Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:50

Олтин конига ўғриликка тушганларни тош босиб қолди


Урганчда кучли иссиқ туфайли бир неча йўловчи самолётдан тушириб қолдирилди. Навоий аэропортида телефонидан порнографик видео топилган фуқаролар жазоланмоқда. Тошкентда калтакланган боғча ходимаси товон пул ололмаяпти. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.


“Аскиячи-тадбиркор шаҳар ҳокимидан ҳаққини ундирди”

Фарғоналик тадбиркор, айни пайтда, аскиячи сифатида танилган Муҳаммадсидиқ Шераев Фарғона шаҳар ҳокимидан уриб қолинган ҳаққини ундирди (“Инсон ва қонун”, 2 июл). Фарғона шаҳрини қайта қуриш лойиҳаси доирасида шаҳарнинг Деҳқон кўчасида жойлашган “Муҳаммадсидиқ аскияси” хусусий корхонасига қарашли қаҳвахона ва дам олиш жойи бузилган. Бунинг эвазига шаҳардаги “Олмос” савдо дўкони корхона балансига ўтказилган. Қаҳвахона ва дам олиш жойи 157,4 миллион сўмга, савдо дўкони эса 127 миллион сўмга баҳоланган. Аммо мулклар қийматидаги тафовут – 30,3 миллион сўм тўлаб берилмаган. Вилоят адлия идораси вакили Равшанжон Қирғизовга кўра, адлия аралашуви билан тадбиркорнинг бузилгани ҳуқуқи тикланган.


“Қорақўтон” конида икки киши тош остида қолди”

Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли “Қорақўтон” конида икки кишини тош босиб қолди (“Ҳуқуқ”, 4 июл). Тафсилотларга қараганда, Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи Қувончбек Жумаев беш нафар шериги билан конга ўғриликка кирган. Маъданли тошларни кавлаб олаётганларида, устларига тоғ жинслари қулаб тушган. Натижада, Жумаев ва унинг 3 нафар шериги жароҳатланган, икки нафар шериги эса тош остида қолиб нобуд бўлган. Хабарга кўра, пахтачилик яна бошқа беш кишилик гуруҳ ҳам “Қорақўтон” конидаги олтин маъданли тошларни ўғирлаётганда қўлга олинган.

“Четдан порнографик видео олиб кирганлар жаримага тортилмоқда”

Навоий халқаро аэропортида Москвадан учиб келган ғиждувонлик Аминжон Тешаевнинг қўл телефонидан беҳаё видеотасвирлар топилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасини бузишда айбланган Тешаев 795,5 минг сўм жаримага тортилган (“Истеъмолчи”, 4 июл). Россиядан қайтиб келаётган самарқандлик Санъатжон Муҳаммадиев, бухоролик Фаррух Яхшиев ҳам қўл телефонидаги беҳаё видеоматериаллар орқасидан жазоланди. Навоий вилояти божхона бошқармаси майори Фозилжон Шомуродовга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Навоий халқаро аэропортида бу каби 35 та қонун бузилиши аниқланган.

“Наманганда ерга пиёз ва қулупнай эккан фермерларга иш очилди”

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги 63 та фермер хўжалигига ердан ўзбошимчалик билан фойдаланиш айби билан иш очилди (“Диёнат”, 4 июл). Туман прокурори Фозилжон Ориповга кўра, 63 нафар фермер хўжалиги раҳбари пахта ва ғалла экилиши режалаштирилган 102,8 гектар майдонга пиёз, қулупнай ва полиз экинларини экиб, ердан хўжасизларча фойдаланган. Туман прокуратураси иш қўзғаган фермер хўжаликлари орасида “Абдулазиз Абдуллажон Шуҳрат”, “Зуҳриддин агро сервис”, “Тараққиёт плюс омад”, “Тараққиёт пойдевори-2005” каби хўжаликлар қайд этилган. “Яратиб берилаётган шарт-шароитларни суиистеъмол қилиш, ерга хиёнат, элга хиёнат асло кечирилмайди” деб ҳисоблайди туман прокурори Тоиров.

