҳам кўника олмайдиган одамлар бўлади. Мана Людмила Александровна навбатчиликда 8 йил, ҳатто 9 йил турди. Шу сабабли, бу бизнинг умумий қароримиз, деди Владимир Путин.

Людмила Путина ҳам уларнинг оилавий ҳаёти “маданий ажрашиш” билан якунланганини тасдиқлади:

- Ҳақиқатан, турмушимиз бир-биримизни деярли кўрмаётганлигимиз туфайли ўз якунига етди. Владимир Владимирович батамом ўз ишига кўмилган, болаларимиз катта бўлиб қолди, улар ўз ҳаёти билан яшамоқда. Умуман олганда, иккимиз ҳам ўз ҳаётимиз билан яшамоқдамиз. Мен жамоатчилик назарида бўлишни ёқтирмайман, Биз доимо бир-биримизга яқин бўлиб қоламиз, деди Владимир Путинга мадади учун миннатдорчилик билдирган Людмила хоним.

Ҳозирча расман ажрашмаган Путинлар жамоатчилик олдига бир йилдан кўпроқ вақт давомида бирга кўриниш бермаган эди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков улар балет намойишига атайлаб бу янгиликни билдириш учун келмаганликлари, балки шунчаки журналистнинг саволига очиқ-ойдин жавоб берганликларини маълум қилди.

- Путиннинг шахсий ҳаётига оид маълумотлар фақат унга тегишли ва у ҳеч қачон буни жамоат олдида дастурхон қилмаган. Бу унинг принципи, бунга ҳаққи бор, шунинг учун келинглар¸ бунга ҳурмат билан муносабат билдирайлик, деди Дмитрий Песков.

Матбуот котиби ҳозирча Путинлар ажрашуви расман қайд этилмаганини илова қилди.

Людмила Путина-Шкребнева асли калининградлик. Путин билан танишганида у стюардесса бўлиб ишлаган.

Сўнгги йилларда тантанали маросимларда Владимир Путиннинг рафиқаси иштирокисиз якка пайдо бўлиши жамоатчилик орасида турли миш-миш туғдириб келаётган эди.

Россия раҳбари оиласи ҳақидаги бу янгилик ижтимоий тармоқларни жиддий тўлқинлантириб юборди ва маҳаллий ахборот воситаларининг бош янгилигига айланди.

Айни пайтда, Россия ва жаҳон оммавий ахборот воситалари ҳоли ажрашишга улгурмаган Владимир Путиннинг кимга уйланиши тўғрисида қизғин суҳбат бошлаб юборди.

Шу муносабат билан Путиннинг асли тошкентлик машҳур спортчи Алина Кабаева билан ишқий муносабатлари ҳақида бир неча йилдан буён вақти-вақти билан пайдо бўлиб турган миш-мишлар янгидан авж олди.

2008 йилда “Московский корреспондент” газетасида чиққан “Владимир Путин Алина Кабаевага уйланадими?” мақоласида “Питердаги манбалар”га таяниб Путин рафиқаси билан ажрашиб, Кабаевага уйланишга тайёргарлик кўраётгани тўғрисида хабар тарқатилган эди.

Айрим оммавий ахборот воситалари Кабаеванинг Путиндан ўғил кўргани тўғрисида ҳам хабар берган эди.

Путинлар оиласидаги ажралиш хориж матбуоти диққатини ҳам ўзига тортмоқда. Хусусан¸ The New York Times “Эндиги масала ажралишда эмас, “у яна уйланадими”да”, деб ёзди.

Кузатувчилар Россияни бошқараётганида ажрашиб кетган сўнгги ҳоким Пётр I бўлганини эслатмоқда.

Владимир Путин ва Людмила Шкребнева никоҳи қарийб 30 йил давом этди: улар 1983 йил 28 июлда турмуш қуришган. Жуфтликнинг Мария ва Екатерина исмлик 27¸ 26 яшар қизлари бор.
XS
SM
MD
LG