“Урганчда кучли иссиқ туфайли бир неча йўловчи самолётдан тушириб қолдирилди”

Урганч аэропортида Урганч-Тошкент йўналиши бўйича учиши керак бўлган бир неча йўловчи самолётдан тушириб қолдирилди (“Даракчи”, 4 июл). Воқеа жорий йилнинг 25 июнида рўй берган. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига кўра, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шундай қарорга келинган. +40 даража иссиқ об-ҳаво шароитида йўловчилар билан тўла самолётнинг двигателлари қизиб кетиши мумкин экан. Шунинг учун гарчи қўлида чиптаси бўлса ҳам, бир неча йўловчини рейсдан тушириб қолдиришга тўғри келган. Хабарга кўра, йўловчиларга кейинги рейсда учиш таклиф қилинган ёки чипта пули қайтариб берилган.

“Автосалонлардан қачон навбатсиз машина олиш мумкин?”

Ўзбекистондаги автосалонларда навбатсиз машина олиш ҳамон имконсиз бўлиб қолмоқда (“Новый век”, 4 июл). Тошкентдаги “Тошкент ДЭУ” автосалонига мурожаат қилган фуқаро Муслим Мамедовга 2013 йил учун сотув лимити тугагани, август ойида 2014 йил учун машина тақсимланиши маълум қилинган. Нисбатан арзон нархдаги машинани сотиб олишни ният қилган фуқаро Сирдарёда ва Андижондаги автосалондан ҳам қуруқ қўл билан қайтган. “Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган машиналарни автосалонлардан сотиб олишдаги кутишлар ўтмиш даврни эсга солади. “Жигули” ёки “Москвич” машиналарини харид қилиш учун йиллаб кутишга тўғри келарди. Бугун ҳам ўша ҳолат такрорланмоқда – автосалонларда машина топилмайди” деб ёзади М.Мамедов.

“Калтакланган боғча ходимаси товон пули ололмаяпти”

Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги 573-мактабгача таълим муассасаси ходимаси Марғуба Ҳусаинова бир ярим йилдан буён компенсация пулини ололмаяпти. “Даракчи” газетасининг ёзишича, 2012 йилнинг 6 февралига ўтар кечаси 573-боғчага босқинчилар ҳужум қилган. Босқинчилик пайти тунги навбатчиликда турган Марғуба Ҳусаинова оғир жароҳатланган ва тиббий хулосага кўра, меҳнат қобилиятини 60 фоизга йўқотган. Аммо ходиманинг товон пули ажратиш ҳақидаги аризалари ҳозирча натижасиз қолмоқда.

“Эски паспорт билан хорижга чиқса бўладими?”

Ҳуқуқшунос А. Ҳусанов тошкентлик ўқувчининг “Эски намунадаги паспортимнинг амал қилиш муддати чегараланмаган. Хорижга чиқиш учун уни алиштиришим шартми?” деган саволига аниқлик киритди (“Адолат кўзгуси”, 4 июл). Қайд этилишича, эски намунадаги паспортлар 2015 йилнинг 31 декабригача амал қилади. Агар паспортга хорижга чиқиш учун амал қилиш муддати ҳали тугамаган рухсат муҳри босилган бўлса, фуқаро хорижга эски паспорт билан ҳам тўсиқсиз чиқиши мумкин. Агар рухсат ёзуви бўлмаса ёки унинг муддати ўтган бўлса, бундай ёзув қўйилиши учун эски намунадаги паспортни биометрик паспортга алиштириш лозим бўлади. “Гап шундаки, хорижий давлатларнинг элчихоналари унда хорижга чиқиш учун амалдаги рухсат ёзуви мавжуд бўлгандагина паспортга виза қўяди” дея вазиятга аниқлик киритади ҳуқуқшунос.

“Африка лаққаси Зангиотага тез ўрганди”

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги “Туркистон Улуғбек бизнес” масъулияти чекланган жамиятида Африканинг лаққа балиғи кўпайтирилмоқда (“XXI аср”, 4 июл). 2012 йилнинг декабридан Африка лаққасининг 400 дона чавақчаси олиб келинган. Олти ойда балиқнинг ҳар бири вазни 3 килограммдан ошган. “Агар ўзимиздаги балиқлар орасида дўнгпешонанинг вазни бир йилда 1,5 килограмм тош босишини ҳисобга олсак, ҳақиқатан ҳам, сувсизликка чидамли, яъни қирғоқда ҳатто 47 соатгача яшай оладиган, озуқа танламас, бироқ гўшти ширин, қилтаноқсиз, вазни 60 килограммгача етадиган Африка лаққаси Зангиотага тез ўрганибди” деб ёзади газета.
XS
SM
MD
LG